2020 йил 24 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Парламент аъзоларига қонун лойиҳаси билан бирга 2022–2023 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози ҳам тақдим этилди. Улар келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган.
Асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга қаратилмоқда, яъни ЯИМ ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,1% миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 5,8%, қурилишда 6,5%, қишлоқ хўжалигида 2,7% ва хизматлар соҳасида 6,4% кўпайиши назарда тутилмоқда.
2021 йилда ЯИМ 688,9 трлн сўмни, Давлат бюджети даромадлари 147 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 21,3% даражасида бўлиши кутилмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари 165,7 трлн сўмни ташкил этади. Бу 2020 йилдагига нисбатан 24%га кўп бўлиб, бунда Давлат бюджети харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.
Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига коронавирус пандемияси даврида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ваколати берилмоқда.
Маҳаллий ҳокимликларга юқори турувчи бюджетлардан ажратилиши режалаштирилган бюджетлараро трансфертлар миқдорларини инобатга олиб, тегишли маҳаллий бюджетлар лойиҳалари баланслилигини таъминлаган ҳолда навбатдаги йил учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ва харажатлар прогнозларига тенг миқдорда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Бюджет жараёни шаффофлигини янада ошириш мақсадида Давлат бюджети ижросига доир маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тақдирда, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларига жарима қўллаш таклиф қилинмоқда.
2021 йилда бюджет харажатларида таълим соҳасида давлат дастурларини амалга ошириш харажатларига салкам 2,2 трлн сўм, шу жумладан илк бор чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш харажатлари учун 30 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Нодавлат МТМ тармоғи кенгайганлигини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджетидан ушбу муассасаларга 600 млрд сўм, яъни жорий йилга нисбатан икки баробар кўп субсидиялар ажратиш режалаштирилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
parliament.gov.uz материали асосида.