Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 16 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Капитал бозорини янада ривожлантириш, қимматли қоғозлар чиқарилишини кўпайтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг фонд бозоридаги иштирокини кенгайтириш мақсадида:

1. Капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

капитал бозорининг рақобатбардошлигини ошириш ва унинг капиталлашувини 2023 йил якунига қадар 45 триллион сўмга етказиш, банк томонидан кредитлашга муқобил бўлган самарали молиялаштириш механизмини яратиш;

халқаро молия бозорлари билан фаол интеграциялашув, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ва хорижда муваффақиятли синовдан ўтган илғор ёндашувларни қўллаш орқали барча тоифадаги инвесторлар учун капитал бозорининг қулайлигини ошириш;

капитал бозорининг уйғун фаолияти ва унинг барча сегментлари ривожланишини таъминлаш орқали 2023 йил якунига қадар республика ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида лойиҳаларнинг қимматли қоғозлар чиқариш орқали молиялаштирилган қисмини 5 фоизга етказиш;

соҳага илғор халқаро амалиётни жорий қилиш, ортиқча тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш орқали фонд бозорида ривожланиш мақсадларига йўналтирилган инвестицияларни фаол молиялаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

халқаро мезонлар ва тажрибаларни жорий қилган ҳолда, капитал бозорини тартибга солишнинг яхлитлигини ва тизимли таваккалчиликларнинг олдини олишни таъминловчи қонунчилик базасини яратиш;

капитал бозорини замонавий талабларга жавоб берадиган кадрлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, истиқболли, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун жозибадор шарт-шароитларни яратиш;

капитал бозори учун соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш;

миноритар инвесторлар, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳоли кенг қатламларининг билимлари, кўникмалари ва молиявий саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида 2023 йил якунига қадар 40 минг нафар аҳолини қамраб олиш.

2. Қуйидагилар:

2021–2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ;

2021–2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш натижасида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар 2-иловага мувофиқ;

2021–2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 3-иловага** мувофиқ;

2021–2023 йилларда акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилиши белгиланган корхоналар рўйхати 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг камида 5 фоизига етказиш Дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади;

2023 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий эмитентлар ўз акцияларини дастлаб республика фонд биржасида жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра хорижий фонд бозорларида жойлаштириши мумкин;

оммавий савдолар орқали акцияларни IPO ёки SPO усулида жойлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди.

4. Устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари акцияларининг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифини қуйидаги шартларда ўтказиш белгилансин:

IPO ёки SPO йўли билан сотиладиган акцияларни харид қилиш учун аризаларни тўплаш ушбу IPO ёки SPOни ўтказиш шартномаси тузилган андеррайтер ёки андеррайтерлар гуруҳи томонидангина амалга оширилади;

андеррайтер акциядорлик жамиятини дастлабки ўрганиш натижалари асосида акциялар хариди бўйича аризаларни тўплаш учун нарх чегараларини белгилайди;

IPO ва SPO йўли билан акцияларни тақсимлаш акцияларга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда, андеррайтер томонидан аниқланадиган ягона нарх асосида амалга оширилади;

андеррайтерга акциядорлик жамияти билан тузилган шартнома асосида акциялар тақсимланадиган инвесторларни танлаш, шунингдек, инвесторларга IPO ва SPO доирасида харид қилинган акцияларни сотиш тақиқланадиган муддатни белгилаш ҳуқуқи берилади.

5. Марказий банк 2021 йил 1 ноябрга қадар «Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси» ДК ҳисобрақамлари Марказий банкка ўтказилишини таъминласин.

6. Молия вазирлиги, Марказий банк, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг «Молия ва инвестиция саводхонлиги» дастурини қуйидаги тамойиллар асосида амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш, уларни молиявий хизматлар ва маҳсулотлар, жумладан, капитал бозори ҳамда молиявий инструментлар ҳақида хабардор қилиш билан боғлиқ ташаббусларни ҳамжиҳатликда амалга оширган ҳолда мутасадди ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш;

илғор хорижий ўқув муассасалари ва тадқиқот институтлари, молия ташкилотларидан етакчи мутахассисларни молиявий саводхонлик даражасини оширишга оид таълим тадбирларига кенг жалб қилиш;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим ташкилотлари талабалари учун «Молиявий саводхонлик» ўқув курсини фан сифатида жорий этиш. Ушбу фан доирасида маблағларни тўғри бошқариш, оқилона молиявий қарорлар қабул қилиш, жумладан, молиявий инструментлар бўйича ўқитиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда «Молиявий саводхонлик олимпиадалари»ни ташкил этиш орқали ўқув курсининг самарадорлигини баҳолаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий, шу жумладан, инвестиция бўйича саводхонлигини ошириш борасидаги барча тадбирларни 2021–2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси доирасида амалга ошириш.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Молия вазирлиги билан биргаликда ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 5-иловага** мувофиқ 2021 йил 1 майдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Молия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Мазкур фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.

Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров:

икки ҳафта муддатда Дастурнинг асосий йўналишлари бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ҳамда хорижий экспертлардан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилишини ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этилишини;

икки ой муддатда акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилиши мазкур фармонга 4-иловада белгиланган ҳар бир корхона бўйича алоҳида «йўл харита»лари тасдиқланишини таъминласин.

Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 13 апрель

ПФ-6207-сон.

 

 

 

 

ЎзР Президентининг

2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон Фармонига

1-ИЛОВА

2021–2023 ЙИЛЛАРДА КАПИТАЛ БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
ДАСТУРИ

Инвестиция муҳитини тубдан такомиллаштириш, давлат акциялар пакетини сотиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий мулк дахлсизлиги, унинг роли ва аҳамиятини ошириш, шу жумладан давлат активларини бошқаришнинг замонавий ёндашувларига ўтиш, капитал бозорини иқтисодиётни ривожлантиришнинг етакчи омилларидан бирига айлантириш мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Сўнгги давр мобайнида қимматли қоғозлар бозорини ислоҳ қилиш, хусусан ушбу соҳадаги қонунчилик тизимини такомиллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш, капитал бозорини самарали тартибга солиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш йўлида ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда капитал бозорини янада ривожлантириш, рақобат муҳитини шакллантириш ва фонд бозори ликвидлигини оширишни рағбатлантириш билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар ва камчиликлар мавжуд, жумладан:

капитал бозорини ривожлантириш соҳасида давлатнинг стратегик режалаштириш тизими мавжуд эмас;

эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига нисбатан улуши паст (0,3 фоиз);

фонд бозорида амалга оширилаётган битимларнинг юқори қисми (биржадаги ҳажмларнинг 70 фоизидан ортиғи) давлат иштирокидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда;

қимматли қоғозлар бозорининг ликвидлиги паст, давлат қимматли қоғозлари иккиламчи бозорини ривожлантириш зарурияти мавжуд, амалиётга жорий этилган молиявий маҳсулотлар турлари етарли эмас, давлат акция пакетлари «битта акция битта лот» тамойили асосида сотилмайди ва хўжалик юритувчи субъектларнинг қимматли қоғозлар бозорида маблағ жалб қилишга бўлган қизиқиши паст;

капитал бозорига узоқ муддатли молиявий ресурсларга эга йирик институционал инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар суст олиб борилмоқда;

бозор инфратузилмаси замонавий ахборот-коммуникация тизимлари билан етарли даражада таъминланмаган, шунингдек, ушбу соҳада маҳаллий тизимларнинг имкониятларидан самарасиз фойдаланилмоқда;

минтақавий даражада капитал бозори инфратузилмаси мутлақо ривожланмаган;

капитал бозори соҳасида бозор капиталлашувини ошириш чораларини фаол равишда илгари суриш ва амалга оширишга имкон берадиган юқори малакали мутахассислар етишмайди;

соҳани номутаносиб тартибга солишни назарда тутувчи ҳамда замонавий бозор талабларига ва халқаро стандартларга жавоб бермайдиган ҳуқуқий ҳужжатлар кўп;

корпоратив муносабатлар замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилмаган.

Ушбу камчиликлар капитал бозорининг улкан салоҳиятидан фойдаланишга, унинг капиталлашуви ва ликвидлигини лозим даражада таъминлашга, инвестицияларни самарали жалб этишга, иқтисодиёт ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳалари ривожига тўсқинлик қилмоқда.

 

ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

Ушбу Дастурнинг асосий мақсади эркин муомаладаги қимматли қоғозлар умумий ҳажмининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги нисбатини 5 фоизга етказишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишни чуқурлаштиришни назарда тутувчи давлат сиёсатини тубдан такомиллаштиришдан иборат бўлиб, қуйидаги устувор стратегик вазифаларни ўзига қамраб олади:

инвесторлар учун жозибадор механизмларни жорий қилиш ҳисобига капитал бозорининг рақобатбардошлигини ошириш ва унинг капиталлашувини 2023 йил якунига қадар 45 трлн сўмга етказиш, банк томонидан кредитлашнинг самарали муқобил механизмини яратиш;

халқаро молия бозорлари билан фаол интеграциялашув, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ва хорижда муваффақиятли синовдан ўтган илғор ёндашувлардан фойдаланиш орқали барча тоифадаги инвесторлар учун капитал бозорининг қулайлигини ошириш;

аҳоли, тадбиркорлар ва иқтисодиётнинг инвестициявий талабларини максимал даражада қаноатлантириш мақсадида капитал бозорининг уйғун фаолияти ва унинг барча сегментлари ривожланишини таъминлаш орқали 2023 йил якунига қадар республика ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида лойиҳаларнинг қимматли қоғозлар чиқариш орқали молиялаштирилган қисмини 5 фоизга етказиш;

илғор халқаро амалиётни жорий қилиш, ортиқча тўсиқлар, чекловлар ва соҳанинг ҳаддан ташқари тартибга солинганлигини бартараф этиш орқали фонд бозорида ривожланиш мақсадларига йўналтирилган инвестицияларни фаол молиялаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

тегишли халқаро мезонлар ва тажрибаларни жорий қилган ҳолда, капитал бозорини тартибга солишнинг яхлитлигини, тизимли таваккалчиликларнинг олдини олишни таъминловчи зарур қонунчилик базасини ишлаб чиқиш;

капитал бозорини замонавий талабларга жавоб берадиган кадрлар билан таъминлашнинг барқарор тизимини ривожлантириш, истиқболли, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун жозибадор шарт-шароитларни яратиш;

капитал бозори учун мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш;

миноритар инвесторлар, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳоли кенг қатламларининг билимлари, кўникмалари ва молиявий саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида 2023 йил якунига қадар 40 минг нафар аҳолини қамраб олиш.

 

ДАСТУРНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

 

1. Эмитентлар сонини кўпайтириш, янги молиявий маҳсулотлар ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш орқали таклифни ошириш

Капитал бозоридаги таклифни ошириш ва корпоратив бошқарувни ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг жозибадорлигини ошириш, корхоналарни трансформация қилиш, уларда корпоратив бошқарув ва молиявий аудитни жорий этиш ҳамда операцион самарадорлигини ошириш;

биржавий инвестиция фондлари (Exchange traded funds) каби молиявий воситаларни, шу жумладан олтинга боғлаш орқали (Gold ETF) жорий этиш;

мавжуд облигация турларини ипотека қимматли қоғозлари ва «Сукук» облигациялари каби янги турларини жорий этиш орқали диверсификация қилиш;

ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозлар ва капитал бозорига оид бошқа молия хизматларини татбиқ этиш;

барча акциядорлик жамиятларида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш ва ушбу тамойилларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш;

краудфандинг воситаларини кенг жорий этиш орқали маҳаллий капитал бозорига инвесторларни жалб қилиш;

давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозорини ривожлантириш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришни мақсадли молиялаштириш учун давлат қимматли қоғозларини чиқариш амалиётини жорий этиш;

корпоратив облигациялар бозорини ривожлантириш;

давлат улушига эга бўлган корхоналарни маҳаллий фонд биржасида оммавий таклиф орқали хусусийлаштиришни рағбатлантириш.

 

2. Капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш

Капитал бозорининг мавжуд инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш бўйича қуйидаги чоралар кўрилади:

«Ўзбекистон республика валюта биржаси» АЖ ва «Тошкент» Республика фонд биржаси ўртасида дастурий алоқаларни ўрнатиш орқали давлат қимматли қоғозлари иккиламчи савдоларида фонд биржаси брокерларининг қатнашишини таъминлаш;

«Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУКга Марказий банкда ҳисобварақ очган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

Корпоратив ахборот ягона портали ва «Тошкент» Республика фонд биржаси веб-сайтининг тегишли бўлимлари базасида листинг компаниялари ва акциядорлари томонидан ахборотни ошкор қилиш бўйича корпоратив ва бозор маълумотларини ошкор қилишнинг ягона платформасини яратиш;

«Тошкент» Республика фонд биржасининг расмий веб-сайтида барча инвесторлар учун очиқ бўлган эмитент номи, акция тури, имтиёзли акция учун тўланадиган фоиз, тўланадиган дивиденд миқдори ва уни тўлаш санасини ўз ичига олувчи маълумотлар базасининг электрон таблосини яратиш;

ўз аъзоларининг манфаатларини ифода этувчи капитал бозори профессионал иштирокчиларининг ўзини-ўзи бошқарувчи нодавлат бирлашмасини ташкил этиш;

«Тошкент» Республика фонд биржасининг моддий-техника базасини кучайтириш ва ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш йўли билан унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш;

қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобини юритиш ҳамда бошқа депозитар операцияларини ривожлантириш имкониятини яратиш;

капитал бозори соҳасидаги миллий рейтинг агентликларининг фаолиятини ташкил этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш.

 

3. Капитал бозорида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни такомиллаштириш

Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан капитал бозорини ривожлантириш мақсадида қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

Ягона дастурий техник комплекс (ЯДТК) фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, ривожлантириш ҳамда унинг захира марказини ташкил этиш;

фонд бозорида битимларни онлайн тартибда амалга ошириш имконини берувчи мобил иловаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ёки норезидентлари бўлган мижозлар учун уларнинг шахсий иштирокисиз депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш имкониятини яратиш;

инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш пайтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида «Ўз мижозингни бил» (KYC) ва «Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш» (AML) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш усулларини жорий қилиш;

Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси томонидан Миллий рақамлаш агентлиги функциясини бажариш ва халқаро ISO стандартларини жорий қилиш;

Молия вазирлигига ўз назорат функцияларини амалга ошириш имконини берувчи ЯДТКнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.

 

4. Капитал бозорини ҳуқуқий тартибга солиш ва назорат қилиш масалаларини такомиллаштириш

Ушбу йўналишнинг асосий мақсади ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда самарали ҳуқуқий базани яратиш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишдир. Жумладан:

Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) тамойиллари асосида соҳага оид тўғридан-тўғри амал қилувчи, жумладан «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаcини ишлаб чиқиш;

капитал бозори регуляторига юклатилган вазифаларни самарали бажариш мақсадида унинг чинакам мустақиллигини таъминлаш;

иқтисодиёт тармоқларида интеграциялашув жараёнларини рағбатлантириш ва молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш мақсадида инвестиция жамғармалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалдаги қонунчиликка холдинг корхоналари фаолиятини тартибга солиш бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

функционал имкониятларни оптималлаштириш ва тегишли тартибларни бюрократиядан ҳоли қилишни ҳисобга олган ҳолда савдо, клиринг ва ҳисоб-китоб қоидаларини, шунингдек, инвестицион маслаҳатчилар ва воситачилар учун қоидаларни такомиллаштириш;

барча эҳтимолий хатарларни ҳамда мамлакат молия бозорининг ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда капитал ҳаракатини самарали тартибга солиш механизмини жорий этиш;

Молия вазирлиги ва Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) ўртасида маслаҳатлашувлар, ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича кўп томонлама англашув Меморандумини имзолаш чораларини кўриш;

Молия вазирлигининг қуйидаги ваколатларини қонун даражасида мустаҳкамлаш орқали назорат функциясини ва ҳуқуқий тартибга солишни кучайтириш:

капитал бозори соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган жисмоний шахсларга жарима ҳамда юридик шахсларга молиявий санкцияларни мустақил равишда қўллаш;

илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, капитал бозори иштирокчилари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш ва уни ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

назорат функцияси доирасида таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорлар ҳақида ахборотларни эълон қилиб бориш амалиётини жорий этиш.

 

5. Инвесторлар базасини кенгайтириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш

Капитал бозоридаги талабни ошириш бўйича мавжуд муаммоларнинг комплекс ечимини таъминлаш ҳамда капитал бозоридаги талабни оширишни рағбатлантириш мақсадида турли йўналишлар бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириш алоҳида аҳамиятга эга:

юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш ва акцияларнинг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифларига ариза бериш, давлат ва корпоратив облигациялар ҳамда бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш учун буюртма бериш тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан маҳаллий эмитентларнинг қимматли қоғозларини сотиб олиш учун қўшимча имкониятлар яратиш;

капитал бозорида суғурта компанияларининг иштирокини рағбатлантириш;

халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда инвестиция фондларини ташкил этиш;

капитал бозори соҳасига оид масалалар бўйича аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларини амалга оширишда барқарор механизмларни жорий этиш;

Дастурнинг моҳияти, аҳамияти ва амалга оширилишини тушунтиришга қаратилган халқаро конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказиш.

 

6. Давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш

Илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда давлат қимматли қоғозлари бозорини, шу жумладан уларнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш, бу борада халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда инвесторлар базасини кенгайтириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ва резидентлари томонидан давлат қимматли қоғозларини (Марказий банк облигациялари бундан мустасно) сотиб олиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, маркет-мейкер институтини жорий этиш;

давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозорини ривожлантириш, жумладан инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозларини чиқариш амалиётини йўлга қўйиш;

давлат қимматли қоғозлари бозорини халқаро стандартларга мослаштириш, бу борада шаффофликни таъминлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш;

инфратузилмани ривожлантиришни мақсадли молиялаштириш учун давлат қимматли қоғозларини чиқариш.

 

7. Капитал бозори иштирокчиларининг малакасини ошириш, уларни ўқитиш ва қайта ўқитиш тизимини яратиш

Соҳани билимли мутахассислар билан таъминлаш, уларни қайта ўқитиш ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш мақсадида қуйидагиларни амалга ошириш талаб этилади:

капитал бозорини тартибга солиш соҳасида билим ва кўникмаларга ўргатишга қаратилган кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини яратиш;

нуфузли хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;

кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича институционал база яратиш, жумладан Банк-молия академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида капитал бозори мутахассислиги бўйича алоҳида йўналишларни жорий этиш;

Молия вазирлиги ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ва капитал бозори ривожланган хорижий мамлакатларда уларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш;

Молия вазирлигига юқори малакали, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи органларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб этиш.

 

ЎзР Президентининг

2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон Фармонига

2-ИЛОВА

2021–2023 ЙИЛЛАРДА КАПИТАЛ БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ НАТИЖАСИДА ЭРИШИЛАДИГАН МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР

Т/р


Кўрсаткичлар номи


Ўлчов бирлиги


2020 йил (амалда)


2021 йил


2022 йил


2023 йил


1


Эркин муомаладаги қимматли қоғозларга асосланган бозор капиталлашуви


трлн сўм


1,9


4,9


14,5


45


2


Эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий қиймати


фоизда

(ЯИМга нисбатан)

0,3


0,7


1,9


5


3


Корпоратив облигацияларнинг умумий қиймати


трлн сўм


0,16


0,75


1,88


3,94


фоизда

(ЯИМга нисбатан)

0,03


0,1


0,3


0,5


4


«Молия ва инвестиция саводхонлиги» дастури асосида қамраб олинадиган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари сони


нафар



5 000


20 000


40 000


5


Инвестиция ҳисобрақамлари сони


йил давомида фаол бўлган депо ҳисобварақлар


4 000


6 000


10 000


20 000


6


Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларнинг қимматли қоғозлар чиқариш орқали молиялаштирилган қисми


фоизда

(ҳудудий инвестиция дастури қийматига нисбатан)


1


3


5


 

 

Изоҳ: мазкур кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан асосланган ҳисоб-китобларга кўра қайта тасдиқланиши мумкин.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.04.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 3–5-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин. 

Прочитано: 523 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика