Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 24 / Расмий ҳужжатлар

«Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 3 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудида вақтинча турган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳамда халқаро шартномаларида белгиланган имтиёзларига ва иммунитетларига дахл қилмайди.

2-модда. Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунчилик

Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

фуқаролиги бўлмаган шахс – Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс;

чет эл фуқароси – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс;

чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси (бундан буён матнда идентификацияловчи карта деб юритилади) – идентификацияловчи карта эгасининг шахсини ва фуқаролигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсга доир биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон жисмни (чипни) ўз ичига олган ҳужжат;

ҳаракатланиш ҳужжатлари – миллий паспортлар, шунингдек уларнинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатлар бўлиб, улар асосида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш (ундан чиқиш) ва унинг ҳудудида бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.

4-модда. Икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига эга бўлган чет эл фуқаролари

Икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига эга бўлган чет эл фуқаролари қайси давлат фуқаролигига мансублиги тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига кирган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ўша давлатнинг фуқаролари ҳисобланади.

5-модда. Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати асослари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг қонуни олдида тенгдирлар.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча туриш тартиби

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз танловига кўра ўзининг амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича жойлаштириш жойларида ёки бошқа уй-жой майдонида, шунингдек даволаш муассасаларида вақтинча яшаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш тартиби

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қонунчиликда белгиланадиган тартибда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олинган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи картаси берилади.

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга идентификацияловчи карталарни расмийлаштириш ҳамда бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

8-модда. Сиёсий бошпана бериш

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари асосида, ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ берилади.

Сиёсий бошпана ўз фуқаролиги бўйича мансуб бўлган мамлакатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинишдан ёки таъқибнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишларининг бошқа ҳолларидан бошпана ва ҳимоя излаётган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига берилади.

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

 

2-БОБ. ИДЕНТИФИКАЦИЯЛОВЧИ КАРТАНИ БЕРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ

9-модда. Идентификацияловчи картани бериш

Идентификацияловчи карта:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга – улар ўн олти ёшга тўлганида ёки ота-онасининг, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилган пайтидан эътиборан ва ўн олти ёшга тўлгунига қадар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш учун рухсатнома олган шахсларга, шу жумладан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилмаган ёки «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахсларга;

қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулк сотиб олган чет эл фуқароларига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган шартлар асосида инвестициялар киритган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шу жумладан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг муассисларига (иштирокчиларига), шунингдек уларнинг оила аъзоларига;

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади.

10-модда. Идентификацияловчи картанинг амал қилиш муддати

Идентификацияловчи карта қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

янги туғилган бир ёшгача бўлган болаларга – икки йилга;

бир ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларга – беш йилга;

ўн олти ёшдан олтмиш ёшгача бўлган шахсларга – беш йилга;

олтмиш ёшдан ошган шахсларга – ўн йилга.

Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтказилган фуқароларига идентификацияловчи карта уларнинг миллий паспортларининг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга берилади.

Ушбу Қонун 9-моддасининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига идентификацияловчи карта ўн йил муддатга, бироқ ўз ҳаракатланиш ҳужжатларининг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга берилади.

11-модда. Идентификацияловчи картани бекор қилиш

Идентификацияловчи карта қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетганда;

чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиқиб кетганда, агар улар уч йилдан кейин узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш жойига қайтмаган бўлса;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиқиб кетган фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугагунига қадар узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги ўз доимий яшаш жойига қайтмаганда, ҳаракатланиш ҳужжатини узрли сабабларсиз хорижда алмаштирмаганда ёхуд уни алмаштиришни рад этганда. Касаллик, яшаб турилган мамлакатда консуллик муассасаси мавжуд эмаслиги ва фуқарога боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар узрли сабаблар ҳисобланади;

идентификацияловчи картани бекор қилиш тўғрисида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс шахсан мурожаат қилганда ёхуд нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахс мурожаат қилганда ёки хориждаги тегишли органларнинг сўровига кўра;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарига маъмурий тарзда чиқариб юборилганда;

суднинг қарорига асосан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бедарак йўқолган деб эълон қилинганда;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этганда – фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг шахснинг ўлими ҳақидаги гувоҳномаси ёки маълумотномаси асосида;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қабул қилинганда;

чет эл фуқароси ўз миллий паспортининг амал қилиш муддати тугагандан кейин олти ой ичида уни алмаштирмаганда ёки ўз мамлакатининг фуқаролигидан чиққанлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этмаганда;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг илтимосномаси асосида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан доимий яшаш учун рухсатнома олинганда – ушбу органлар ва ташкилотларнинг билдиришномаси асосида;

идентификацияловчи картани олиш чоғида шахс томонидан ўзи ёки ўз қариндошлари ҳақида ёлғон маълумотлар, шунингдек қалбакилаштирилган ва сохта ҳужжатлар тақдим этилганда.

 

3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ

12-модда. Эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан фақат Ўзбекистон Республикасининг қонунлари асосида процессуал мажбурлов ва маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда ушлаб турилган ёки қамоққа олинган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ҳамда ушлаб турилишига ёхуд қамоққа олинишига сабаб бўлган ҳолатлар тўғрисида хабар қилиниши керак.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг рухсатномалари асосида ҳаракатланиш амалга ошириладиган чегара зоналарида ҳамда чегара чизиқларида чекланиши мумкин.

Чегараолди ҳудудлар аҳолисининг ўзаро сафарлари қоидаларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан белгиланган ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикасига кириб келган чет эл фуқаролари ҳаракатланишининг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.

14-модда. Мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлар

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда мулк ҳуқуқидан фойдаланади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ва халқаро шартномаларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш ёки васият қилиш, шунингдек бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

15-модда. Меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади.

Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ муайян лавозимларга тайинланиш ёки муайян меҳнат фаолияти тури билан шуғулланиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублик билан боғлиқ бўлса, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу лавозимларга тайинланиши, сайланиши ёки муайян меҳнат фаолияти тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

16-модда. Ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ижтимоий таъминоти тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

17-модда. Соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқ

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқдан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.

18-модда. Таълим олиш ҳуқуқи

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида таълим олишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.

19-модда. Никоҳ тузилганлигини (никоҳдан ажратилганликни) қайд этишга ва оилавий муносабатларга доир ҳуқуқ

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида никоҳ тузилганлигини қайд этишга доир ҳуқуққа эга.

Чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳи тузилганлигини қайд этиш ҳамда чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида, шунингдек чет эл фуқаролари ва (ёки) фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида никоҳ тузилганлигини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда ҳуқуқлардан фойдаланади ва уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳдан, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

20-модда. Маданий фаолият соҳасида иштирок этиш

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маданий фаолият соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида мажбуриятлар бўлади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз она тилидан фойдаланиш, шунингдек, миллий маданияти ва анъаналарини ривожлантириш ҳуқуқига эгадир.

21-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида иштирок этиш

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, иштирокчилари (аъзолари) бўлиши мумкин, бундан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно.

22-модда. Мурожаат қилиш ҳуқуқи

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг давлат органларига, ташкилотларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этадиган маълумотларни ўз ичига олмаса, шунингдек улар билан танишиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлайди.

23-модда. Давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

24-модда. Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси сайловларида ҳамда референдумида иштирок этишини чеклаш

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловларида сайловчилар сифатида иштирок этиши мумкин эмас, давлат ҳокимияти органларига сайланиши (тайинланиши) мумкин эмас, Ўзбекистон Республикасининг референдумида, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

25-модда. Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мажбуриятлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар:

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига риоя этиши;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши;

Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаши;

атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши шарт.

26-модда. Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг умумий ҳарбий мажбуриятга алоқадорлиги

Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

27-модда. Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга солиқ солиш

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган солиқларни ва унда назарда тутилган йиғимларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ тўлайди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.

 

4-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА КИРИШИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН ЧИҚИШИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИ ОРҚАЛИ ТРАНЗИТ ЎТИШИ

28-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш

Чет эл фуқаролари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича, Ўзбекистон Республикаси томонидан виза режими ўрнатилган мамлакатлар учун эса Ўзбекистон Республикасининг амалдаги кириш визалари (шу жумладан электрон визалар) мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикасига кириши мумкин.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги кириш визалари мавжуд бўлган тақдирда амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича Ўзбекистон Республикасига кириши мумкин, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно.

Ушбу Қонун 9-моддасининг олтинчи хатбошисига биноан ўзига идентификацияловчи карта берилган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ёки унинг ҳудуди орқали транзит ўтиш учун визалар, бундан электрон визалар мустасно:

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари (бундан буён матнда консуллик муассасалари деб юритилади) томонидан, бундай консуллик муассасалари мавжуд бўлмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама битимлари мавжуд бўлган бошқа давлатларнинг консуллик муассасалари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропорт мақомига эга бўлган аэропортларидаги бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади ва берилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун визалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик муассасалари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропорт мақомига эга бўлган аэропортларидаги бўлинмалари томонидан чет эл фуқароларининг барча тоифаларига берилади.

Алоҳида ҳолларда (фавқулодда вазиятларда, давлат ташрифларини ёки расмий ташрифларни, йирик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий, гуманитар ва спорт тадбирларини ўтказиш, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарлари бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун визалар бериш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, қабул қилинган қарор тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини бир сутка ичида хабардор қилади.

Фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилмаган ҳолда тегишли электрон тизим орқали Ўзбекистон Республикасининг электрон визасини расмийлаштириши ва олиши мумкин.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартиби, уларга визалар бериш ҳамда уларнинг амал қилиш муддатларига оид ушбу Қонун билан тартибга солинмайдиган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тенглик асосида тузилган халқаро шартномаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида белгиланиши мумкин.

29-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришни рад этиш асослари

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

давлат хавфсизлигини ёки жамоат тартиби муҳофаза қилинишини таъминлаш манфаатларини кўзлаб;

агар шахс халқаро ва хорижий террорчилик, экстремистик ҳамда бошқа жиноий ташкилотлар фаолиятига алоқадор бўлса;

агар шахс ўзи ҳақида била туриб сохта маълумотлар берган бўлса, қалбаки ҳужжатларни тақдим этган бўлса ёки зарур ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса;

агар шахс илгари Ўзбекистон Республикасида бўлган вақтида жиноят содир этганликда айбдор деб топилган ва суднинг ҳукми билан жазога тортилган бўлса;

агар шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ҳуқуқи муайян муддатга чекланган ва бу муддат ҳали тугамаган бўлса;

агар шахс касал бўлса ёки унинг соғлиғида фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғи учун таҳдид туғдирадиган бузилишлар бўлса ҳамда тегишли касаллик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатда кўрсатилган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун виза беришни рад этиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришни рад этиш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун визани бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилган органлар бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, уларнинг қариндошлари ва вакилларини бундай қарорлар қабул қилинишининг асослари тўғрисида хабардор қилиши шарт эмас.

30-модда. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасидан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги чиқиш визалари мавжуд бўлган тақдирда, амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича чиқиб кетади.

Чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга амал қилиш муддати тугаган миллий паспорт билан, визасиз ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишга қуйидаги ҳолларда рухсат берилади, агар:

чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига маъмурий тарзда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор асосида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс чиқариб юборилаётган ёки жиноий жавобгарликка тортилган бўлса (миллий паспортига чиқариб юбориш тўғрисида қўйилган қайд асосида);

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахслар Ўзбекистон Республикасига муайян муддатга визасиз, электрон, туристик, ҳайдовчилик ва транзит визаси билан келган бўлиб, шу муддат ичида улар бахтсиз ҳодиса (жароҳат ёки бошқа оғир касаллик) оқибатида тиббиёт муассасасига жойлаштирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кета олмаган бўлса (тиббиёт муассасасининг хулосаси асосида);

эпидемия (пандемия) муносабати билан карантин жорий этилган ҳудудда вақтинча туриш муддати тугаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс карантин даври тугаганидан кейин ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этаётган бўлса;

ҳайдовчи бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудига автотранспорт воситасида кириб келган бўлса ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси ёки автотранспорт воситаси бузилганлиги сабабли (ушбу вазиятни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан белгиланган муддатда чиқиб кетиш имконига эга бўлмаган бўлса;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазият, шу жумладан маиший хусусиятга эга офат (турар жойлар ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ёнғини, қулаши, транспорт воситаси ёниб кетиши) натижасида ўзининг айбисиз жабрланган бўлса (мазкур ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат асосида).

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида ички ишлар органларининг қайди мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикасидан ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича чиқиб кетади.

31-модда. Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш учун асослар

Чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қуйидаги ҳолларда рухсат берилмайди, агар:

унинг чиқиб кетиши давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатларига зид бўлса, чиқишга монелик қилувчи ҳолатларнинг амал қилиши тугагунига қадар;

шахсга нисбатан унинг доимий яшаш учун чет элга чиқишига монелик қилувчи шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса, ушбу мажбуриятлар тугагунига қадар;

шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса, ушбу жиноий иш бўйича иш юритиш тугагач иш юзасидан процессуал қарор қабул қилингунига қадар;

шахс жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса, жазони ўтаб бўлгунига ёки жазодан озод этилгунига қадар;

шахс ўз зиммасига суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган бўлса, мажбуриятларни бажариш тугагунига қадар;

шахс чиқиш ҳужжатларини олиш чоғида ўзи ҳақида била туриб сохта маълумотларни берган бўлса, ҳолатлар аниқлаштирилгунига қадар;

судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилган бўлса, суд томонидан қарор қабул қилингунига ва у ижро этилгунига қадар.

Ўзбекистон Республикасидан чиқишни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилган органлар чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, уларнинг қариндошларини бундай қарорлар қабул қилинишининг асослари тўғрисида хабардор қилади.

32-модда. Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиши

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтувчи, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига киришига ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чиқишига транзит визалар мавжуд бўлган тақдирда амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит визасиз транзит ўтиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаво, темир йўл, автомобиль ва сув транспорти билан транзит ўтишига бориладиган мамлакатга кириш учун ҳақиқий ҳисобланган ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги бошқа транспортга ўтиш пунктидан жўнаб кетиш санаси тасдиқланган тегишли ҳаракатланиш ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикасининг транзит визасига эга бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтувчи, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктига транзит ўтиш қоидаларига риоя этган ҳолда, белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транзит визасида кўрсатилган муддат ичида тўхташи керак.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

33-модда. Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида туриши ҳамда транзит ҳаракатланишини назорат қилиш

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида туриши ҳамда транзит ҳаракатланишини назорат қилиш ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

 

5-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

34-модда. Ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноятлар, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан умумий асосларда жавобгарликка тортилади, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно.

Ўзбекистон Республикасида вақтинча ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар туриш қоидаларини бузганлик ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда маъмурий тарзда чиқариб юбориш қўлланилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилиши, шунингдек уларнинг туриш муддати қисқартирилиши ҳам мумкин.

Ўн саккиз ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида туриш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

35-модда. Ўзбекистон Республикасидан ташқарига маъмурий тарзда чиқариб юбориш

Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар туриш қоидаларини бузганлик, яъни ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар бўйича яшаш, доимий яшайдиган ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг, ҳаракатланишнинг ёки яшаш жойини танлашнинг белгиланган тартибига риоя этмаганлик, туриш муддати тугаганидан кейин чиқиб кетишдан бўйин товлаганлик, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш қоидаларига риоя этмаганлик, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган ҳамда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган жинояти учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этиб бўлганидан ёки ўтаб бўлганидан ёхуд Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилганидан кейин Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилиб, кейинчалик уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи чекланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига киришини чеклаш муддати ҳамда тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланади.

Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш муддати улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган (Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтган) пайтдан эътиборан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида туриш қоидаларини бузган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасидан ташқарига мажбурий равишда чиқариб юборилган тақдирда, улар муддати ўтган ҳаракатланиш ҳужжатлари ёки визалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ваколатли органлар ходимларининг ҳамроҳлигида ўтказиб юборилиши мумкин.

Хизмат, шахсий, савдо ёки жамоат ишлари бўйича, ўқиш, малака ошириш, ишлаш учун ёки турист сифатида келган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш харажатлари уларни таклиф этаётган ҳамда қабул қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг зиммасида бўлади. Бошқа чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни чиқариб юбориш харажатлари ички ишлар органларининг зиммасида бўлади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган виза улар Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилаётганда бекор қилинади.

Агар ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ота-онасидан бири ёхуд ҳомийси ёки васийси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу шахсларни Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасида туриш қоидаларини бузганда, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар бўйича яшаганда, вақтинча турган ёки доимий яшайдиган жойи бўйича рўйхатга олишнинг, ҳаракатланишнинг ёки яшаш жойини танлашнинг белгиланган тартибига риоя этмаганда, туриш муддати тугаганидан кейин чиқиб кетишдан бўйин товлаганда, худди шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит ўтиш қоидаларига риоя этмаганда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган жинояти учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этиб бўлганда ёки ўтаб бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилганда.

Чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

36-модда. Ўзбекистон Республикасида туриш муддатини қисқартириш

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида туриш қоидаларини бузадиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида туриш муддати Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда қисқартирилиши мумкин.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида туриш муддати юридик шахслар ёки таълим ташкилотлари билан шартномавий муносабатлар тугатилганда уларнинг илтимосномалари асосида ҳамда таклиф қилаётган жисмоний ёки юридик шахсларнинг аризасига кўра ҳам қисқартирилиши мумкин.

 

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

37-модда. Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

38-модда. Реторсия

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларига махсус чекловлар бўлган давлатлар фуқароларининг ҳуқуқларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси томонидан жавоб тариқасида чекловлар белгиланиши мумкин.

39-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

40-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

41-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мазкур Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган яшаш гувоҳномаси қонунчиликда назарда тутилган тартибда бекор қилингунига ёки идентификацияловчи картага алмаштирилгунига қадар ҳақиқий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 4 июнь

ЎРҚ-692-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.06.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 743 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика