Божхона органлари алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга оширишмоқда.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан вилоят ИИБ ва Миллий гвардия бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида сифатсиз алкоголь маҳсулотларини фуқароларга сотиб келаётган шахсларни аниқлаш мақсадида тезкор тадбир ўтказди. Урганч туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.А. шартли харидорга бир хил рақамли акциз маркалари билан қадоқланган умумий қиймати 9,3 млн сўмлик қарийб 200 литр ароқ маҳсулотларини сотган вақтида тўхтатиб қолинди.
Ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида ашёвий далил сифатида олинган ароқ маҳсулотлари қопқоғига ёпиштирилган маркалар «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан тайёрланмаганлиги, балки улар рангли принтерда тайёрланиб, қалбакилаштирилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан «қаллоб маркачи»га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.