Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 19 / Божхона

Товар кодини ТИФ ТН коди бўйича аниқлаймиз

 

Бизга Россиядаги етказиб берувчи заводдан техника келтиришлари керак. Бир неча йил олдин биз бошқа россиялик ­дистрибью­тордан худди шундай техникани сотиб олган эдик. Уларнинг ҳужжатларида ТИФ ТН коди кўрсатилган эди. Ҳозир мунозарали савол туғилмоқда: декларантнинг айтишича, Ўзбекистон ТИФ ТН кодига мувофиқ бундай товарнинг охирги белгиларида бошқа рақамлар бўлади. Агар биз нотўғри таснифласак, жарималар қўлланилиши мумкин. Лекин бизда Россия билан  божсиз савдо зонаси мавжуд-ку, демак кодларимиз ҳам ягона бўлиши керак.

Бу ўринда қандай йўл тутайлик? 

 

– Бугунги кунда асбоб-ускуналар ва турли техникаларни импорт қилаётган фирмалар жуда кўп. Баъзида олиб кирилаётган товарни таснифлаш ва ТИФ ТН кодини белгилаш жуда мушкул бўлади. Мутахассислар бу борада йўл қўйилган бир қарашда арзимагандек бўлиб туюлган хатолик ТИФ иштирокчиси учун катта муаммога айланиши, кейин ушбу муаммони ҳал қилиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфланиши мумкинлигини билишади.

Товарлар декларациядан ўтказилаётганда таснифланиши лозим (БК 369-м.). Божхона тўловлари ставкалари, нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш, турли хил назорат органларидан рухсатномаларни олиш товар кодига боғлиқдир. Кодни мустақил белгилаш учун Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасидан (ТИФ ТН) фойдаланилади. Унинг матни ДБҚнинг қуйидаги сайтида келтирилган: https://customs.uz/ru/lists/view/124.

Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПҚ-3448-сон қарори билан 2018 йилнинг 1 январидан Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган янги тизими негизида ишлаб чиқилган 2017 йилги версиядаги ЎзР ТИФ ТН амалга киритилди. Бу кодлар, ҳар ҳолда дастлабки 6 та белги аксарият мамлакатларда бир хил бўлиши лозимлигини англатади. Шунинг учун импорт қилиш чоғида хорижий шерикдан муайян товар қайси код билан экспортга жўнатилаётганлиги хусусида маслаҳатлашиб олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Балки улар бу борада экспертизани ўтказиб бўлишган ҳамдир. Мазкур масала билан божхона брокерига ҳам мурожаат қилса бўлади.

 

Маълумот учун. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (30.12.2017 йилдаги 1042-сон) билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2017 йилги версияси амалга киритилиши муносабати билан таснифлаш кодлари ўзгарган товарларнинг рўйхати тасдиқланган.

 

Нафақат товар позицияларининг тавсифига (матнига), балки ТИФ ТНни талқин қилишнинг асосий қоидалари ҳамда товарларнинг бўлим ва гуруҳларига берилган изоҳларга ҳам эътиборни қаратиш лозим бўлади.

Товарларни таснифлаш қуйидагиларга мувофиқ амалга оширилади:

● ЎзР ТИФ ТНни талқин қилишнинг асосий қоидаларига;

● таснифлашнинг ҳар қандай даражасидаги кичик субпозицияларга доир изоҳларга.

Товарларни таснифлашда Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига, МДҲ ТИФ ТНга ва ЎзР ТИФ ТНга доир тушунтиришлар товар кодини унинг хусусиятлари бўйича аниқлаштириш имконини берадиган қўшимча материал сифатида қўлланилади. ЎзР ТИФ ТНнинг бир хил талқин этилишини таъминлаш мақсадида божхона органи айрим турдаги товарларни таснифлаш бўйича қарорни чоп этади.

Божхона расмийлаштирувида товарлар нотўғри таснифланганлиги аниқланган тақдирда божхона органи товарларни таснифлашни мустақил амалга оширади ва уларнинг таснифи бўйича қарор қабул қилади. Божхона органларининг товарларни божхона мақсадларида таснифлаш бўйича қарорлари мажбурийдир. Божхона органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин (БК 369-м.).

 

Маълумот учун. Агар бу божхона тўловларини тўлашдан озод этиш ёки улар миқдорини камайтиришга асос бўлса, товарлар декларацияланаётганида нотўғри маълумотлар маълум қилинганлиги учун қонунчиликда жиддий маъмурий жавобгарлик назарда тутилганлигини унутмаслик керак.

 

ДБҚга товарни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилиш учун расмий сўровни бериш орқали товар кодини аниқлаш энг ишончли усул ҳисобланса ажаб эмас.

Божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ товар божхона органига тақдим этилгунга қадар дастлабки қарор қабул қилиши мумкин. Бу қарор божхона органлари учун мажбурийдир (БК 370-м.).

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор, агар у ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган бўлмаса, қабул қилинган кунидан эътиборан бир йил ичида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, дастлабки қарор ўз кучини йўқотади, бу манфаатдор шахснинг янги дастлабки қарор бериш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди (БК 372-м.).

 

Сўровни бериш

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги сўровда товарларнинг тўлиқ тижорат номи, фирма номи, асосий техник, тижорат тавсифлари ва товарни бир маънода таснифлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, маҳсулотнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ҳамда ушбу дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилади.

Юридик шахсдан келиб тушадиган сўров ташкилот раҳбари томонидан Ф.И.О. ва лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланган ҳамда ташкилот жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Жисмоний шахсдан келиб тушадиган сўров ушбу шахс томонидан имзоланган ва унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан 20 кун ичида кўриб чиқилади.

Аризачи томонидан маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш учун тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган тақдирда, божхона органи дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида божхона органига ариза берилган кундан эътиборан 20 календарь кун ичида қўшимча маълумотларни, ҳужжатларни ва материалларни бериш зарурлиги тўғрисида аризачини хабардор қилади. Бунда айнан қандай қўшимча маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилиши шарт. Улар аризачи хабардор қилинган кундан эътиборан 60 календарь кун ичида тақдим этилиши лозим. Агар маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар белгиланган муддатда тақдим этилмаган бўлса, товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқмасдан қолдирилади.

ЎзР ТИФ ТН бўйича товарнинг кодини аниқлаш борасида низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда ва уларни ҳал этиш қийин бўлганда, божхона органи товарларнинг намуналарини ёки нусхаларини ҳамда тегишли ҳужжатларни Умумжаҳон божхона ташкилотига тегишли текширишлар ёки синовлар ўтказиш учун юбориши мумкин. Бунда товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор божхона органи томонидан ўз сўровига жавоб олинганидан кейин қабул қилинади.

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида аризачини товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак. Сўровнинг рад этилиши уни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда аризачининг дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди (БК 371-м.).

 

Маълумот учун. Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилиши керак, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно (БК 374-м.).

 

Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун 75% миқдорида БҲМ ҳажмида божхона йиғими назарда тутилган. Бунда дастлабки қарор бекор қилинган, ўзгартирилган ёки қайтариб олган тақдирда уни қабул қилганлик учун тўлов қайтарилмайди (Ставкаларга 7-изоҳнинг 6-б., 9.11.2020 йилдаги 700-сон ВМҚга 1-илова).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 970 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика