Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 50 / Солиқ солиш

Бепул беришда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади

 

Товарларни (хизматларни) бепул беришда, бундан шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно, ҚҚС ушбу товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу қийматни қандай аниқлаш ва қандай ҳолларда бепул бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳисобланиши ҳақида Молия вазирлигининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ buxgalter.uz учун махсус сўзлаб берди: 

 

– Товарларни бепул бериш (хизматлар кўрсатиш) – бу ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида реализация қилиш бўйича айланмадир. Бундан товарларни шундай бериш, хизматлар кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно (СК 239-м. 1-қ. 2-б., 2-қ. 2-б.).

Бепул бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса (СК 239-м. 3-қ.).

 

МИСОЛ. Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган товарларни бепул бериш

ҚҚС тўловчиси бўлган савдо корхонаси реклама мақсадида харидорларга ўз товарларининг намуналарини ва ўзининг логотипи туширилган ёдгорликларни (футболкалар, ручкалар, пакетлар) бепул тарқатади. Бу корхонанинг товарларига мижозлар эътиборини жалб қилиш, мавжудларини сақлаш ва янги мижозларни топиш учун амалга оширилади.

Бундай беришиқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди, сабаби у даромад олишга қаратилган фаолиятни юритиш мақсадида амалга оширилиб, у бундай фаолиятни сақлаш ва ривожлантириш учун зарурдир. Бинобарин, мазкур вазиятда ҚҚС солиш объекти юзага келмайди.

 

Корхонанинг солиқ агенти сифатидаги харажатлари солиқ тўловчилар – реклама кампанияси доирасида товарлар ва ёдгорликларни олувчиларнинг даромади ҳисобланмайди (СК 369-м. 2-қ. 14-б.).

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш шартларига жавоб бермайдиган товарларни (хизматларни) бепул беришда ҚҚС бўйича солиқ базаси ушбу товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (СК ­248-м. 3-қ. 2-б.).

ҚҚС бўйича солиқ базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби махсус Низом (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 3-илова) билан белгиланади.

 

Бепул бериладиган товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархи қандай аниқланади?

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати – товарларнинг (хизматларнинг) эҳтимолга энг яқин ва адолатли қиймати, шу жумладан, ваколатли органлар, баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланган, товарлар (хизматлар) бозорида реализация қилиниши (кўрсатилиши) мумкин бўлган қиймат. Уни аниқлашда қуйидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин:

● ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

● ахборот-нарх агентликлари маълумотлари;

● ОАВдан олинган маълумотлар;

● биржа хабарлари;

● Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган ташқи савдонинг божхона статистикаси;

● қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни ўрнатадиган ваколатли органларнинг маълумотлари (Низомнинг 6-б.).

 

Агар товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати кўрсатиб ўтилган манбаларда турлича бўлса, солиқ солиш мақсадларида уларнинг ўртача қиймати инобатга олинади.

 

МИСОЛ-1. Бепул беришда бозор қийматини аниқлаш

ҚҚС тўловчиси бўлган савдо корхонаси бошқа корхонага товар туркумини бепул беради. Уни сотиб олиш қиймати воситачининг хизматларини инобатга олган ҳолда ҚҚСсиз 12 000 минг сўмни ташкил этади. Реализация қилиш қиймати корхонанинг прайс-варақларига асосан – 18 000 минг сўм ҚҚСсиз.

Ушбу операция бўйича ҳисобланган ҚҚС 2 700 минг сўмни (18 000 х 15%) ташкил этади.

 

МИСОЛ-2. Бепул беришда бозор қийматини аниқлаш

ҚҚС тўловчиси бўлган корхона бошқа корхонага бепул фойдаланиш учун омбор биносини беради. Бундай бериш реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилиши боис, корхона хизматнинг бозор қийматини аниқлаши ва ундан ҚҚС ҳисоблаши керак.

Корхона бинони ижарага тижорат асосида бермайди. ОАВдан олинган маълумотларга биноан ушбу туманда шунга ўхшаш бинони ижарага беришнинг ўртача қиймати ойига 600 минг сўмга тенг.

ҚҚС бўйича солиқ базаси акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади (СК 248-м. 1-қ.).

Битим нархи берилаётган товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматига тўғри келиши лозимлиги боис, корхона 78,3 минг сўм (600 : 115 х 15) миқдорида ҚҚС ҳисоблаши зарур.

 

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини кўрсатилган манбалар бўйича аниқлашнинг имконияти бўлмаган тақдирда, баҳоловчи ташкилот жалб қилинади ёхуд харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланилади (Низомнинг 7-б.).

 

Товарларни (хизматларни) олувчида ҳадя қилувчи томонидан ҳисобланган ҚҚС ҳисобга олинмайди (СК 267-м. 1-қ. 6-б.). Олувчи қуйидагиларни олишда ҚҚС тўлаши шарт бўлган ҳоллар бундан мустасно:

● товарларни импорт қилишда;

● ЎзР солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олинмаган чет эллик шахсдан Ўзбекистон реализация қилиш жойи ҳисобланадиган товарларни (хизматларни) олишда.

Ушбу ҳолларда тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин.

 

 

Агар солиқ органлари бепул беришда ҚҚС товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан анча паст ёки юқори бўлган нархдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганлигини аниқлашса, улар ҚҚС бўйича солиқ базасига худди у бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган каби тузатиш киритишга ҳақли.

 

Солиқ органларининг солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори солиқнинг камайтирилганлиги ёки тўлиқ тўланмаганлиги учун молиявий санкцияларга олиб келмайди (СК 223, ­224-м.). Бунда солиқ текширувлари натижаларига биноан қўшимча ҳисобланган солиқлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (СК 317-м. 12-б.).

Прочитано: 371 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика