Оммавий ахборот воситаларидан карантин даврида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари Бухоро шаҳрида ҳисобга қўйиш масалалари бўйича қисман хизмат кўрсатишаётганлигини билиб қолдим. Гулистон шаҳридан келганимга ва ўғлимнинг уйида яшаётганимга анча бўлганлиги сабабли шу ерда ҳисобга турмоқчиман.
Фуқароларни яшаш жой бўйича ҳисобга қўйаядиган аҳолига масофавий хизмат кўрсатиш мавжудми?
– Ўғлингизнинг яшаш жойида ҳисобга туриш учун Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилишингиз мумкин, бунда ваколатли орган марказдан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали зарур маълумотларни олади.
ЯИДХП орқали ҳисобга туриш учун мурожаат қилинган ҳолда электрон шаклдаги сўровнома мустақил равишда тўлдирилиши лозим.
Сўровнома қуйидаги ҳужжатлар асосида тўлдирилади:
- уй-жой мулкдори ва фуқаронинг паспорти;
- уй-жой кадастр ҳужжатлари (кадастр паспорти, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма);
- 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
- контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки ЎзР Қуролли кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун) ва паспорт нусхаси.
Уй-жой мулкдори (мулкдорлари) номидан нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ҳаракатланаётган шахслар фуқарони турар жойга ҳисобга қўйишга розилик бериш учун МваФР бўлинмасига мурожаат қиладилар.
Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг уй-жой мулкдори (мулкдорлари) уни ўзларининг ЭРИ билан тасдиқлайдилар.
ЭРИ калити бўлмаган ҳолларда, тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши (кадастр ҳужжатлари, паспорт маълумотлари, нотариал тасдиқланган розилик хати), шунингдек давлат хизмати кўрсатиш учун давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Сўровнома ваколатли органнинг электрон тизимига ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига келиб тушган вақтдан бошлаб 1 кун мобайнида мавжуд маълумотлар базасидан уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда текширилади.
Текшириш натижасига кўра, турган жойидаги ҳисобга олиш тўғрисида фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатга Bare-Code билан ҳимояланган қайд варағини ЯИДХП орқали электрон тарзда юборилади.
Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2%и миқдорида давлат божи ундирилади (Низом, ВМнинг 845-сон қарорига 1-илова).
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.