Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 16 / Солиқ солиш

Солиқ текширувларига доир

 

Давлат солиқ қўмитаси департамент директори Лутфулло УМУРЗОҚОВ kun.uz нашрига солиқ текширувлари юзасидан интервью берди.  

 

– Бизнес-омбудсманнинг хабар беришича, солиқ текширувлари сони ўтган йилнинг дастлабки ойларига нисбатан 5 баробар ошган. Бунинг сабаби нимада?

– Ўринли савол. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда текширувлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошган. Ўтган йили пандемия бўлгани учун кўп корхоналар фаолиятини тўхтатиб турган ва шу сабабли текширувлар ўтказилмаган. Бугунги кунда бизда камерал, сайёр ва солиқ аудити каби 3 хил солиқ текшируви бор. Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш йўли билан ўтказиладиган солиқ текширишлари 2 та: аудит ва сайёр солиқ текшируви.

2021 йилнинг январь-февраль ойларида солиқ текширувлари ошганининг сабабларидан бири – корхоналарни ихтиёрий тугатиш тўғрисида мурожаатлар сони ошганидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сонли қарорида корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ихтиёрий тугатилаётган ташкилот раҳбари давлат хизматлари маркази орқали корхонани тугатиш тўғрисида мурожаат йўллайди. Шунингдек, корхона тугатилиши учун ҳеч қандай солиқ қарздорлиги йўқлиги тўғрисида ҳужжатларни тақдим этиши керак. Бу ҳолда солиқ тўловчиларнинг ўз мурожаатлари асосида солиқ текширувлари ўтказилади.

Киритилган мурожаатлар асосида солиқ органи томонидан 2020 йилнинг январь-февраль ойларида ­490 та субъектда якуний текширувлар ўтказилган бўлса, 2021 йилнинг январь-февраль ойларида бу кўрсаткич 4 910 тани ташкил этиб, 4 420 тага, яъни қарийб 10 баробарга ошган.

 

– Нима сабабдан корхона тугатилишидан аввал солиқ текшируви ўтказилади?

– Корхона фаолият кўрсатган даврда нимадир сотиб олган ёки маҳсулот ишлаб чиқарган, фойда кўрган ҳамда бунинг натижасида солиқларни тўлаган. Aммо корхона солиқларни тўғри тўлаганми, йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Шу жиҳатларини аниқлаш учун солиқ текширувлари ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказилган солиқ аудитлари ҳисобига ҳам солиқ текширувлари сони ортган. Ўтган 2020 йил январь-февраль ойларида 205 та солиқ аудити ўтказилган бўлса, 2021 йил январь-февраль ойларида бу кўрсаткич 404 тани ташкил этиб, 199 тага ошган.

Сайёр солиқ текширувлари бўйича жорий йил январь-февраль ойларида сайёр текширишлар жами 4 791 тани, шундан 2 846 таси «Таҳлика-таҳлил» автоматлаштирилган дастур натижаси ва 1 010 таси фуқаролар мурожаати ҳамда 935 таси камерал текшириш асосида ташкил этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 779 тага ошган.

Фикрим шундайки, солиқ текширувларини ўтказишда пик – энг баланд нуқтага чиқдик. Текширишларнинг асосий қисми савдо дўконларида харид учун чек бермаслик ҳолатлари ҳамда жорий йилнинг февраль ойида ишга тушган «Таҳлил-таҳлика» дастури томонидан солиқ хавфи юқори бўлган корхоналарни аниқлаб бериш натижасида ўтказилган солиқ текширувлари ҳиссасига тўғри келади.

 

– Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «обнал иши» юзасидан ҳам шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган корхоналарда солиқ текширувлари ўтказилди. Солиқ текширувлари сони ортганига бу омил ҳам сабаб бўлганми?

– Бунинг ҳам таъсири бор. «Обнал» – пулларни нақдлаштиришни амалга оширган тадбиркорларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши очилиб, бунинг натижасида солиқ органлари ҳам текширишга жалб қилинган.

Шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин корхонанинг қўшилган қиймат солиғини ноқонуний ҳисобга олган ёки олмагани юзасидан ўтказилган текширув камерал солиқ текшируви ҳисобланади ва текширув ҳисобига киради.

Бу ўтказилган солиқ текшируви масофадан туриб, солиқ органи корхоналарга бормасдан, базада мавжуд маълумотлар асосида ўтказилган.

 

– Текширувлар камаядими, ДСҚ бу борада қандай амалий ишлар қилмоқда?

– Давлат солиқ қўмитаси томонидан онлайн НКМ чеклари бўйича ташкил этилган ютуқли ўйинларнинг 2020 йил июнь-декабрь ойларида ўтказилган 6 та тиражида 373 634 та чек рўйхатга олинган бўлса, 2021 йил январь-март ойларида ўтказилган 3 та тиражида 507 161 та, яъни 133 527 тага кўп чек рўйхатга олинди. Натижада аҳоли томонидан сотиб олинган маҳсулотларга чек талаб қилиниши ошади, тадбиркорларни қонуний ишлашга тарғиб этиш билан текширишлар камаяди.

Бундан ташқари, ДСҚнинг «Тадбиркор ва Солиқчи» Telegram-гуруҳи очилиб, унга 4 308 та тадбиркорлик субъекти аъзо бўлган ва тадбиркорлик субъектларидан уларнинг фаолиятидаги тушунмовчиликлар ва ечимини топишда қийнаётган масалалар юзасидан келиб тушган саволларга тезкорлик билан жавоб берилмоқда.

Бу солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолият олиб боришига ҳисса қўшади.

 

soliq.uz сайтидан олинди.

Прочитано: 730 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика