1 мартдан Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2019 йилдаги 943-сон «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирди (ВМнинг 20.11.2020 йилдаги 736-сон қарори). Мазкур техника билан ишлайдиган тадбиркорлар нималарни билиши лозим? Ушбу саволга «Янги технологиялар» ИАМ бўлими бошлиғи Шерзод ТЕШЕБАЕВ жавоб берди.
Электрон тижорат учун «виртуал касса»
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда «Электрон тижорат» тушунчаси киритилган. Электрон тижорат деганда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти тушунилади.
Онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга нисбатан қўйиладиган техник талаблар янги норма билан тўлдирилди, унга мувофиқ товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишни электрон тижорат орқали амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фискал маълумотларни операторга узатишни ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган виртуал касса дастурий маҳсулоти орқали амалга ошириши мумкин.
Кўчма савдо объекти учун онлайн-НКМ ёки виртуал касса қандай ҳисобга қўйилади
ВМнинг 736-сон қарорига 4-илова кучга киргунига қадар онлайн-НКМ ва виртуал касса тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу қурилмаларни тадбиркорлик субъектларидаги кўчма савдо субъектлари учун рўйхатдан ўтказиш қайд этилмаган эди.
Амалиётда фискал хотирали НКМ учун амал қиладиган қоидалар қўлланилган. Энди онлайн-НКМ (виртуал касса) учун ҳам қоидалар белгиланди.
Кўчма савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ўзлари рўйхатдан ўтган жой бўйича ДСИдан (ДСБ) рўйхатдан ўтказиши лозим. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишни бошлашдан олдин ТХКМ ёки унинг ҳудудий филиалларига белгиланган шаклга мувофиқ электрон ёки ёзма равишда ариза билан мурожаат қилинади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
● турғун шохобча (кўчма савдо объекти) мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (бино-иншоотнинг ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатлари);
● онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга ТХКМ билан тузилган шартноманинг нусхаси;
● турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси (кўчма савдо объекти) манзилининг харитадаги координатаси.
Тадбиркорлик субъекти турғун савдо шохобчаси ва кўчма савдо шохобчасига эга бўлган тақдирда, у турғун савдо шохобчасида рўйхатдан ўтказилган онлайн-НКМ ёки виртуал кассани кўчма савдо объектларида қўллаши мумкин. Бунда у онлайн-НКМ ёки виртуал касса кўчмас савдони ташкил қилиш учун қўлланилиши ҳақида солиқ органларини хабардор қилиши лозим.
Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш муддатлари
Илгари Низомда белгиланган нормага мувофиқ ТХКМ ходими томонидан тадбиркорлик субъекти тақдим этган маълумотлар ўрганиб чиқилиб, ҳужжатлар қабул қилинган вақтдан бошлаб 4 иш соати ичида онлайн-НКМ ёки виртуал кассани рўйхатдан ўтказишга оид ҳужжатлар солиқ органларига юборилган. Энди ариза махсус ахборот тизимида қайд этилган вақтдан бошлаб (яъни ТХКМдан юборилган вақтдан эътиборан) давлат солиқ хизмати органи ходими томонидан 8 иш соати ичида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.
Чеклар
Энди онлайн-НКМ чекларидаги маълумотлар қаторида чеклардан тўланадиган ҚҚСнинг умумий суммаси кўрсатилиши лозим. Илгари товарлардан тўланадиган ҚҚС ставкалари ва суммаси кўрсатилган.
Шунингдек илгари чекларда маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка коди кўрсатилиши назарда тутилган эди, бироқ товарларни маркировкалаш 2021 йилнинг бошидан жорий қилинганлиги сабабли ушбу код ҳеч қаерда қайд этилмаган. Энди бундай маълумот маркировка қилинадиган товарларни сотиш чоғида бериладиган барча чекларда қайд этилиши лозим.
Шунингдек операторга юбориладиган чекдаги товарлар ва хизматлар кодлари (улар мавжуд бўлган ҳолларда) халқаро «GS1» ёки бошқа глобал тизимлар асосида юритиладиган рақамлар билан бир хил бўлиши лозим.
«Z-ҳисобот»
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қўлланиладиган Z-ҳисобот тушунчаси 6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармон талабларига мувофиқлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу Фармонга мувофиқ онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектлари учун амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисоботни (Z-ҳисобот) чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинган.
Илгари белгиланган Z-ҳисоботни (бир иш куни бўйича кўрсаткичларни) тақдим этиш талаби бекор қилинди, сабаби солиқ органлари томонидан ушбу маълумотлар онлайн-НКМ ва виртуал кассадан олинади. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги дастурий комплекс эса маълумотларни исталган вақтда ва қулай фурсатда шакллантириш имконини беради.
Квитанциялар
Низомда онлайн-НКМ ёки виртуал касса носозлиги даврида тадбиркорлик субъектига захирадаги қурилма ўрнатиб берилгунига қадар белгиланган намунадаги квитанцияларни беришга рухсат этилади. Энди Низомга янги киритилган нормага мувофиқ захирадаги касса ўрнатилгандан сўнг тадбиркорлик субъекти ушбу квитанциялардаги маълумотларни онлайн-НКМ ёки виртуал касса тизимига киритиши лозим. Бошқача айтганда, квитанцияларда берилгани билан бир хил маълумотлар кўрсатилган чеклар чиқарилиши керак.
Экспертиза ўтказиш муддатлари
Текширув ўтказадиган ва назорат қилувчи органларда онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг носозлиги юзасидан шубҳа юзага келганда, улар қурилмани экспертизадан ўтказиш учун вақтинча олиб қўйишга ҳақли бўлади. Амалдаги нормаларга биноан бундай экспертиза қурилма олиб қўйилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида ўтказилиши лозим. 2021 йил 1 мартдан бошлаб ушбу муддат 10 кунгача узайтирилган.
Фискал модуль учун тўлов қандай амалга оширилади
Низомнинг 55-бандига мувофиқ оператор томонидан фискал модуль билан таъминлаш ва кўрсатиладиган хизматлар учун тадбиркорлик субъектларидан йилда бир марта 1 БҲМ миқдорида тўлов ундирилади. Аниқлаштирилишича, ушбу тўловлар нақд пулда ва нақд пулсиз кўринишда амалга оширилиши мумкин. Тўловни банк орқали ёки мобиль тўлов иловалари ёрдамида амалга оширадиган бўлсангиз, онлайн-НКМ ёки виртуал касса тегишли бўлган тадбиркорлик субъектининг СТИРи кўрсатилиши шарт.
TFT LCD 800*480 сиғимли экран бўлиши шарт эмас
Онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга нисбатан қўйиладиган техник талаблар жумласидан TFT LCD 800*480 сиғимли экран бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди. Бундай экран бўлиши тақиқланмаган, бироқ мажбурий шартлар қаторидан чиқарилган.
Бир қатор техник талабларга тузатишлар киритилди
Энди онлайн-НКМ стандарт ҳолатда интернетга 2G (илгари 3G дан кам бўлмаган) тезликда уланади. Бунда автоном режимда (интернетга уланмаган ҳолда) шаклланган онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини 24 соат ичида операторга узатилиши таъминланиши зарур.
ТХКМ тармоғи шохобчалари ҳудудларда ҳам ташкил этилади
ТХКМ томонидан ҳудудларда ҳам техник хизмат кўрсатиш шохобчалари очилиши лозим. Бир маркадаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар сони 30 бирликдан ошган аҳоли пунктларида ТХКМ томонидан хизмат кўрсатиш шохобчаси очилиши, унда ушбу кассаларда юзага келган носозликларни бартараф эта оладиган мутахассислар ишлаши таъминланиши лозим.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.