Norma.uz

УМШни барбод қилиш бўйича технология ноқонуний деб топилди

 

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини яхшилаш ва барпо қилиш деб номланган, лекин аслида барбод қилган Олмалиқ тажрибаси Адлия вазирлиги томонидан ноқонуний деб топилди. Тошкент вилояти адлия бошқармасининг тақдимномаси асосида Олмалиқ ҳокими олдинги ҳокимнинг кўп квартирали уйларни самарали бошқаришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорини бекор қилди.

 

Собиқ шаҳар бошлиғининг тушунчасига кўра «самарали бошқарув» деб ҳисобланган бу ғоя 355 та кўп қаватли уйларнинг мулкдорларини бирлаштирган 38 та УМШни тугатиб, барча уй-жой фондини ўша вақтда ҳали ташкил этиб улгурилмаган бешта бошқарув компаниясининг қўлига топширишни назарда тутар эди. Бу ишлар албатта уй-жойда яшайдиган мулкдорларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олмаган ҳолда бажарилган. Бундай таваккалли лойиҳа, тўғрироғи, ўзбошимчалик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш шаҳарда уй-жой фондини барбод қилишга олиб келиши тайин эди.

 

«Ташвиқотчилар»га ишонманг – УМШ бошқарув усулларидан бири бўлиб қолаверади

Бир қарашда истеъфодаги ҳокимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва булар оқибатида юз бериши мумкин бўлган воқеликларга Адлия вазирлигининг берган баҳоси қонуннинг тантана қилишига ва уй-жой фонди ҳар қандай ноқонуний ишларни амалга ошириш мумкин бўлган қўриқ ердек туюлган янги ислоҳотчилар учун дарс бўлиши лозим эди. Аммо шундай деб ўйласангиз, чучварани хом санабсиз! Олмалиқ воқеаси совиб улгурмасданоқ бундай мурожаатлар пойтахтнинг Чилонзор ва бошқа туманларидан ҳам кела бошлади. Бу мурожаатларда ҳам кўп квартирали уйларда яшаётганларни янги бошқарув компаниялари билан шартномалар тузиш, ширкатларни тугатишга мажбурлашаётгани ёзилади. Одатдагидек, мазкур кампанияда ҳам УМШлар ёпилмоқда, уйлар БК хизматига ўтаётир, бу ҳақда керакли ҳужжат тасдиқланганлиги ташвиқот қилинади. Буларнинг барчаси уй-жой фондини бошқаришни тижорат йўлига қўйишга интилаётганлардан чиқаётган сохта ахборот халос.

Кўп квартирали уйларни профессионал бошқариш – бу, аслида, хайрли ишлардан эканлигини эслатиб ўтмоқчиман. Лекин бошқарув усулини ҳозирги кунда тез-тез учраётгани сингари мулкдорларга босим ўтказган ҳолда эмас, балки уларнинг эркин танловлари асосида олиб борилиши керак.

 

Ёддан чиқмасин, бу ўта муҳим!

Кўп квартирали уйни бошқариш усули мазкур уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади.

Кўп квартирали уйни бошқариш:

  • бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;
  • уй-жой мулкдорларининг ширкати томонидан;
  • бошқарувчи ёки бошқарувчи ташкилот томонидан ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқача усулда амалга оширилиши мумкин (УЖК 138-м.; «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 8, 21-моддалари).

Мазкур меъёрлар бузилган тақдирда мулкдорлар прокуратура, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, суд органларига мурожаат қилиш учун барча асосларга эга бўладилар.

 

Қонунларни бузишда давом этишмоқда

Собиқ Олмалиқ ҳокимининг журъатига қойил қолса бўлади – у тошкентлик ислоҳотчилардан ҳам ўтиб тушди. Икки йил олдин пойтахтда кўп квартирали уйларни бошқаришни бошқарув компанияларига топшириш тажрибаси бошланган эди: бу синовларни аввалига Юнусобод тумани, кейин Чилонзор тумани бошлаб берди. Уйда яшовчиларга худди ўшандай муомала қилинди, яъни қаердадир зуғум билан, бошқа жойларда ширин сўз билан ёндашишди, масалан, мажбурий бадаллар миқдорини 2 баравар камайтириш, кредитларни сўндиришни бекор қилиш, тўловлардан қарзи бўлганларнинг маблағларидан тўлиқ воз кечиш ва шунга ўхшаш бир қатор алғов-далғов ваъдалар берилди.

Лекин пойтахтда туман ҳокимлари бу қадар таваккалчиликка боришолмаган (балки бу вақтинча шундай бўлгандир) ва уй-жой фонди билан боғлиқ қонунчиликка зид бошқарув бошбошдоқликлари Олмалиқда бўлгани сингари расмий «қоғозга ўралмади». Юнусободда бу тажриба ҳокимнинг қарори билан эмас, балки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, бинобарин, уй-жой фондини бошқариш усуллари белгиланаётган турар жойга оид қонун ҳужжати ишлаб чиқилаётган бир шароитда амалга киритилди. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан барча синов-тажрибалар тўхтатилиши кераклиги аниқ-равшан бўлди. Кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича на ҳокимларда, на янги бошқарувчиларда савол ва тушунмовчиликлар туғилмаслиги керак эди. Лекин, вазиятнинг кўрсатишича, улар ё қонунларни ўқишмайди ёхуд ундаги мазмунни ўзларича тушунадилар. Мободо янгиликлар қонунчиликни қўпол равишда бузган ҳолда ўтказилган тақдирда, бундай янгиликка зудликда нуқта қўйиш керак эди. Шунинг учун бўлса керак, Юнусобод тажрибасига ҳалигача тегишли баҳо берилгани йўқ – бизда хатоларни тан олишдан ҳозирга қадар уялишади.

Фуқаролик муносабатларининг эркинликларини бузадиган уй-жой фондини бошқаришнинг ҳуқуққа зид бўлган тартибини ҳар жойда ўрнатиш қўлдан келмаяпти. Бироқ кўп квартирали уйларни ўзбошимча ва қонунчиликка зид тарзда ҳаракат қилувчилар билан ўралашиб қолган янги БКларга топширишни назарда тутувчи шубҳали лойиҳаларни республика бўйича оммалаштирмоқчи бўлишмоқда. Бундай «янгилик эпкинлари»нинг акс-садоси ҳатто минтақалардан келмоқда. Одатда, қаерда аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли бўлмаса, қонунбузилишларга қандай қарши чиқишни билмаса, ана шу жойларда бу каби янгиликлар учрамоқда.

 

Ширкатларга қарши юриш стратегияси

Аслини олганда, Олмалиқда гап УМШни барбод қилиш технологияси ва уй-жой фонди бошқарувини қонунчиликка зид йўл билан тижорат ташкилотларига бериш ҳақида кетган эди. Уйларда яшовчиларнинг фикр-мулоҳазалари бу стратегияга мос тушмайди. Ваҳоланки гап умумий уй мол-мулкини бошқариш ҳақида кетмоқда, бу мол-мулк квартира эгаларининг хусусий мулки ҳисобланади. Бу мол-мулкни ким ва қандай бошқариши кераклиги тўғрисидаги қарорни қабул қилиш – айнан мулкдорларнинг мутлақ ҳуқуқига киради, билъакс, уйларда яшовчиларнинг розилигини олмаган ҳолда уйларга кириб олиб, уларнинг мол-мулкига хизмат кўрсатишни бошқаларга юклашга қарор қилган ҳокимнинг ҳуқуқи эмас. Бу нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланмиш УМШнинг ишларига аралашувдан бошқа нарса эмас. Демак, бу бошқа технологиялар сингари қонунчилик билан тақиқланган хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бунинг учун жавобгарлик назарда тутилади.

Уй-жой фондини бошқаришнинг олмалиқча модели мулкдорларнинг ҳуқуқларига қўпол тарзда тажовуз қилиш бўлган эди: барча (!) ширкатлар бекор қилиниши, уларнинг ҳисобварақлари ёпилиши, банклар билан шартномалари бекор қилиниши, УМШларнинг муҳр ва штамплари йўқ қилиниши, янги бошқарув компанияларига ер участкалари ажратилиши, кредитлар ҳисобидан бу жойларда офислар қурилиши, аҳоли билан шартномалар тузилиши ва ҳоказолар қилиниши керак эди. Бунда уй-жой (мулк хусусий бўлгани ҳолда!) мулкдорларининг хоҳиш-иродаси умуман ҳисобга олинган эмас. Уларга нотаниш компаниялар билан шартномалар тузишни мажбурлашган, бу компаниялар на моддий-техник базага, на иш тажрибасига эга бўлган, уларни танлаш учун танловлар ҳам ўтказилмаган, уларда мулкдорлар ҳам иштирок этмаган. Аҳоли учун мажбурлаб «тиқиштирилган» истиқболдаги бошқарувчилардан бири, масалан, илгари ўзини яхши жиҳатдан кўрсатолмаганлардан бўлиб чиққан. Савол туғилади: бу янги бошқарувчиларнинг ўзи ким, улар кимларнинг манфаатларини ифода қилишади? Бундай зуғум ва тазйиқ остида – албатта аҳолининг манфаатларини бўлмаса керак.

Балки Олмалиқдаги синов ўз вақтида тўхтатиб қолинмаганида у уй-жой фондини қандай бошқариб бўлмаслиги тўғрисидаги тажриба бўлиши мумкин эди. Балки собиқ ҳоким бунга ўзи журъат қилолмаган ҳам бўлармиди? Ислоҳотлар шабадаси ҳар ҳолда пойтахтдан эсаётгандек кўринади. Энг қизиғи шундаки, уй-жой фонди бошқарувини хусусий қўлларга топшириш бўйича чора-тадбирлар собиқ Олмалиқ шаҳар маъмурияти раҳбарининг қарорида «давлат-хусусий шериклик» сифатида кўзда тутилган ва бу ишларни ОАВда ёритиш белгиланган эди. Бу қандай иш эканлигидан ҳокимларнинг ўзи тасаввурга эгамикин? Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига савол: ҳокимлар ва уй-жой фондини БК ёрдамида бошқаришни илгари сураётган янги бошқарувчилар мазкур жараёнларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳақида тасаввурга эга бўлмасалар, уй-жой соҳаси таг-томири билан барбод бўлишидан олдин бу борада уларнинг саводини чиқариш билан жиддий тарзда шуғулланадиган вақти келмадимикин?

 

Адлия вазирлиги ҳокимнинг қарорини ноқонуний деб топди

Тошкент вилояти адлия бошқармаси собиқ Олмалиқ шаҳар ҳокимининг қарорини қонун ҳужжатлари талабларига зид деб топди. Шаҳар маъмуриятининг янги раҳбари вазирликнинг тақдимномаси асосида қарорни бекор қилди. Тақдимномада ҳоким томонидан бир қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар бузилганлиги кўрсатилган. Хусусан:

1) кўп квартирали уйни бошқариш усули шу уйдаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади (УЖК 138-м.);

2) ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киради («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 38-м.).

Ширкатни тугатиш тўғрисидаги қарор УМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинмаган, балки унинг фаолиятини шаҳар ҳокимияти тўхтатган эди. Қолаверса, ширкатни юридик шахс сифатида тугатиш ҳуқуқига фақат ширкат аъзоларининг ўзи ёки суд эга бўлган;

3) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 49-м.);

4) шаҳар ҳокимининг қарори билан тадбиркорлик субъектлари ва ширкатлар учун адлия бўлимида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган мажбурий кўрсатма нормалари белгиланган эди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 22-моддалари);

5) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи меъёрий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (Низом 2-б., ВМнинг 9.10.1997 йилдаги 469-сон қарори билан тасдиқланган).

Прочитано: 554 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика