Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 16 / Солиқ солиш

Айланмадан олинадиган солиқ: танлаш ҳуқуқи ва преференциялар

 

2020 йилдан бошлаб, сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танлашингиз мумкин, агар қуйидагилар тоифасида бўлсангиз:

● солиқ даврида (календарь йили) жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган юридик шахс;

● солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркор (СК 461-м. 1-қ.).

Агар сиз воситачилик хизматларини амалга оширсангиз, белгиланган даромад чегарасини ўзингизга тегишли воситачилик ҳақи суммасидан эмас, балки реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммасидан) келиб чиқиб аниқлайсиз (СК 462-м. 11-қ.).

 

Мисол. Воситачи томонидан айланмадан олинадиган солиқни тўлаш учун даромад ҳажмини аниқлаш

Воситачи комитентнинг умумий қиймати 1,2 млрд сўм миқдоридаги товарларини реализация қилганлиги учун 120 млн сўмлик воситачилик ҳақи олди. Унинг даромади (воситачилик ҳақи) 1 млрд сўмдан анча кам бўлсада, у айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга эмас. Чунки, ушбу ҳолатда ас ос бўлиб реализация қилиш бўйича умумий айланма суммаси (битим суммаси) ҳисобланади. Ушбу сумма ўрнатилган чегарадан 200 млн сўм ортиқча бўлиб, 1,2 млрд сўмни ташкил этган.

 

Умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектлари учун преференциялар

Агар, сиз умумий овқатланиш соҳасида кичик тадбиркорлик субъекти ҳисоблансангиз, 2021 йилда фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга мажбурий ўтиш учун даромаднинг чегарасини бошқача тарзда аниқлашингизга тўғри келади. Бунда фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга мажбурий ўтиш учун даромад суммасини аниқлашда, банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадларни ҳисобга олмайсиз (30.10.2020 йилдаги ­ПФ-6098-сон Фармон 1-б. «а» кичик банди.).

 

Контактсиз тўловлар ўзи нима?

Контактсиз тўлов амалга оширилганда, ундан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш учун пластик карта талаб этилмайди. Тўловни амалга ошириш учун, агар илгари картани терминалга қўйиш зарур бўлса, эндиликда қурилмани банк қурилмасига яқин масофада сақлаш етарли ҳисобланади. Бундай қурилмалар тўлов ускунаси боғланадиган смартфон, соат, браслет бўлиши мумкин. Бунда карта уйда бўлиши ҳам мумкин.

Контактсиз тўловнинг асосий афзаллиги – транзакциялар тезлигидир. Aйниқса, ПИН-код киритилмасдан кичик миқдордаги тўловлар амалга оширишда қулай. Ушбу турдаги тўловлар жуда ҳам талабгор: йўл ҳақи учун, тўхташ жойи учун, рухсатнома учун тўловлар ва ҳоказо.

 

ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш заруриятини аниқлаш учун даромадни ҳисоблашнинг ушбу тартиби фақат умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланилади.

Агар сиз , қуйидаги тоифаларга кирсангиз, кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланасиз:

● якка тартибдаги тадбиркор;

● ўртача йиллик сони 25 кишидан кўп бўлмаган умумий овқатланиш ташкилоти (Таснифлагич, ВМнинг 24.08.2016 йилдаги ­275-сон қарорига 1-илова).

2020 йил 1 июлдан бошлаб, умумий овқатланиш корхоналари таркибидаги кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди (20.07.2020 йилдаги ­ПФ-6029-сон Фармон 2-банди).

 

Мисол. Президентнинг ПФ-6098-сон Фармонида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда, ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун даромад суммасини аниқлаш.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ҳисобланадиган кичик умумий овқатланиш корхонаси жами даромади 5 млрд сўмни, шу жумладан, жисмоний шахсларнинг банк карталари ҳисобига олган даромади – 4,5 млрд сўмни ташкил этди. Корхона 1 млрд сўм миқдордаги ўрнатилган чегарадан ошиб кетганлиги боис, кейинги ойдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим эди (СК 462-м. 9-қ.). Бироқ, ушбу ҳолатда, кичик умумий овқатланиш корхонаси ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш чегарасини белгилашда тегишли имтиёзга эга ҳисобланади, унга кўра пластик карталарни қўллаган ҳолда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад миқдори ҳисобга олинмайди ­(ПФ-6098-сон Фармон 1-б. «а» кичик банди.). Қолган даромад миқдори 500 миллион сўм (5,0 млрд сўм – 4,5 млрд сўм) ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга мажбурий ўтиш учун белгиланган чегарадан ошмайди, шунинг учун корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашни давом эттириши мумкин.

Шу билан бирга айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган база ўзгармайди ва солиқ 5 млрд сўмдан тўланиши керак.

 

Президентнинг ПФ-6098-сон Фармони 1-бандида назарда тутилган преференция 2021 йилда олинган даромадларга нисбатан татбиқ этилади.

 

Яъни, агар 2020 йил якунига кўра сизнинг жами даромадингиз банк карталари ёки контактсиз тўловлардан фойдаланилган жисмоний шахсларнинг даромадлари туфайли 1 млрд сўмдан ошган бўлса, сиз 2021 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишингиз лозим (СК 462-м. 9-қ.).

 

Даромадидан қатъи назар, ким айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга эмас

Айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига қуйидагилар эга эмас:

● товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчилар;

● акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи – юридик шахслар;

● юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;

● бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи – юридик шахслар;

● лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;

● оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахслар – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;

● бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шасхлар, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;

● марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар;

● 2021 йилдан – алкоголь маҳсулотларини (пиво ҳам) чакана сотиш бўйича стационар шохобчалар;

● 2021 йилдан – бозорлар ва савдо комплекслари (СК 461-м. 2-қ.).

 

Қандай қилиб айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлиш мумкин

Янги ташкил этилган корхона давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танлаши мумкин (СК 462-м. 6-қ.).

Агар рўйхатдан ўтиш пайтида сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ниятида эканлигингизни кўрсатмасангиз, унда сиз ўз-ўзидан фойда солиғи ва ҚҚС тўловчиси бўласиз.

 

Мисол. Давлат рўйхатидан ўтказишда айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ниятида эканлиги кўрсатилмади.

Янги ташкил этилган чакана савдо корхонаси 2021 йил январь ойида рўйхатдан ўтказилди.

Корхона давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ниятида эканлигини кўрсатмади. Шу сабабли 2021 йилда корхона фойда солиғи ва ҚҚСни тўловчиси ҳисобланади. У айланмадан олинадиган солиқни тўлашга фақат кейинги солиқ давридан, яъни 2022 йилдан, агар унда бундай ҳуқуқ сақланиб қолса, ўтиши мумкин.

 

Рўйхатга олиш пайтида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танламаган корхона белгиланган шартларга риоя қилганда келгуси йилдан бошлаб унга ўтиши мумкин. Aгар сизнинг корхонангиз фаолиятини давом эттираётган бўлиб, сизда айланмадан олинадиган солиқни танлаш ҳуқуқига пайдо бўлса , кейинги календарь йил бошланишидан 10 иш кунидан кечиктирмай ўтиш тўғрисида ДСИга хабар беринг (СК 462-м. 2-қ.). Бунинг учун мy.soliq.uz. сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали махсус хабарномани тўлдиринг ва юборинг.

 

Қандай қилиб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга қайтиш мумкин

Ихтиёрий равишда ёки қонун талабига кўра ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган корхона яна айланмадан олинадиган солиқ тўловчисига айланиши мумкин.

Айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ихтиёрий равишда воз кечганда яна уни тўлашга қайтиш, камида 12 ойдан сўнг мумкин бўлади. Aлбатта, агар сизнинг жами даромадингиз, ўтган йилда 1 млрд сўмдан ошмаса ва қонунда белгиланган бошқа шартлар бажарилса (СК 462-м. 8-қ.).

 

Айланмадан олинадиган солиқни тўлашга сиз фақатгина солиқ даври (йил) бошланишидан ўтишингиз мумкин.

 

 

Вазият 

Корхона ўз ихтиёри билан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган. У қачондан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга қайтиши мумкин?

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ихтиёрий равишда 2020 йилнинг 1 октябридан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтди.

У 2022 йилнинг 1 январидан яна айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш ҳуқуқига эга, агар унинг жами даромади 2021 йил учун 1 млрд сўмдан ошмаса.

Агар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга жами даромадингиз 1 млрд сўмлик ўрнатилган жами даромад чегарасидан ошганлиги сабабли ўтган бўлсангиз, сиз яна айланмадан олинадиган солиқни тўлашга фақат кейинги солиқ давридан (йилдан) қайтишингиз мумкин бўлади. Шу билан бирга, ўтишдан олдинги йиллик жами даромадингиз 1 млрд сўмдан ошмаслиги керак.

Вазият

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ҳисобланган корхонанинг 2021 йил январь–февраль ойларидаги жами даромади 1 млрд сўмдан ошди. У қачон айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга қайтиши мумкин?

Корхона 2021 йилнинг мартидан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга мажбур.У 2022 йилда ҳам ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди, чунки 2021 йил якунида унинг даромади 1 млрд сўмдан ошган.

Агар 2022 йилда жами даромад 1 млрд сўмдан кам бўлса, корхона 2023 йилдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиши мумкин.

Айланмадан олинадиган солиқ тўлашга қайтишни расмийлаштириш учун ДСИга мy.soliq.uz сайтдаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарнома юбориш керак. Буни сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтаётган, навбатдаги солиқ даври бошланишидан олдин, 10 иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширишингиз керак (СК 462-м. 2-қ.).

 

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар яна қандай солиқларни тўлайдилар

Айланмадан олинадиган солиқдан ташқари тўловчилар муайян ҳолатларда қуйидаги солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлайдилар (СК 462-м. 15-қ.):

1) қуйидаги даромадларни тўлаш пайтида ушлаб қолинадиган фойда солиғи:

● дивидендлар ва фоизлар (СК 343, 344-м.);

● Ўзбекистон норезидентларига даромадлар (СК 351-м.);

2) норезидентлар кўрсатадиган хизматларга ҚҚС (СК 255-м.);

3) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ – солиқ солиш объекти мавжуд бўлса (СК 441-м.);

4) ер солиғи – солиқ солиш объекти мавжуд бўлса (СК 425-м.);

5) мол-мулк солиғи – солиқ солиш объекти мавжуд бўлса (СК 410-м.);

6) алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғим – солиқ солиш объекти мавжуд бўлса (Чекланган ставкалар, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга 9-сон илова).

7) автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун – автотранспорт йиғими (СК 456-м.);

 

Умид ҲАМРОЕВ,

Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,

Дилором САИДОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 975 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика