Мамлакатларимиз президентларининг учрашувларидан сўнг Тошкентдаги ўзбек-қирғиз тадбиркорларининг ишбилармонлик анжуманида иштирок этган қирғизистонлик тадбиркор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган қўшма корхонани ташкил этишни режалаштирди. Шу мақсадда у ўз компаниясининг ходими билан бирга Ўзбекистонга келиб, республикамизнинг минтақаларини автомашинада айланиб чиқмоқчи.
Бундай «айланиш»ни божхона чегарасида қандай расмийлаштириш мумкин? Машина Ўзбекистонда қанча муддат бўлиб туриши мумкин? бунда божхона тўловларини тўлаш керак бўладими?
– Чет эллик фуқаронинг шахсий автотранспортини божхона ҳудудига вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштириш у нотижорат мақсадларида олиб кирилганда йўл қўйилади. Бу ҳолда божхона тўловларини тўлашдан озод этиш назарда тутилган. Бунда жисмоний шахснинг чет эллик бўлиши ҳамда транспорт воситаси чет давлат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак (БК 158-м.).
Автомашинани шахсий фойдаланиш учун олиб кирганда норезидент уни вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштириши керак. Вақтинча олиб кириш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади (БК 61-м.).
Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш БКнинг 21-боби қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан берилган тегишли рухсатнома асосида амалга оширилади.
Мазкур режим товарлар Ўзбекистон ҳудудида вақтинча туришини ва белгиланган муддат давомида ўзгармас ҳолатда фойдаланилишини назарда тутади. Лекин бу шартни қатъиян деб тушунмаслик керак, зеро, вақтинча олиб кирилган автомобиль эскириши мумкин. Шунинг учун уни таъмирласа бўлади, бироқ капитал таъмирлаш бунга кирмайди. Бу дегани автомобилнинг бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни, шу жумладан майда таъмирлаш операцияларини (бундан уни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно), техник хизмат кўрсатиш ва уни соз ҳолатда сақлаб туриш учун зарур бошқа операцияларни амалга оширишга йўл қўйилади.
Муҳими, республикадан уни олиб чиқаётганда божхона органлари автомобилни бир маънода идентификациялаш имкониятига эга бўлишлари керак.
Маълумот учун. Автомобилнинг шахсий ҳаракатланишида унинг олиб кирилиши маълумотларни йўловчи божхона декларациясининг 6-бандида Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рақами 2606, 5.08.2014 й.) мувофиқ акс эттириш йўли билан маълум қилинади. Декларациялашда автомашинанинг давлат рақами ва маркаси кўрсатилади.
Тўловлар хусусида
Агар чет эллик жисмоний шахс транспорт воситасини бир календарь йил давомида 90 календарь кунгача бўлган муддатга нотижорат мақсадларида вақтинча олиб кираётган бўлса, у шартли равишда божхона божи ва солиқларни тўлашдан озод этилади (Рўйхатнинг 3-б., 20.06.2016 йилдаги 212-сон ВМҚ). Автомобилнинг қайта олиб чиқилишини назорат қилиш учун киришдаги божхона пости ҳайдовчи тақдим этган шахсни тасдиқловчи ҳужжат, автомобилнинг техник паспорти асосида транспортнинг қайта олиб чиқиб кетилиши тўғрисида мажбуриятни расмийлаштиради.
Автомобиль мана шу белгиланган муддат тугашига қадар олиб чиқиб кетилмаган бўлса, у ҳолда божхона божи ва солиқларни тўлашдан қисман озод этилади. Вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловларини тўлаш билан боғлиқ бўлган барча масалалар БКнинг 66-моддасида тушунтирилган.
Мазкур тўловлар автомобиль вақтинча олиб кириш божхона режимида турган ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган календарь ой учун, у вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган кунда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона божлари ва солиқлар суммасининг 5 фоизи миқдорида чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилади. Тўловлар тўланадиган куни ЎзР Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича миллий валютада тўланади.
Маълумот учун. Даврий божхона тўловларини ҳисоблашда товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари қўлланилади.
Вақтинча олиб кириш муддати
Товарни вақтинча олиб кириш муддати БКнинг 64-моддасида белгиланган. Бу муддат товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилни ташкил этади. Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш рухсатномаси амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Чет эллик фуқаронинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган автотранспорт унинг республикада тахминий бўлиши тўғрисида автомашина эгасининг ёзма аризаси асосида белгиланган даврга вақтинча олиб кирилиши мумкин. Айрим турдаги товарлар учун (шу жумладан автомобиль учун) кўпроқ муддат белгиланиши мумкин. Уларнинг рўйхати БК 64-моддаси 4-қисмида келтирилади.
Маълумот учун. Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимининг амал қилиши муддати тугамай ушбу божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.
Бошқа жиҳатлар
Вақтинча олиб кирилган автомобилдан уни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахсгина фойдаланиши ва (ёки) уни тасарруф этиши мумкин.
Вақтинча олиб кирилган автомобилдан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши тугагунига қадар бошқа шахсга ўтказишга, башарти ушбу шахс божхона органлари олдида вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига бундан буён ҳам риоя этилиши бўйича ёзма мажбуриятларни ўз зиммасига олса, йўл қўйилади.
Автомобиль даврий божхона тўловлари тўланган ҳолда вақтинча олиб кирилган тақдирда, уни дастлаб вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс автомашина вақтинча олиб кириш божхона режимида турган бутун давр учун божхона тўловларини бундай ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказиладиган пайтга қадар тўлаши керак.
Вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига риоя этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун бошқа шахс тақдим этган божхона декларацияси божхона органи томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади (БК 67-м.).
Маълумот учун. Вақтинча олиб кирилган товарни бошқа шахсга ўтказилганлиги дастлаб белгиланган вақтинча олиб кириш муддатини тўхтатиб турмайди ва узайтирмайди.
Вақтинча олиб кириш божхона режими вақтинча олиб кириш муддати ўтган куннинг эртасидан кечиктирмай автомашинани олиб чиқиш ёки уни бошқа божхона режимига жойлаштириш билан тугалланиши керак.
Вақтинча олиб кириш товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш билан тугалланса ва даврий божхона тўловлари тўланганда товарни божхона йиғимларини тўлаган ҳолда мазкур режимга жойлаштириш учун БЮД расмийлаштирилади (БК 69-м.).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.