Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 50 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори 

 

Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларнинг масъулиятини ошириш ва мониторинг тизимини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 79-моддасига мувофиқ жамиятнинг директорига, бошқарув аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши ва шартномада белгиланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг давлат иштирокидаги корхоналарда ижро этувчи орган фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Белгилансинки:

давлат иштирокидаги корхоналарда ижро этувчи орган фаолияти самарадорлиги натижалари Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки уларнинг фаолияти қониқарсиз ёхуд паст даражада деб эътироф этилган тақдирда, ижро этувчи орган аъзолари рағбатлантирилишига йўл қўйилмайди;

давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан, тижорат банклари ижро этувчи органининг йил якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги юқори баҳоланган тақдирда, уларга корхонанинг тегишли бошқарув органи қарорига асосан олинган соф фойданинг беш фоизигача бўлган миқдорда, белгиланган тартибда бир йўла тўланадиган бонус берилиши мумкин. Тўланган бонус миқдори тўғрисидаги ахборот тўлов амалга оширилган санадан бошлаб икки кун муддатда давлат иштирокидаги корхоналар расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

4. Агентлик:

а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда энергия сиғими ва энергия самарадорлигига оид бошқа индикаторларни ишлаб чиқсин, уларни ҳисоблаш қоидалари ва норматив кўрсаткичларини тасдиқласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг тизимидаги юридик шахслар тўғрисидаги маъумотларни, шу жумладан, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларни Агентликнинг «Давлат мулки» ахборот тизимига киритиш ишларини якунига етказсин;

икки ой муддатда давлат иштирокидаги корхоналар учун уларнинг фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига оид маълумотлар онлайн тарзда «Давлат мулки» ахборот тизимига киритилишини назарда тутувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилишини таъминласин;

2021 йил 1 февралга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги улушини, уларни ялпи ички маҳсулот, экспорт ҳажмлари, асосий капиталга инвестициялар шаклланиши, ишлаб чиқаришдаги ва аҳоли бандлигидаги улушларини ҳисоблаш ва ҳар чорак якуни бўйича мониторинг олиб бориш тизимини йўлга қўйсин;

2021 йил 1 мартга қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция лойиҳалари, уларни амалга ошириш натижасида ташкил этиладиган иш ўринлари ва бошқа маълумотлар «Давлат мулки» ахборот тизимига автоматик тарзда интеграция қилинишини йўлга қўйсин;

в) уч ой муддатда давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлиги натижаларини жойлаштириш учун қулай бўлган, унинг натижаларини ҳудудлар ва тармоқлар бўйича, фойдаланувчилар учун қулай шаклда кўриш, тегишли самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини автоматик тарзда ҳисоблаб чиқиш ва бошқа функцияларни акс эттирувчи янги модулни «Давлат мулки» ахборот тизимига киритсин. Ушбу тизимдаги оммавий ошкор қилинадиган маълумотлар, шу жумладан, самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги йиғма маълумотлар, Агентликнинг расмий веб-сайтида автоматик тарзда динамик янгиланувчан контент шаклида чоп этилишини таъминласин;

г) 2021 йил 1 мартга қадар давлат иштирокидаги корхоналар томонидан илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида корхона фаолияти давомийлигини (business continuity) таъминлашга қаратилган ҳужжатлар ва кўрсаткичлар ишлаб чиқилиши ва уларнинг ваколатли бошқарув органлари томонидан тасдиқланишини ташкил этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х.Бекенов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 9 декабрь

755-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.12.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 654 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика