Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 50 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Мамлакатда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, давлат томонидан алоҳида соҳаларни ортиқча тартибга солиш ҳолатлари ҳанузгача мавжудлиги хусусий секторнинг давлат функцияларини амалга оширишдаги иштироки даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Жумладан, давлат функцияларини хусусий секторга бериш имкониятини ўрганишга ҳамда мазкур йўналишда тегишли шарт-шароитларни яратишга кўмаклашувчи тизимнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари томонидан ушбу масалаларга эътибор қаратилмаётганлигига олиб келмоқда.

Бозор шароитида рақобатни янада ривожлантириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратиш, фуқароларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

1-иловага мувофиқ давлат бошқаруви соҳасига хусусий секторни жалб қилишнинг дастлабки йўналишлари;

давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида амалда мавжуд имкониятларни кенгайтириш;

тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши;

хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятининг ишга туширилиши;

вазирлик ва идоралар кесимида хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил этиш механизмларини йўлга қўйишга қаратилган давлат функцияларининг ягона реестри шакллантирилиши.

2. Кадастр ишларини бажариш соҳасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4270-сон қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилганлиги инобатга олинсин;

б) белгилаб қўйилсинки, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилаётган мазкур тажриба-синов 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилади ҳамда унинг доирасида:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади;

кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнлари махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ҳамда Кадастр агентлиги томонидан мониторинги олиб борилади;

кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ўз фаолиятини юридик шахслар билан меҳнат шартномасини тузиш орқали ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга оширади;

кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш бўйича хизматлар учун нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган минимал ставкалардан кам бўлмаган миқдорда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади.

3. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин. Бунда:

Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокациясини, мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги икки йилда аниқланган йўл ҳаракати қоидалари турлари бўйича қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни «Е-IJRO AUKSION» тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиб боради;

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

электрон аукцион савдоларига қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида аниқланади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган аниқ мезонлар ва техник топшириқларга мувофиқ харид қилади ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан белгиланадиган талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ бириктирилган жойларда ўрнатади;

ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларининг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан жорий электр энергияси харажатларини қоплаш тадбиркорлик субъектлари зиммасига юклатилади;

тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималардан ажратмалар миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тақсимланади.

2021–2022 йилларда республика бўйича махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш дастури 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

4. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилсин. Бунда:

ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари учун замонавий автодромларни ташкил этиш ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш бўйича қўшимча мажбуриятлар назарда тутилади;

ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади;

ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади;

ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;

назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади;

махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркорлик субъекти томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

5. Транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин. Бунда:

Автомобиль йўллари қўмитаси оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокациясини ва мазкур ҳудуддаги транспорт оқими тўғрисидаги маълумотларни «Е-IJRO AUKSION» тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиб боради;

оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

электрон аукцион савдоларига қўйиш учун оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида аниқланади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади;

электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларни Автомобиль йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган аниқ мезонлар, техник топшириқлар, ўрнатишга қўйиладиган талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ харид қилади ва бириктирилган жойларда ўрнатади;

ўрнатилган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ўрнатилган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларнинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан жорий электр энергияси харажатларини қоплаш тадбиркорлик субъектлари зиммасига юклатилади;

тадбиркорлик субъектларига тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималардан ажратмалар миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тақсимланади.

2021–2022 йилларда республика бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларни ўрнатиш дастури 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

6. Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилсин. Бунда:

агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг ходимлари аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган ва кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт;

сертификатлар 3 йил муддатга берилади ва уларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматларни кўрсатиш Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформаси доирасида амалга оширилади;

агент сифатида хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектларини тегишли давлат хизматини кўрсатиш тизимига улаш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва жараённи мониторинг қилиш мазкур хизматларни кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилади;

Давлат хизматлари агентлиги агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади;

фуқаролар учун ягона электрон реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилади;

агент хизматлари учун фуқаролар томонидан алоҳида тўлов амалга оширилади, бунда нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматлар кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

7. Белгилансинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади. Бунда:

мазкур талаб давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли функцияларни хусусий секторга ўтказиш бўйича олиб борилган таҳлиллари, самарадорлигини ўрганиш натижалари ва аниқ ҳисоб-китоблари асосида Молия вазирлигининг салбий хулосаси мавжуд бўлган ҳолатларда татбиқ қилинмайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларни ўзи муассис бўлган давлат корхоналарига юклаш тақиқланади.

Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг хусусий секторга ўтказиладиган ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларининг ҳамда ушбу тартиб жорий этиладиган вазирлик ва идораларнинг рўйхатини, шунингдек, улар бўйича иқтисодий таҳлил ўтказиш методикасини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. «Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳаси доирасида давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича «Йўл харитаси» 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қуйидаги босқичлардан иборат бўлган давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хусусий секторга ўтказиш учун давлат функцияларини ҳар йили танлаб олиш. Бунда:

вазирлик ва идораларнинг давлат бошқарувидаги самарасиз ҳамда эксклюзив функция ва ваколатлари тўлиқ хатловдан ўтказилади;

хусусий секторга ўтказиш имконияти мавжудлиги ва иқтисодий самарадорлиги нуқтаи назаридан давлат функциялари объектив таҳлил қилинади;

хусусий секторга мослаштирган ҳолда давлат функцияларининг мазмун-моҳияти аниқлаштирилади;

хусусий секторга ўтказишга таклиф этилаётган давлат функцияларининг якуний рўйхати тегишли вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида шакллантирилади;

б) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан хусусий сектор бозори давлат функцияларини амалга ошириш учун тайёрлигини таҳлил қилиш. Бунда:

хусусий секторга ўтказиш таклиф этилаётган давлат функциялари рўйхати эълон қилинади ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади;

давлат функцияларини амалга ошириш учун хусусий сектор фаоллигини рағбатлантириш чоралари ишлаб чиқилади;

давлат функцияларини амалга ошириш учун хусусий секторнинг таклиф ва мулоҳазалари умумлаштирилади ва таҳлил қилинади;

ўтказилаётган давлат функцияларига ўхшаш бўлган фаолият тажрибасига эга хусусий сектор субъектларининг дастлабки рўйхати шакллантирилади;

хусусий секторда зарур ресурслар ва инфратузилма, шунингдек, малакали кадрлар мавжудлиги нуқтаи назаридан таҳлил ўтказилади;

реал харажатлар ва товар (иш, хизмат) қийматини ҳисобга олган ҳолда хусусий сектор ва истеъмолчилар учун давлат функцияларини амалга ошириш қиймати белгиланади;

в) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;

г) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан хусусий секторга ўтказилган давлат функциялари амалга оширилишини мониторинг қилиш. Бунда:

давлат функциялари амалга оширилганлиги натижалари бўйича хусусий секторнинг маълумоти умумлаштирилади ва таҳлил қилинади, шунингдек, умумлаштирилган маълумотлар асосида улар амалга оширилганлигининг самарадорлиги ва сифати баҳоланади;

хусусий сектор томонидан давлат функциялари самарасиз ёки сифатсиз амалга оширилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда, камчиликларни бартараф этиш ҳамда ўтказилган давлат функцияларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади;

д) Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат функциялари ўтказилиши муносабати билан тегишли давлат органининг штат бирликларини мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Бунда:

давлат функциялари хусусий секторга ўтказилгандан сўнг давлат органи бўлинмаларининг функционал юкламаси таҳлил қилинади;

давлат функциялари ўтказилиши муносабати билан давлат органлари тегишли бўлинмаларининг бўшаган штат бирликларини мақбуллаштириш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

10. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларининг мақбуллаштирилган қисми ҳисобидан 8 та штат бирлигидан иборат Хусусий секторни таҳлил қилиш ва ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин ҳамда унинг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

«Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳаси ва давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини юритиб бориш;

хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функциялари таҳлилини олиб бориш ва ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилиши юзасидан таклифлар тайёрлаш.

11. Қуйидагилар:

а) Кадастр агентлиги директори Х.С.Турахужаев зиммасига – Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги тажриба-синов тариқасида жорий этиладиган кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш функциясини амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш, ушбу хизматлар нархининг минимал ставкаларини белгилаш, махсус автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;

б) ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига:

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари тўлиқ тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда бириктирилишини ташкил этиш, ушбу йўналишда тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам бериш, юзага келадиган муаммоларни холисона, адолатли ва тезкор ҳал этиш ҳамда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўз вақтида ўрнатилиши ва ишга туширилишини таъминлаш;

тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартлари ишлаб чиқилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан замонавий автодромларни ташкил этиш ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш, назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказилишини назорат қилиш;

в) Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.А.Абдувалиев зиммасига – оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар тўлиқ тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда бириктирилишини ташкил этиш, ушбу йўналишда тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам бериш, юзага келадиган муаммоларни холисона, адолатли ва тезкор ҳал этиш ҳамда оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўз вақтида ўрнатилиши ва ишга туширилишини таъминлаш;

г) адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига – давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиш, ушбу хизматни кўрсатиш ҳуқуқини берувчи сертификатни бериш тартибини ишлаб чиқиш, агент сифатидаги хизматлар бўйича махсус ўқув курсларининг ташкил этилишини таъминлаш;

д) молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига – давлат органлари ва ташкилотларининг хусусий секторга ўтказиладиган ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларининг ҳамда ушбу тартиб жорий этиладиган вазирлик ва идораларнинг рўйхатини, шунингдек, улар бўйича иқтисодий таҳлил ўтказиш методикасини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият ва жавобгарлик юклансин.

12. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

а) Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров давлат органларининг тегишли функциялари белгиланган муддатларда хусусий секторга ўтказилишини, шунингдек, хусусий секторга ўтказилган давлат функцияларини амалга ошириш тартиблари қисқа муддатларда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;

б) Давлат активларини бошқариш агентлиги (С.Х.Бекенов) икки ой муддатда мазкур қарорда белгиланган электрон аукцион савдоларини жорий этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилишини таъминласин;

в) масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин;

г) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Ж.Ортиқов):

мунтазам равишда хусусий секторга ўтказилган давлат функциялари амалга оширилишини мониторинг қилиб борсин;

бир ой муддатда Хусусий секторни таҳлил қилиш ва ривожлантириш бошқармасини зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;

икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) Адлия вазирлиги (Р.Қ.Давлетов) давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари ва ўз-ўзини тартибга солиш институтини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин;

е) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кўчимов) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев) билан биргаликда оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни аҳоли орасида кенг ёритиш чораларини кўрсин.

13. Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 март, 1 сентябрь ва 2022 йил 1 январга қадар, кейинчалик ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2020 йил 7 декабрь

ПҚ-4913-сон.

ЎзР Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорига
1-ИЛОВА

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ СОҲАСИГА ХУСУСИЙ СЕКТОРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШНИНГ
ДАСТЛАБКИ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Т/р

 

Йўналиш номи

 

Амалга ошириш механизмлари

 

Хусусий секторга ўтказиладиган сана

 

Масъул ташкилот

 

1.

 

Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш

 

1. Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.

2. Кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнлари махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ҳамда Кадастр агентлиги томонидан мониторинг қилиб борилади.

3. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ўз фаолиятини юридик шахслар билан меҳнат шартномасини тузиш орқали ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга оширади.

4. Кадастр йиғмажилдини тайёрлаш бўйича хизматлар учун нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган минимал ставкалардан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб

 

Кадастр агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

 

2.

 

Автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш

 

1. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойлар дислокацияси «Е-IJRO AUKSION» тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиниши ҳамда мазкур жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон аукцион савдолари орқали чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

2. Электрон аукцион савдоларига қўйиш учун мазкур дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

3. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари дастурий-техник воситаларини белгиланган талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ бириктирилган жойларда ўрнатади.

4. Ўрнатилган дастурий-техник воситалари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинади, шунингдек, унинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш тадбиркорлик субъекти зиммасига юклатилади.

5. Мазкур дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималардан ажратмалар миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тақсимланади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб

 

Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси

 

3.

 

Барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (трамвай ва троллейбусдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш

 

1. Тадбиркорлик субъектлари замонавий автодромларни ташкил этади ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлайди.

2. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади.

3. Имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади.

4. Имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади ва унинг барча зарур реквизитлари давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб

 

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги

 

4.

 

Автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш

 

1. Оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади ҳамда чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

2. Электрон аукцион савдоларига қўйиш учун стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

3. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари стационар шохобчаларни белгиланган талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ бириктирилган жойларда ўрнатади.

4. Ўрнатилган стационар шохобчалар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинади, шунингдек, унинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш тадбиркорлик субъекти зиммасига юклатилади.

5. Мазкур стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималардан ажратмалар миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тақсимланади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб

 

Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги

 

5.

 

Давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотлари, шу жумладан давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиш

 

1. Тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматларни кўрсатиш Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформаси доирасида амалга оширилади.

2. Агент сифатида хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектларини тегишли давлат хизматини кўрсатиш тизимига улаш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва жараённи мониторинг қилиш мазкур хизматларни кўрсатувчи давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

3. Давлат хизматлари агентлиги агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади.

4. Фуқаролар учун ягона электрон реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилади.

5. Агент хизматлари учун нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади.

2021 йил 1 мартдан бошлаб

 

Адлия вазирлиги

 

6.

 

Давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш

 

1. Давлат органлари ва ташкилотларининг хусусий секторга ўтказиладиган ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларининг ҳамда ушбу тартиб жорий этиладиган вазирлик ва идораларнинг рўйхати, шунингдек, улар бўйича иқтисодий таҳлил ўтказиш методикаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

2. Мазкур функциялар давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли функцияларни хусусий секторга ўтказиш бўйича олиб борилган таҳлиллари, самарадорлигини ўрганиш натижалари ва аниқ ҳисоб-китоблари асосида ўтказилади.

2021 йил 1 июндан бошлаб

 

Молия вазирлиги

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.12.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2–4-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 88 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика