Хорижий корхона ҳайвонлар терисидан чарм тайёрлаш билан шуғулланади. Материалларни (кимёвий воситаларни) импорт қилишда 3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон қарорга биноан божхона тўловларидан озод қилиш тарзидаги имтиёзга эга. Корхона ўзидаги кимёвий воситалардан фойдаланган ҳолда буюртмачининг материалларидан (давал хом ашёдан) маҳсулотлар ишлаб чиқармоқчи бўляпти.
Бунда имтиёз сақланиб қоладими?
– Чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилган:
● фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;
● белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этиш;
● юқоридаги тасдиқланадиган рўйхатларга киритилмаган, ўз ишлаб чиқариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлаш муддатини қонунчиликда белгиланган тартибда кечиктириш (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон қарорнинг 9-б.).
Шунингдек буюртмачининг материалларида (ҳайвонлар терисидан) чарм ишлаб чиқариш Президентнинг ПҚ-3693-сон қарорининг 9-бандида кўрсатилган фаолият турларига киритилади. Бинобарин, материалларни (кимёвий воситаларни) импорт қилишда божхона божидан озод қилиш тарзидаги имтиёз сақланиб қолади.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.