Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бўлими тезкор ходимлари олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан, ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Мирзаобод тумани ҳудудида тиббий дори воситалари ноқонуний айланувининг олдини олишди.
Олдиндан тезкор кузатувга олинган Қарши-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган А.Ф. бошқарувидаги «Кобальт» автомобили Мирзаобод тумани ҳудудида вилоят ИИБ ЙПХ ходимлари иштирокида тўхтатилди. Машина салони холислар иштирокида кўздан кечирилганда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 580 қутига жойланган умумий қийматда 87 000 000 сўмлик «Витал Вит К1» номли дори воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Бошқа ҳолатда олдиндан тезкор кузатувга олинган Наманган-Қарши йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароси Т.О. бошқарувидаги «ISUZU» автотранспорт воситаси Сайхунобод тумани ҳудудига киришда жойлашган «Сайхун» ИИБ ЙПХ масканида вилоят ИИБ ЙПХ ходимлари иштирокида тўхтатилди. Автотранспортнинг юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган, шунингдек, тиббий дори воситаларини ташиш талабларига риоя қилинмаган ҳолда олиб ўтилаётган 83 турдаги жами 5 722 қутиларда жойланган қарийб 341 750 000 сўмлик дори воситалари йўлига ғов бўлинди. Контрафакт товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари бошлаб юборилган.
Сурхондарё ва Сирдарё вилояти божхона бошқармалари ахборот хизматлари.