Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 14 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурлар (кейинги ўринларда – Дастурлар) доирасида сўнгги 3 йил давомида 600 мингдан зиёд аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилган.

2021 йилда аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш борасидаги тадбирларни тизимли равишда давом эттириш мақсадида:

1. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган:

2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги мақсадли параметрлари 1-иловага** мувофиқ;

2021 йилда Дастурлар доирасида лойиҳаларни кредитлашнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари ­2-иловага** мувофиқ маъқуллансин.

2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М.Холхўжаев, молия вазирининг ўринбосари Қ.Х.Тапаров, Марказий банк раисининг ўринбосари А.А.Камалов (кейинги ўринларда – Дастур координаторлари):

ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда ажратилаётган ресурсларни Дастурлар, ваколатли банклар ва ҳудудлар кесимида тезкор қайта тақсимлаш бўйича ваколатли ҳисоблансин;

ажратилаётган маблағлар доирасида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурига киритилган қишлоқ ва маҳаллаларда, уларнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришни назарда тутсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Дастурлар доирасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади;

кредит олишда талабгорларга «Агробанк» АТБ, АТ Халқ банки ва «Микрокредитбанк» АТБлар орасидан бирини ихтиёрий танлаб, барча дастурлар доирасида имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаат этиш имконияти яратилади;

кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот (кейинги ўринларда – таъминотчи) томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (иш бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади;

ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин;

«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

4. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун:

а) Молия вазирлиги:

1,3 трлн сўм миқдоридаги маблағни ваколатли банкларнинг устав капиталини оширишга, шу жумладан «Агробанк» АТБга – 700 млрд сўм, «Микрокредитбанк» АТБга – 400 млрд сўм ва АТ Халқ банкига – 200 млрд сўм йўналтирсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига юқоридаги топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга:

ваколатли банкларга Дастур координаторларининг тақсимотига мувофиқ 1,6 трлн сўмлик кредит ресурслари ажратилишини;

АТ «Алоқабанк»ка асаларичиликни ривожлантириш учун 5 млн АҚШ доллари эквивалентида ва «Туронбанк» АТБга тадбиркорлик субъектларининг 10 сотихдан кам бўлмаган майдонларда лимончиликни ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 8 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилишини таъминласин.

5. Молия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2021–2022 йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар ҳисобидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган 1,6 трлн сўм кредит ресурсларини қоплаб бориш чораларини кўрсин.

Бунда, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига қопланган маблағлар миқдоридаги ваколатли банкларнинг мажбуриятлари Молия вазирлиги фойдасига қайта расмийлаштирилади.

6. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорга мувофиқ:

тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси доирасида белгиланади;

тижорат банкларига кредит ресурслари Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст даражада ажратилади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда сектор раҳбарлари Дастурлар бўйича кредитларнинг белгиланган муддатларда қайтарилишининг таъминланишида ваколатли банкларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб борсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 27 март

ПҚ-5041-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.03.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Прочитано: 640 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика