ЙПХ ходимлари машинани сабабсиз тўхтатишяпти. Бу ҳолат учун нималар муайян асос бўлиши мумкин?
– ЙПХ ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:
- ҳайдовчи томонидан Йўл ҳаракати қоидаларининг (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова) бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда;
- транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисаси ёки бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадор эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
- ЙТҲ, ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурати юзага келганда;
- ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;
- транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурати юзага келганда (чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно);
- махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида;
- транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, шунингдек транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш учун (махсус ва ҳарбий юклар, божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона хизмат томонидан пломбаланган юклар бундан мустасно).
ЙПХ ходими томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситаларининг тўхтатилиши тақиқланади (ВМнинг 1.12.2018 йилдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 6-б.).