2019 йилдан аудиторлик хизматлари бозорини босқичма-босқич либераллаштириш бошланди. Аудиторлик ташкилотларининг устав капиталига нисбатан сунъий талаб ҳамда уларни дунё бўйича ягона ҳисобланган хизмат кўрсатиладиган объектлар бўйича таснифлаш тартиби бекор қилинди. Яна бир қадам қўйиш – бир аудиторлик ташкилотида мажбурий тартибда белгиланадиган сертификатланган мутахассислар сонини камайтириш ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга аудиторлик хизматларини кўрсатишга рухсат бериш фурсати келди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки 10–15 йили давомида Ўзбекистонда аудит бозори жадаллик билан ривожланган, бу даврда кўп сонли аудиторлар ва аудиторлар ташкилотлари фаолият юритишган. Либерал нормаларнинг амал қилиши бу ҳолатнинг сабаблардан бири эди, уларга кўра 2007 йилга қадар қонунан аудиторлик ташкилотлари штатида камида иккита сертификатланган аудитор бўлиши мажбурий ҳисобланган.
Бироқ 2007 йилдан бошлаб барча аудиторлик ташкилотлари аудит ўтказиш ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда учта гуруҳга бўлинган, уларда иккитадан олтитагача сертификатланган мутахассислар бўлиши шартлиги белгиланган.
Одатда қонун ижодкорлиги жараёнида аввало жаҳон тажрибаси ҳамда ривожланган ва тараққий этган давлатлар тажрибаси таҳлил этилади. Охирги ўзгартиришлардан олдин деярли барча қитъалар (Европа, Осиё, Америка) бўйича аудиторлик ташкилотларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Кўпчилик давлатларда, шу жумладан АҚШда аудиторлар энг кам сони икки нафар мутахассисдан, Россия ва Жанубий Кореяда уч нафар мутахассисдан иборат бўлган. Дарвоқе, Россияда ушбу талаб уч йил олдин пайдо бўлган.
Қонун чиқарувчилар хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқиб, қарийб 10 йилдан буён аудиторлик ташкилотларининг учта гуруҳга ажратиб келиниши фақат Ўзбекистонда амал қилганлигининг гувоҳи бўлдилар. Бу аудиторлик фаолиятини тартибга солиш нуқтаи назаридан самарали ҳисобланганда, ҳеч бўлмаганда биронта давлат ушбу тажрибадан фойдаланган бўларди.
Қонун чиқарувчилар 2018 йилда аудиторлик хизматлари бозорини либераллаштириш бўйича дастлабки қадамни қўйдилар. Биринчидан, аудиторлик компанияларини уларнинг устав капитали ҳажмига боғлиқ ҳолда сунъий равишда тақсимлаш ва у ёки бу ташкилотларда текширув ўтказиш бўйича чекловлар бекор қилинди. Иккинчидан, битта аудиторлик ташкилотидаги аудиторларнинг энг кам сони тўрт нафар мутахассисдан иборат бўлиши белгиланди.
Аудиторлик хизматлари бозори жадал ривожланишига имкон берадиган навбатдаги қадамни қўйиш фурсати етди деб ҳисоблаймиз.
Биринчи таклиф – аудиторлик ташкилотларида талаб этиладиган сертификатланган мутахассисларнинг энг кам сони икки нафар аудитордан иборат бўлишини белгилаш. Бу аудиторлик хизматлари бозорини фаоллаштиришга имкон беради.
Иккинчи таклиф – аудиторларга аудиторлик хизматларини якка тартибда кўрсатишга рухсат бериш. Кўпгина мамлакатларда аудиторлар якка тартибдаги (хусусий) тадбиркорлар сифатида фаолият юритадилар. Бундай аудиторларнинг мижозлари бозори – бу, қоидага кўра, кичик бизнес ҳисобланади. Кичик фирмаларга хизмат кўрсатиш учун мутахассисларнинг катта гуруҳи талаб этилмайди. Хизматлари нархи қўшимча харажатлар камлиги боис анча рақобатбоп ҳисобланган битта аудитор мижозларнинг мавжуд муаммоларини муваффақиятли ҳал эта олади.
Ўзбекистонда кичик бизнеснинг ривожлантириш даражаси айни ушбу тажрибадан фойдаланиш зарурлигини тақозо этмоқда деб ҳисоблаймиз. Бу барча солиқларни тўлаган ҳолда очиқ-ошкора фаолият юритишни хоҳлайдиган кичик корхоналарга жиддий ижобий таъсир кўрсатади ҳамда бозорга янги профессионалларни олиб келади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилиниб, уни мукаммаллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Шу йиллар мобайнида қийинчиликларни енгиб ўтган аудиторлар ҳар қандай янгиликларга ҳам тайёрдирлар. Бунда янги ташкил этилган ва тугатилган аудиторлик ташкилотлари сони статистикаси кўриб чиқилганда, салмоқ кўрсаткичлари бўйича мазкур тадбиркорлик соҳаси фаолият муддати қисқалиги бўйича етакчилар қаторида эканлиги аён бўлар эди.
Ўзбекистонда аудитни янада ривожлантириш мақсадида қонун ижодкорлиги иштирокчиларини ижобий жаҳон тажрибасини инобатга олишга чақирамиз.
Манфаатдор шахслар бизнинг позициямизга конструктив ёндашиб, тўғри тушунишларига ишонамиз.
Фроянченко Б.М., «FINEKS» МЧЖ директори,
Бадин В.В., «Maslohat-Harakat» МЧЖ аудитори,
Пивень Л.А., «Maslohat-Harakat» МЧЖ директори,
Каримов С.Э. «UHY Tashkent» МЧЖ директори,
Голосова С. А., «Tri-S-AUDIT" МЧЖ директори,
Тверянкин В.Б., «KORIFEY-AUDIT» МЧЖ директори,
Жуков О.В., «Audit-Services» МЧЖ директори,
Ким Н.Б., «Ekoaudit» МЧЖ директори,
Гайнулина Г.М. «Global-audit» МЧЖ директори в.б.,
Алавиддинов Ш.М. «Business audit today» МЧЖ директори,
Норқобилов А.Х., «Termiz-Audit» МЧЖ директори,
Погосян А.А., «Xarakat-audit» МЧЖ директори,
Исмаилова С.А., «ORIENT AUDIT» МЧЖ директори,
Эргашев А. Э., «REAL AUDIT INVEST» МЧЖ директори,
Ким М.В., «Crowe TAC» МЧЖ аудитори.