Norma.uz

Бадални оширишди. Қарзлар қандай тўланади?

 

3 йил олдин кўп квартирали уйда яшовчилар ККУни юридик шахсни ташкил этмасдан бевосита жойлар мулкдорлари томонидан бошқарилишига ўтишди. 2019 йилнинг июлидаги умумий йиғилишда мол-мулкни сақлаб туришга мажбурий бадаллар миқдорини ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарздорлиги бор яшовчиларга уни эски тариф бўйича 2019 йилнинг 1 августига қадар сўндириш имконияти берилди. Аммо айрим мулкдорлар қарздорликни сўндирмадилар ва эндиликда уни бадаллар оширилгунга қадар амалда бўлган тариф бўйича сўндиришни талаб қилишмоқда.

Умумий йиғилишнинг қарори барча мулкдорлар, шу жумладан овоз беришда қатнашмаган ёки қарорга қарши чиққанлар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланадими?

Қарздорларнинг қарзни бадаллар оширилгунга қадар амалда бўлган тариф бўйича сўндиришни талаб қилишларига имкон берувчи ҳужжатлар мавжудми?

 

– Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши юқори бошқарув органидир. Умумий йиғилиш қарори барча жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаганлар ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида» Қонуннинг 20, 21-моддалари).

Умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар оширилганда қарздорликни қайси тарифлар (янгими ёки эски) бўйича сўндириш кераклигини тўғридан-тўғри тартибга солувчи ҳужжатнинг ўзи мавжуд эмас. Масала ККУда турар жой мулкдорлари томонидан қарорлар қабул қилинишини тартибга солувчи қонунчилик нормаларидан келиб чиқиб ҳал қилиниши лозим.

Масалани ҳал этишнинг ёндашуви қуйидагича: ККУнинг юқори бошқарув органи жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ҳисобланади. Унинг қарори барча мулкдорлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир. Умумий мол-мулкни сақлашга бадал ўз номи билан мажбурий деб аталади ва уни тўлаш ҳам мажбурийдир. Кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўлайди (Уй-жой кодексининг 134-м.). Бадалнинг миқдори ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметаси асосида ҳисоблаб чиқарилади. Бадалларни ўз вақтида киритиб бориш лозим, акс ҳолда тўлов амалга оширилмаганлиги сабабли смета бажарилмай қолиши ва режалаштирилган кўплаб ишлар «осилиб» қолиши мумкин.

 

Мулкдорлар қандай қарорга келишади

Амалиётда бу масала мулкдорларнинг қандай қарор қабул қилишига қараб, турлича ҳал қилинади. Айрим ҳолларда УМШ ва юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда бевосита бошқарувдаги мулкдорлар эски қарзларни янги тарифлар бўйича тўлашни талаб қилиш дебиторлик қарзларининг қисқариши эмас, балки кўпайишига ҳамда аҳоли билан баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда деб ҳисоблашади. Шунинг учун улар қарздорлик ҳосил бўлмаслигининг превентив чораларини фаол қўллашади ва қарздорликни у ҳосил бўлган пайтдаги тарифлар бўйича сўндириш тартибини белгилашади. Айрим вақтларда ижтимоий муҳофаза қилинмаган мулкдорларга қарздорликни камайтириш ёки бадалнинг пасайтирилган миқдорини белгилаш таклифлари билан чиққан мисоллар учрайди. Йиғилишларда бадалларнинг 2 турини тасдиқлашган мунозарали вазиятлар ҳам бўлган. Бадални ўз вақтида киритган ёки бўнак билан тўлаганларга пасайтирилган бадаллар белгиланиб, улар шу тариқа рағбатлантирилган.

Бошқа ҳолларда тўловсизлик сабабли бошқарув органи режалаштирилган таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажаролмай қолади, қарздорлар шу тариқа умумий мол-мулкнинг расамадга келишига тўсқинлик қиладилар. Материал ва хизматларнинг нархи муттасил қимматлашиб бормоқда. Тегишли равишда, ишларни бажаришга харажатлар қарзлар ҳисобига смета доирасидан ҳам ошиб кетади, охир-оқибатда кўпинча бадал миқдорини кўтаришга мажбур бўлинмоқда. Шунинг учун умумий йиғилиш қарздорликни амалдаги тарифлар бўйича тўлаш ҳақида қарор қабул қилади ва у бунга ҳақли ҳамдир.

Мазкур қарор йиғилиш иштирокчиларининг имзолари қўйилган ҳолда баённома билан расмийлаштирилган бўлиши ўта муҳимдир. Умумий йиғилиш қарори ушбу масала бўйича мулкдорларнинг келишуви ҳисобланади, умумий йиғилиш қарорининг баённомаси эса қарздорлик суд тартибида ундирилган тақдирда суд органлари томонидан эътироф этиладиган ҳужжат бўлади. Йиғилиш баённомасида қарздорликни амалдаги тарифлар бўйича сўндириш тартиби жорий этилишига зарурат нима муносабат билан юзага келганлигини кўрсатиш керак.

 

Устав ўрнига – келишув

Уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилганда яна бир жиҳатга эътиборни қаратиш лозим бўлади. Қонунда ККУни бошқаришнинг ҳар учала усули учун қоидалар белгиланган. Лекин батафсил ёритилишни талаб қиладиган кўплаб масалалар очиқ қолган. УМШ учун бу масалалар уставда, бошқарувчи ташкилот томонидан бошқариладиган жойларда – шартномада битиб қўйилган. Уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилганда улар Қонунга таянадилар, лекин бу ҳужжат бошқарувнинг мазкур усули доирасида муносабатларнинг барча жиҳатларини тартибга солмайди. Шунинг учун уй кенгаши кўп квартирали уйни бевосита жойлар мулкдорлари томонидан бошқариш тўғрисида келишувни ишлаб чиқиши мумкин. Уни умумий йиғилишда тасдиқлайдилар ва барча иштирокчилар имзолашади. Ушбу ҳужжатда уй кенгашининг у ёки бу талаблари ва ҳаракатлари, умумий йиғилиш қарорлари асосланиши керак. Хусусан, ҳужжатда бадал миқдори оширилганда қарздорликни сўндириш тартиби, мулкдорлар маблағларини киритиш, сақлаш, сарфлаш, уларни тасарруф этиш тўғрисидаги ҳисобот ва бошқалар мазкур талаблар ва шартларнинг амал қилиш муддатини кўрсатган ҳолда баён этилиши керак бўлади. Бу масалаларни келишувга киритиш учун ҳар бир сабаб туфайли умумий йиғилишни чақириш ҳам шарт бўлмайди.

Яъни келишув – уй мулкдорлари унинг доирасидан чиқиб кетишлари мумкин бўлмаган ўзига хос устав, қоидалар тўпламидир. Худди УМШнинг устави ёки шартномасида бўлгани сингари уни умумий йиғилишда тасдиқлаган ҳолда келишувга ҳам бир қатор шартлар ва талабларни киритиш, бекор қилиш мумкиндир.

Бундай ҳужжатга мулкдорларнинг ички жамоасида турли мунозаралар юзага келганда бўлгани каби, иш суд тартибида кўрилаётганда, агар уй кенгашининг у ёки бу қарорларини (ҳаракатларини) асослаш керак бўлганда ҳам зарурат туғилади. Ўзини ўзи бошқариш амалиётидан шундай ҳаётий мисоллар борки, уларда худди шундай келишувлар уйдаги келишмовчиликларга барҳам берган, мулкдорларнинг манфаатларини суд органларида ҳимоя қилган.

 

Бўнак бадаллар масаласи қандай ҳал этилади?

Кўпинча бўнак тарзида киритилган мажбурий бадалларга доир масала ҳам юзага келади. Бадалнинг миқдори оширилганда уларни қайта ҳисоб-китоб қилиш керакми ёки йўқлиги масаласини ҳам жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ҳал қилади. Агар мулкдорлар қайта ҳисоб-китоб қилиш керак деб ҳисоблашса, буни умумий йиғилиш баённомасида унинг амал қилиш муддатини кўрсатган ҳолда акс эттиришлари лозим. Бошқарув усулидан келиб чиқиб, ушбу талабни устав, шартнома ёки келишувга киритиш керак бўлади. Бундан ташқари, ККУ бошқарув органи раҳбарлари бадалларни олдиндан тўловчи мулкдорларни қайта ҳисоб-китоб қилишдан огоҳлантиришлари лозим. Агар бу ишларнинг бирортаси қилинмаган бўлса, бўнакли бадаллар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва бошқарув органининг бу борадаги талаби ноқонунийдир. Кўплаб УМШ ва ўзини ўзи бошқаришнинг мулкдорлар жамоаларида ҳақ олдиндан тўланиши ёқланади. Бинобарин, ҳалол ҳақ тўловчилар борлиги учун кўп ҳолларда вазиятдан чиқиб кетиш осон бўлади. Айниқса йил бошида – барқарор тушумлар ҳали туша бошламаган ёки мулкдорлар орасида қарздорлар мавжуд бўлганда олдиндан тўланган ҳақлар «жонга оро киради». Бўнак билан киритилган бадаллар кам-кўстларни ёпиш ва режалаштирилган ишларни бажаришга имкон беради.

Прочитано: 738 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика