Фавқулодда ва оғир эпидемиологик вазият туфайли туристик фирма деярли фаолият юритмаяпти.
2020 йилда корхона ходимларига иш ҳақи сақланмайдиган таътилни қанча муддатга расмийлаштириш мумкин?
– Умумий қоидага кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади (МК 150-м.).
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ даврда, 2020 йилда мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилиши муносабати билан тарбияланувчилар ва ўқувчиларнинг ота-оналари бундан мустасно. Карантин давридаги бундай таътилга энг кўп давомийлик муддатини чеклаш татбиқ этилмайди. Бунда таътил муддати мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим муассасалари фаолияти тўхтатиб турилган муддатдан ошмаслиги лозим. Ушбу таътил унинг давомийлигидан қатъи назар, ходимнинг меҳнат стажига киритилади (Низомнинг 8, 9-бандлари, АВ томонидан 28.03.2020 йилда 3227-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Болалар боғчалари ёки мактаблар фаолияти тикланса, ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил муддати тугамасдан ишга чиқишга, шунингдек одатий иш тартибига (масофадан туриб ишлаш белгиланган ҳолларда) ўтишга ҳақлидир. Бунинг учун у ёзма ариза тақдим этади, иш берувчи эса ушбу аризани қаноатлантириши шарт (Низомнинг 10-банди).