Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 20 / Бухгалтерга тавсиялар

Корхона айланма маблағларини қандай тўлдириш мумкин

 

Хўжалик фаолияти қисқараётган ҳозирги шароитларда харажатларини молиялаштириш учун маблағ етишмаслиги оқибатида кўплаб корхоналар қийин аҳволда қолмоқда. Бундай мураккаб вазиятларда ҳамкор ташкилотларнинг ёрдамидан фойдаланиш мумкин.

 

Ҳамкор ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган ёрдамга қуйидаги вариантларни келтирса бўлади:

қарзлар бериш;

устав фондига қўшимча улушлар қўшиш;

беғараз молиявий ёрдам.

 

ҚАРЗЛАР

Қарзлар, яъни қайтариш шарти билан маблағларни бериш – айланма маблағларни тўлдиришнинг кенг тарқалган шаклларидан бири ҳисобланади. Улар:

фоизсиз қарзлар, яъни муайян вақт ўтгандан кейин қарз суммаси қайтарилади;

асосий қарзни сўндириш ва белгиланган ставка бўйича фоизларни тўлаш мажбурияти билан берилиши мумкин.

Қарзлар ҳам пул шаклида, ҳам материаллар, тайёр маҳсулот ёки товар (товар қарзи) кўринишида тақдим этилиши мумкин.

 

Фоизсиз қарзлар

Фоизсиз қарз олиш учун қарз шартномасини тузинг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

қарз суммаси;

бериладиган муддат;

фоизларни тўлаш мажбуриятисиз қарз берилиши шартлари;

бошқа муҳим шартлар.

 

МИСОЛ. Фоизсиз қарз олишни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

2020 йил 15 апрелда ҚҚС тўловчи корхона бошқа корхонадан 6 ойга 200 млн сўм миқдорида фоизсиз қарз олди. Шундан: 85 млн сўми – пул маблағлари ва 115 млн сўми ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда материаллар (товарлар) билан берилди.

Корхона товар қарзи бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин, сабаби ҳисобга олиш учун барча шартларга мос келади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Операция

 

Сумма, (млн сўм)

 

Дебет

 

Кредит

 

Ҳисоб-китоб счётига пул кўринишидаги қарз келиб тушди

 

85

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Товар қарзи бўйича олинган материаллар кирим қилинди

 

100

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Олинган материаллар бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилди

 

15

 

4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (турлари бўйича)»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Пул кўринишидаги қарз сўндирилди

 

85

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Товар қарзини сўндириш учун материаллар берилди

 

115

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Берилган материаллар қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

100

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

Бериладиган материаллар қийматига ҚҚС ҳисобланди

 

15

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

 

 

 

Фоизли қарзлар

Фоизларни тўлаш мажбурияти билан қарз олиш учун қарз шартномасини тузинг, унда қуйидагиларни кўрсатинг:

қарз суммаси;

бериладиган муддат;

фоиз ставкаси ва фоизларни ҳисоблаш тартиби;

бошқа муҳим шартлар.

 

МИСОЛ. Фоизли қарз олишни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

2020 йил 15 апрелда ҚҚС тўловчи корхона тижорат ташкилотидан 6 ойга йиллик 15% билан 200 млн сўм миқдорида қарз олди. Шундан: 85 млн сўми – пул маблағлари ва 115 млн сўми ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда материаллар (товарлар) билан берилди.

Корхона товар қарзи бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин, сабаби ҳисобга олиш учун барча шартларга мос келади.

2020 йил 15 октябрда қарз сўндирилди. Шартномага мувофиқ пул маблағлари ҳисоб-китоб счётига ва (ёки) ҳисобварақ-фактура бўйича товарлар келиб тушган пайтдан бошлаб фоизлар ҳисобланади. Қарз қайтариладиган куни фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади, ушбу кун учун фоизлар ҳисобланмайди. Жами фоиз суммаси қарз қайтариладиган кунда сўндирилади.

Фоизлар қуйидагича ҳисобланди: 15 млн сўм (200 х 15% х 183 : 366), бунда 183 – қарздан фойдаланилган кунлар (ойлар бўйича: апрель – 16 кун, май – 31, июнь – 30, июль – 31, август – 31, сентябрь – 30, октябрь – 14 кун).

Ҳисобланган фоизлар тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинмасдан қарз берувчига ҳисоблаб ўтказилади, чунки фоизларни олувчида уларга солиқ солинади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Операция

 

Сумма, (млн сўм)

 

Дебет

 

Кредит

 

Пул кўринишидаги қарз суммаси ҳисоб-китоб счётига келиб тушди

 

85

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Товар қарзи шартномаси бўйича олинган материаллар кирим қилинди

 

100

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Олинган материаллар бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилди

 

15

 

4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (турлари бўйича)»

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

Қарз бўйича фоизлар ҳисобланди (ҳар бир ой ёки чорак охирида ҳисобланади, октябрь ойи учун фоизлар эса 15.10.2020 йилда ҳисобланади)

 

15

 

9530-«Фоизлар кўринишидаги харажатлар»

 

6920-«Ҳисобланган фоизлар

 

Пул кўринишидаги қарз сўндирилди

 

85

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Товар қарзини сўндириш ҳисобига материаллар берилди

 

115

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Берилган материаллар қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

100

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

Берилган материаллар қийматига ҚҚС ҳисобланди

 

15

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

 

Қарз бўйича фоизлар тўланди

 

15

 

6920-«Ҳисобланган фоизлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

 

 

Солиқ оқибатлари

Қарз шартномаси бўйича олинган маблағлар даромадлар сифатида ҳисобга олинмайди, уларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинмайди (СК 304-м. 16-б., 463-м. 1-қ.).

ҚҚСни тўловчи бўлсангиз ва ҚҚС тўловчидан товар қарзи олсангиз, ҚҚСни ҳисобга олиш учун барча шартларга риоя қилган ҳолда қарз берувчининг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин (СК ­266–268-моддалар).

Товар қарзи шартномаси бўйича мулк ҳуқуқининг берилиши товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланганлиги сабабли товар қарзини қайтаришда ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг (СК ­239-м. 1-қ. 1-б.).

ҚҚСни тўловчи бўлмасангиз, қарз берувчининг ҳисобварақ-фактурасидаги ҚҚС суммасини ТМЗ таннархига киритинг.

 

Фоизсиз қарз (қайтариш шарти билан молиявий кўмак) олинганда, қарз олувчида қарз берувчидан олинган пул маблағларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи кўринишидаги даромад юзага келади. У ЎзР МБ томонидан қарз олиш кунида белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. (СК 299-м. 4-қ.).

Бироқ 2020 йил охиригача фоиз даромадларини тўлаш мажбуриятларисиз қарз (молиявий ёрдам) олинганда фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ оқибатлари юзага келмайди (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармоннинг 15-б. 8-хатбошиси).

Солиқ солишдан озод этиш тарзидаги имтиёз 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача амал қилади (31 декабрь ҳам ҳисобга киритилади), шу жумладан – 2020 йил 1 апрелгача олинган қарз маблағларига нисбатан ҳам ушбу имтиёз қўлланилади (МВнинг 16.04.2020 йилдаги 06/04-01-03-32/1107-сон хатининг 9-б.).

 

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг резидентига фоизларни тўлашда тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинмайди, балки ушбу даромадларни олувчининг солиқ базасида ҳисобга олинади (СК 344-м. 1-қ.). Яъни фоизларни олувчида фоизлар тарзидаги даромадларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинади.

Мазкур норма нотижорат ва бюджет ташкилотларига (СК 344-м. 2-қ.), Ўзбекистон норезидентлари, шунингдек жисмоний шахсларга фоизлар тўланганда татбиқ этилмайди (СК 387-м. 1-қ. 3-б.). Мазкур ҳолатларда фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади.

 

 

УСТАВ ФОНДИНИ КЎПАЙТИРИШ

 

Масъулияти чекланган жамиятнинг (МЧЖ) УФ ҳам унинг таъсисчиларининг, ҳам учинчи шахсларнинг қўшимча ҳиссалари ҳисобига кўпайтирилиши мумкин. Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қуйидагиларнинг аризалари асосида унинг устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

жамият иштирокчиси (иштирокчилари)нинг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси;

агар бу жамиятнинг таъсис ҳужжатларида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахснинг уни жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-м.). 

 

УФ тўлиқ тўлангандан, яъни таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлиқ шакллантирилгандан кейин уни кўпайтириш мумкин.

 

УФни кўпайтириш учун:

1) МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унинг якунлари бўйича баённома тузинг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

қўшимча ҳиссаларнинг умумий қиймати;

жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси ёки учинчи шахснинг қўшимча ҳиссаси миқдори;

ҳиссаларни тўлиқ киритиш муддати.

2) таъсисчилар қарорида белгиланган муддат давомида таъсисчилар УФга қўшимча ҳиссаларни киритадилар;

3) қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унда қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилинг:

УФга қўшимча ҳиссалар якунларини тасдиқлаш ҳақида;

УФ миқдори кўпайиши билан боғлиқ ўзгартишларни таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида;

4) таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида тасдиқланган кундан эътиборан 30 кун давомида рўйхатдан ўтказувчи органга зарур ҳужжатларни тақдим этинг (Низом, ВМнинг 09.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова);

5) таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин УФнинг кўпайишини 8330-счётда «Пай ва улушлар»да акс эттиринг.

 

Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан кучга киради.

 

МИСОЛ. УФ кўпайтирилишини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

1 та юридик шахс ва 1 нафар жисмоний шахс МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади, уларнинг ҳар бирига корхона устав фондининг 50%и тегишли. УФнинг миқдори – 340 млн сўм.

Таъсисчилар учинчи шахснинг ҳиссаси ҳисобига 160 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари билан УФни кўпайтиришга қарор қилишди. Қўшимча ҳисса иштирокчиларнинг умумий йиғилиши баённомасида белгиланган муддатда киритилди.

Қўшимча ҳиссани киритиш якунлари тасдиқлангандан кейин жамият УФ кўпайтирилиши бўйича таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилди.

УФ миқдори кўпайтирилгандан кейин 500 млн сўмни (340 + 160) ташкил этиб, ундаги улушлар энди қуйидаги тарзда тақсимланди:

1-таъсисчи – 170 млн сўм, ёки 34%;

2-таъсисчи – 170 млн сўм, ёки 34%;

3-таъсисчи – 160 млн сўм, ёки 32%.

Бухгалтерия ҳисоби:

Операциянинг номи

 

Суммаси (млн сўм)

 

Дебет

 

Кредит

 

УФга қўшимча ҳисса киритилди

 

160

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6630-«Устав капиталини кўпайтириш бўйича муассисларнинг улушлари»

 

УФнинг кўпайтирилган миқдори рўйхатдан ўтказилди (таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган санада)

 

160

 

4610-«Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи»

 

8330-«Пай ва улушлар»

 

Қўшимча ҳисса суммаси ҳисобга олинди

 

160

 

6630-«Устав капиталини кўпайтириш бўйича муассисларнинг улушлари»

 

4610-«Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи»

 

 

 

Солиқ оқибатлари

УФга олинган ҳиссалар қуйидагилар бўйича даромад сифатида инобатга олинмайди:

фойда солиғи (СК 304-м. 1-б.);

айланмадан олинадиган солиқ (СК 463-м. 1-қ.).

Агар сиз – ҚҚС тўловчи бўлиб, асосий восита, материаллар, товарлар ёки бошқа мол-мулк тарзида ҚҚС тўловчидан қўшимча ҳисса олган бўлсангиз, ҚҚСни ҳисобга олиш учун барча шартларга риоя қилинган тақдирда таъсисчининг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишингиз мумкин (СК 266-268-моддалари).

Агар сиз ҚҚС тўловчи ҳисобланмасангиз, таъсисчининг ҳисобварақ-фактурасидаги ҚҚС суммасини олинган мол-мулкнинг бошланғич қийматига (таннархига) киритинг.

 

Агар УФнинг кўпайтирилиши рўй бермаган бўлса

УФнинг кўпайтирилиши рўй бермаган деб тан олинган ҳолатда жамият қўшимча ҳиссаларни қайтариб бериши даркор:

пул ҳиссаларини – 10 кун давомида;

пулсиз ҳиссаларни – 3 ой давомида.

Пул ҳиссалари ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда жамият ҳисса киритувчиларга ўзгаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз тўлаши шарт (ФК 327-м.);

Пулсиз ҳиссалар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда жамият бой берилган фойдани қоплаши керак (Қонуннинг 18-м. 10-қ.).

УФга олинган ҳиссалар жамиятнинг даромади ҳисобланмайди (СК 304-м. 1-б.). Бироқ, УФ кўпайтирилиши рўйхатдан ўтказилмаган, шу боис солиқ органлари олинган суммаларни фоизсиз қарз деб эътироф этишлари хатари мавжуд.

Агар таъсисчиларнинг қарорига биноан киритилган маблағлар (воситалар) корхонада қолса, уларни қуйидаги тарзда акс эттиринг:

пул маблағлари билан киритилган тақдирда текин қайтарилмайдиган молиявий ёрдам (9380-счёт) сифатида;

бошқа мол-мулк билан киритилган тақдирда текинга олинган мулк (8530-счёт) сифатида.

Пул маблағлари суммасини ва (ёки) мол-мулкнинг қийматини фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда жами даромадга киритинг (СК 297-м. 3-қ. 10-б., 463-м. 1-қ.).

 

Олег ЦОЙ,

«Norma» МЧЖ эксперти. 

Прочитано: 1137 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика