● «Таможня» сўзи ўзбекчами?
● Навоий, Пушкин ва Сервантесларнинг луғат бойлиги
● Тил қадрини билмаслик – кечирилмас жиноят
Ўз она тилини эъзозлаш, севиш ватанпарварлик ва миллатпарварликнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, унинг замирида ўзликни англаш, яъни ота-она, халқ, устозлар берган илм-тарбия ва тилга ҳурмат ётади.
Ватанпарварлик ва миллатпарварликни баландпарвоз гаплар, ғурур ёки ютуқларни олқишлаш билан исботлаш керак эмас. Балки, она тилини бошқа тилларнинг ўринсиз таъсиридан муҳофаза қилиш, истилоҳларни ўзбекчалаштириш, нутқда андишали сўзларни ишлатиш, мавжуд хато-камчиликларни бартараф қилишга ҳисса қўшиш керак. Ҳар бир фуқаро ўз давлат тилида мулоқот қилишни, иш юритишни миллатга ҳурмат, аждодларимизга эҳтиром, келажакка умид, керак бўлса, муқаддас ибодат ўрнида қабул қилиши билан исботлаши муҳим.
Ташқи савдо алоқалари, халқларнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларида тиллар туташиб, тиллар ранг-баранглиги таъминланади ва улар бир-бирини бойитиб боради. Лотин, юнон, араб ва миср, инглиз, форс, санскрит, шумер, славян (рус), туркий (ўзбек) тиллардан умумжаҳон тилларига минг-минглаб сўзлар, истилоҳлар кирди. Умумжаҳон тилларининг қиммати ортишига улуғ аждодларимиз Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Замаҳшарий, Амир Темур, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Бобур каби кўп сонли боболаримизнинг беқиёс ҳиссалари бор. Ҳарбий, божхона (таможня – тамға сўзидан келиб чиққан) ва дипломатия соҳаларида қўлланилаётган кўп халқаро истилоҳларнинг Амир Темур билан, тиббиёт (медицина)нинг Ибн Сино, алгебра, алгоритмнинг Ал-Хоразмий номи билан боғлиқлиги қувонарлидир.
Ўзбек тили бир тўлиб, бир нуқсонга учраб, қардош ва мустамлакачи халқлардан сўз кириб келиши натижасида луғатимиз бойиди ва аксинча, давр тақозоси билан кўп сонли қадимий сўзларимиз истеъмолдан чиқиб кетди.
Ўзбек тили тарихига кўра дунёнинг энг бой тилларидан ҳисобланган. Алишер Навоий ўз асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатган бўлса, рус шоири Пушкин асарларида 25 мингта, инглиз ёзувчиси Шекспир 22 мингта, испан ёзувчиси Сервантес эса бор-йўғи 18 мингта сўз ишлатган.
2013 йилда чоп этилган «Ўзбек тилининг имло луғати»га 75 мингта сўз киритилган. Бу ўзбек луғатчилигининг дунё луғатчилигидан анча ортда қолиб кетганлиги, ҳаттоки Навоий яшаган даврига нисбатан пасайганлигини кўрсатади.
Тил қанча бой бўлишига қарамай, агар унинг имкониятларидан, бойлигидан тўлақонли фойдаланилмаса, бу ҳолат тил ва нутқнинг камбағаллашувига олиб келади.
Тарихнинг ундан қадимроқ саҳифаларини варақласак, Амир Темурнинг «Темур тузуклари» ҳам эски ўзбек тилида ёзилганлигига гувоҳ бўламиз. Соҳибқирон ҳукмронлигидаги салтанатда иш юритиш, дипломатик ва сиёсат тили ҳам она тили – эски ўзбек тилида олиб борилганлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. Амир Темурнинг ҳарбий юришлари орқали дунёнинг кўп давлатларига халқимизга мансуб маданий қадриятлар, урф-одатлар, туркий адабиётлар, тил ва лаҳжалар кириб борган. Шу ислоҳотлар туфайли луғавий хазинамиз олтой оиласи тиллари сўзлардан ташқари, араб, форс, юнон, мўғул, рус ва бошқа тилларнинг минглаб сўзлари билан бойиди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгандан бошлаб тилимизга катта аҳамият бериб келади. Хусусан, давлат раҳбарининг халқаро ташрифлар, халқаро анжуманлар, юқори минбарлардаги чиқишларда, фахрий меҳмон сифатидаги эсдалик битикларида соф ўзбек тилидан фойдаланиши ҳар биримизда ифтихор туйғуларини уйғотди. Бу ўзбек тилининг дунё саҳнасига чиқиши, тўлиқ сиёсий тил даражасига кўтарилишини таъминлади. Маърифатпарвар аллома Алихонтўра Соғуний ўз она тили қадрига етмаслик ва унга аҳамият бермасликни ўз она тилидан абадий ажрамоқликка, миллий ҳиссиётларини йўқотишга тенглаштирган ҳамда бу ишни инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят деб ҳисоблаган.
Бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, унинг ҳурматини жойига қўйишда Президентимиз барчамизга ўрнак бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари хориждаги элчининг ўзбек тилини билишини мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезон сифатида эътироф этиб «Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?» деган сўзлари давлат тили сиёсатининг қай даражада мустаҳкам эканлигидан далолатдир.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман тарзидаги саммитида юртбошимизнинг нутқи айнан ўзбек тилида баён қилинди. «Жўшқин Гужарат» саммити доирасида Ҳиндистонга ташриф давомида ҳам ўзбек тилида нутқ сўзлади. Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишланган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги халқаро конференцияда ўзбек тили сиёсат тили сифатида қўлланилди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи кўтарилишига, имижининг яхшиланишига, фаол минтақавий ўйинчи сифатидаги позициясини белгилаб берилишига хизмат қилди.
Давлатимиз раҳбари Туркияга ташрифи доирасида Туркия Республикаси Президенти кутубхона мажмуасининг очилиш маросимида қатнашганда Фахрий меҳмонлар китобига кутубхонанинг илк меҳмони сифатида эсдалик битигини ўзбек тилида ёзганлиги ва битикларни телевидение орқали кўрсатилгани фахр-ифтихоримизни ошириб юборди.
Божхона хизмати идоралари фаолиятининг ҳам тил билан боғлиқ ўзига хос, ўта нозик хусусияти шундан иборатки, шахсий таркибнинг барчаси тил билиши, аввало, давлат тилини билишнинг юқори кўникмасига эга бўлишни тақозо қилади. Чунки, божхона идораларида оғзаки ва ёзма иш юритиш давлат тилида амалга оширилгани белгилангани билан, чегарада божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтаётган сайёҳлар, хорижий ҳамкорлар, бошқа миллатларга мансуб йўловчилар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан мос тилда мулоқот қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабаб, тизимда давлат тили масаласи сиёсат даражасида шахсан қўмита раисининг ўзи томонидан назорат қилинмоқда. Ходимларни хизматга янгидан қабул қилиш ҳамда Божхона институтига қабул жараёнидан олдин номзодларнинг давлат тилини билиш даражаси ўрганилади. Бу сифат ходимнинг комиллик даражаси ҳамда етарли тил кўникмасига эгалик мезонини белгилайди.
Ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, таълимнинг бакалавр, магистр босқичларида, шунингдек, мустақил равишда ўрганиш юзасидан ўзбек тили ва давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилади.
Божхона институтида алоҳида тиллар кафедраси мавжуд. Кафедра олимлари ва амалиётчи мутахассислар билан ҳамкорликда божхона истилоҳларига оид луғатлар, қомусий луғат, сўзлашгичлар, ўқув қўлланмалари яратилган ва мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда. Ҳозирда янги таҳрирдаги «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмаси ва «Божхона қомусий луғати» яратилиб, чоп этишга тайёрланди.
Давлат божхона қўмитасида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалаларига доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича дастур ишлаб чиқилди. Ҳозирда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун талабларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ва унинг таркибий тузилмаларида иш давлат тилида, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида қўшимча равишда қорақалпоқ тилида юритилиши белгиланган.
Умуммажбурий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам бу қоидага қатъий амал қилинмоқда. Бу йўналишда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари билан яқин ҳамкорлик ва назорат ўрнатилган. Амалиётда қўлланилаётган расмий иш қоғозлари шакллари тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилди. Таркибий тузилмаларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича масъуллар фаолият олиб бормоқда.
Тилимизнинг нуфузини ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларга ёзиладиган хатларнинг ҳам давлат тилида ёзилиши ва таржимаси илова сифатида юборилиши белгиланди. Бугунги кунда божхона хизмати идоралари амалиётида қўлланилаётган Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг 52 та дастурлари, 17 интерфаол хизматлари тўлиқ давлат тилига ўтказилмоқда.
Сўзимизни Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Ўзбек тилим» шеъридан иқтибос билан якунлашни лозим топдик:
Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,
Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.
Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,
– Сандулочим! –деган эдим сайраб юборди.
Ҳабибулла АЗИЗОВ,
ЎзР ДБҚ раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.