Ташкилотда бундай орган бўлиши зарурми? Агар шундай бўлса, бу касаба уюшмаси бўлиши лозимми? Бундай орган мавжуд бўлмаганлиги учун иш берувчи жавобгарликка тортилиши мумкинми?
Саволарга «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова жавоб берди:
– Ходимларнинг вакиллик органи (ВО) – касаба уюшмаси бўлиши шарт эмас. Бу, масалан, Меҳнат жамоаси кенгаши ҳам бўлиши мумкин (МК 21-м.).
Бундай органни тузиш ходимларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Яъни ташкилотда вакиллик органи тузилиши ёки тузилмаслиги мумкин. Бундай орган мавжуд бўлмаганда, иш берувчи жавобгарликка тортилмайди.
Бироқ, бошқа томондан қараганда, ташкилотда бундай орган бўлгани мақбул ҳисобланади. У ходимларга ҳуқуқ ва манфаатларини тақдим этиш ва ҳимоя қилиш, иш берувчига эса корхонанинг айрим локал ҳужжатларини (таътиллар жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқалар) қонунийлаштириш учун зарурдир.
Таътиллар жадвали (МК 144-м.). ва ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ташкилотнинг зарурий локал ҳужжатлари ҳисобланади. ИМТҚ, бошқа ҳужжатлар қатори, меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари рўйхатини белгилайди, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича ишдан бўшатиш мумкин бўлади. Ушбу иккала ҳужжатни иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди (МК 144, 174-м.).
Ташкилотда ИМТҚ мавжуд бўлмаса ёки уларни тасдиқлаш тартиби бузилган (масалан, улар ВО билан келишилмаган) бўлса, ёхуд ИМТҚда «меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари» рўйхати келтирилмаган тақдирда, ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ишдан бўшатиш мумкин бўлмайди.
Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва шакллари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловларни белгилайдиган локал ҳужжатлар ВО билан келишилган ҳолда қабул қилинади (МК 153-м.).
Меҳнат жамоаси кенгаши қандай тузилади
Ходимлар Меҳнат жамоаси кенгашини (МЖК) тузишга қарор қилган бўлсалар, меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференция ўтказилиши лозим. Умумий йиғилишда ходимларнинг ярмидан кўпроғи, конференцияда эса делегатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади (МК 39-м.).
Умумий йиғилиш ва конференциянинг фарқи нимада
Кичик ташкилотларда, қоидага кўра, ходимларнинг умумий йиғилиши ўтказилади. Барча штатдаги ходимларни тўплаш ва умумий йиғилиш ўтказиш техник жиҳатдан мураккаб бўлган йирик корхоналарда конференция ўтказилади. Конференцияда ташкилотнинг тузилмавий бўлинмаларидан сайланган делегатлар иштирок этади.
Конференция ёки умумий йиғилиш кун тартибига қуйидаги масалалар киритилади:
1) меҳнат жамоаси умумий йиғилиши (конференция) раиси ва котибини сайлаш;
2) МЖКни тузиш;
3) МЖК тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
4) МЖК аъзоларини сайлаш.
Ушбу масалалар юзасидан қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Умумий йиғилиш (конференция) раиси, котиби ҳамда МЖКнинг ҳар бир аъзоси учун алоҳида овоз берилиши лозим. Умумий йиғилишнинг МЖКни тузиш, унинг аъзоларини сайлаш ва у ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари умумий йиғилиш (конференция) баённомасига киритилади, ушбу баённома раис ва котиб томонидан имзоланади.
Меҳнат жамоаси кенгаши тўғрисидаги низомда нималар назарда тутилади
МЖК тўғрисидаги низомда мазкур вакиллик органининг ташкил этилиши ва фаолият юритиш тартиби, шунингдек унинг ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланади.
Унга қуйидагиларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади:
- МЖКни шакллантириш тартиби, тузилмаси ва фаолият юритиш регламенти;
- МЖКнинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- МЖК фаолиятини тугатиш, МЖК аъзолари ваколатларини бекор қилиш тартиби.
МЖК таркибининг сони ва аъзоларининг ваколатлари муддати меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида белгиланади.
Қоидага кўра, МЖК таркибига раис, унинг ўринбосари, котиб ва бир неча аъзолар киритилади. Ташкилот раҳбари МЖК таркибига сайланмайди. Кўпинча Низомда ўриндошлар, вақтинча ишлайдиган ходимлар, стажёрлар МЖКга сайланмаслиги кўрсатилади.
МЖК тўғрисидаги низом ким томонидан имзоланади
Одатда Низомнинг биринчи варағида (юқори қисмидаги чап бурчагида) у меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференцияда) қабул қилинганлиги кўрсатилади. У ерда баённома рақами ва санаси ҳам қайд этилади.
Низом умумий йиғилиш (конференция) раиси ва котиби, шунингдек сайланган Меҳнат жамоаси кенгаши раиси томонидан имзоланади. Ушбу ҳужжат иш берувчи томонидан имзоланмайди.