Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 15 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Томорқа хўжалиги тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 26 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланган

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши белгиланган тартибда хусусийлаштирилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари, шунингдек мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкалари билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик

Томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Томорқа хўжалиги

Томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ меҳнат фаолиятидир.

Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Томорқа хўжалигини юритиш учун ажратилган шахсий томорқа ер участкасида етиштирилган (қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий мулкдир.

4-модда. Шахсий томорқа ер участкаси

Шахсий томорқа ер участкаси томорқа хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёхуд якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ажратилган ер участкасидир.

Томорқа хўжалигини юритиш учун:

эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ушбу Қонун кучга киргунига қадар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди ерлари ҳамда аҳоли пунктлари ерларидан берилган ер участкаларидан;

мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларидан фойдаланилиши мумкин.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисми мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча фойдаланиш учун топширилиши мумкин.

Ер участкаларини томорқа хўжалигини юритиш учун бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5-модда. Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқлари

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш, шу жумладан етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш;

ўзи етиштирган ёки қайта ишлаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларда, савдо шохобчаларида мустақил равишда ёки ўз вакиллари орқали монеликсиз ва эркин реализация қилиш;

агрокластерлар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги кооперативларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ҳамда паррандалар, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни) сотиб олиш учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан, шу жумладан имтиёзли кредитлардан, субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

ерга оид ташкилотларнинг ҳамда хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилишга доир хизматларидан фойдаланиш;

шахсий томорқа ер участкаларида давлат органларининг, шу жумладан архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена органларининг ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминловчи органларнинг рухсатномасини олиш заруратисиз енгил конструкциялардан иссиқхоналар қуриш;

сув ресурсларидан фойдаланиш.

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6-модда. Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг мажбуриятлари

Шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар:

ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаши, шу жумладан ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки ободонлаштиришни амалга ошириши;

тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриши;

сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиши;

уй-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қурмаслиги;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экология ҳамда санитария талаблари ва нормаларига риоя этиши шарт.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини қабул қилади;

шахсий томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва назорат қилиш тартибини белгилайди;

шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун зарур бўлган уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш механизмини тасдиқлайди;

шахсий томорқа ер участкаларида юқори ҳосилли, экспорт учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришни ташкил этишга, моддий-техника ресурслари билан таъминлашга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни ташкил этишга доир тадбирлар дастурларини тасдиқлайди;

шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда реализация қилиш соҳасида имтиёзлар, субсидиялар ва бошқа преференциялар берилишига доир таклифларни кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

тегишли ҳудудда томорқа хўжаликларини ривожлантиришга доир асосий кўрсаткичларни шакллантиради;

томорқа хўжаликларининг моддий-техника таъминотини яхшилашга, уларни сув ресурслари, зарур уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитлар билан таъминлашга доир тегишли чора-тадбирларни, шунингдек томорқа хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларни белгилайди.

9-модда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши:

шахсий томорқа ер участкаларининг эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишда, шу жумладан агротехника тадбирларини бажаришда ҳамда шартномалар тузишда, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатади;

шахсий томорқа ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизматлар кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатларда ҳимоя қилади, шунингдек судда уларнинг манфаатларини ифода этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда томорқа хўжаликларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича чоралар кўради;

ресурсларни тежовчи агротехнологияларни, муқобил энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашади;

шахсий томорқа ер участкаларида деҳқончилик маданиятини оширишга кўмаклашади, шунингдек улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга доир тушунтириш ишларини амалга оширади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ер участкаларидан хусусий ер эгалари томонидан фойдаланилиши масаласи бўйича ўз ваколатлари доирасида:

ички ва ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда уларни етиштириш (қайта ишлаш) масалаларига доир тавсияларни ишлаб чиқади ҳамда бепул ва пулли асосда томорқа хўжаликларига тақдим этади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлайди.

10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг томорқа хўжаликларини ривожлантириш соҳасида иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

шахсий томорқа ер участкалари эгаларининг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқаришда, шу жумладан етиштирилган (қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил тарзда тасарруф этишда, мустақил равишда нарх белгилашда ва даромадларни тасарруф этишда шахсий томорқа ер участкалари эгаларига кўмаклашади;

томорқа хўжалиги билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида шахсий томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш масалаларига доир тушунтириш ишларини олиб боради;

шахсий томорқа ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан мониторингни амалга оширади.

11-модда. Томорқа хўжалигидаги меҳнат фаолияти

Томорқа хўжалигидаги фаолият шахсий томорқа ер участкаси эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади.

Майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ёки мазкур майдонда шоҳли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда боқаётган шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Бунда шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқни ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир календарь йил деб ҳисобга олинади. Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

12-модда. Томорқа хўжалигини юритишда фойдаланиладиган мол-мулк

Томорқа хўжалигини юритишда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган шахсий томорқа ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш биноларидан, маиший ва бошқа бинолардан, шунингдек транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникасидан, ашёлар, асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, асаларилар, паррандалар, ипак қурти (пилла) ва бошқа мол-мулкдан фойдаланилиши мумкин.

13-модда. Томорқа хўжаликларининг ҳисобини юритиш

Томорқа хўжаликларининг ҳисоби шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган шахслар томонидан ихтиёрий равишда тақдим этиладиган маълумотлар асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан Томорқа хўжаликларини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш орқали юритилади.

Томорқа хўжаликларини ҳисобга олиш реестрида қуйидаги ахборот акс эттирилади:

шахсий томорқа ер участкаси эгасининг, шунингдек у билан бирга яшовчи ёки томорқа хўжалигини юритишни биргаликда амалга оширувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси;

шахсий томорқа ер участкасининг дон экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилган, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган (қайта ишланадиган) майдони;

қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг, асалариларнинг, паррандаларнинг ва ипак қурти қутиларининг сони;

қишлоқ хўжалиги техникасининг, ускуналарининг, транспорт воситаларининг сони тўғрисидаги ахборот.

Томорқа хўжаликларини ҳисобга олиш реестрида акс эттирилган маълумотлардан қонунчиликда белгиланган тартибда томорқа хўжаликларини ривожлантиришга доир асосий кўрсаткичларни шакллантириш ва амалга ошириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланилади.

14-модда. Низоларни ҳал этиш

Шахсий томорқа ер участкаларида томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

15-модда. Томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Томорқа хўжалиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

16-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш

1. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда қабул қилинган «Ўсимликлар карантини ­тўғрисида»ги ­113-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 июлда қабул қилинган ЎРҚ-484-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 7, 429-модда; 2020 йил, № 1, 4-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда) 11-модда биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошисидаги «шахсий томорқа, фермер ва деҳқон хўжаликларига» деган сўзлар «томорқа, фермер ва деҳқон хўжаликларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги 543-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 21 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-409-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 274-модда; 2017 йил, № 9, ­510-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 8, 470-модда; 2020 йил, № 9, 539-модда) ­111-модда биринчи қисмининг ўнинчи хатбошисидаги «шахсий томорқа, деҳқон ва фермер хўжаликларига» деган сўзлар «томорқа, фермер ва деҳқон хўжаликларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ­ЎРҚ-642-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 10, ­595-модда) ўзгартишлар киритилсин:

1) 12-модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисидаги «шахсий томорқа хўжаликларидаги» деган сўзлар «томорқа хўжаликларидаги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 96-модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида» деган сўзлар «томорқа ва деҳқон хўжаликларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

17-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

18-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

19-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 1 апрель

ЎРҚ-681-сон.

*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.04.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 707 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика