Вазирлар Маҳкамасининг 20.11.2020 йилдаги «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 737-сон қарори қабул қилинди (қарор матни «СБХ» ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида берилган).
Ҳукуматнинг «Маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (23.11.2019 йилдаги 944-сон) мувофиқ амалга оширилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва келгусида кузатиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси доирасида:
- маркировкаланган сигарета қутиси муваффақиятли ишлаб чиқилган, шунингдек тамаки ишлаб чиқариш фабрикаларини махсус сервер ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш ва уларни корхоналарни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларига интеграция қилиш орқали тамаки маҳсулотларини кузатиб бориш механизми ишга туширилган;
- алкоголь маҳсулотлари учун синов тариқасида маркировкаланган ёрлиқлар ишлаб чиқилган, маркировкалаш ахборот тизимининг таркибий қисмлари ўрнатилган ҳамда маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2021–2022 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхати;
- Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш тизимини самарали жорий қилиш бўйича «йўл харитаси».
Давлат солиқ қўмитасига қуйидагиларни ишлаб чиқиш топширилди:
- 2020 йил 10 декабрга қадар алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни;
- 2021 йил 30 декабрга қадар тажриба лойиҳаси якунларига кўра бошқа товарларни маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни.
2021 йил 1 мартдан бошлаб маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.
ДСҚга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимини (МАТ) жорий қилиш топширилди.
Қуйидагилар «Asl belgisi» МАТнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- маҳсулот айланмаси юзасидан барча босқичларни рўйхатдан ўтказиш орқали идентификация воситалари ёрдамида маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш;
- маълумотларни сақлаш, олиш, ўтказиш, тарқатиш, қайта ишлаш, нашр этиш, фойдаланиш жараёнида «Asl belgisi» МАТда талаблар белгилаш орқали сақланадиган маълумотларнинг чекланганлигини таъминлаш.
Давлат солиқ қўмитасига:
- айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш соҳасида ДХШ лойиҳаси концепциясини давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органига кўриб чиқиш учун бир ҳафта муддатда тақдим этиш;
- айрим товар позицияларини маркировкалаш юзасидан жорий қилинган тажриба натижаларини ҳисобга олган ҳолда «Asl belgisi» МАТни ишлаб чиқиш, ундан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун «CRPT Turon» МЧЖ билан биргаликда тўғридан-тўғри музокаралар асосида ДХШ битимини тузиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.11.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.