Етказиб берувчидан олди-сотди шартномасининг умумий суммаси – 1 000 дона товар учун 100 000 000 сўмни ташкил қилади. Бир ой ўтгандан кейин бошқа ташкилотдан 100 000 000 сўмга 1 500 дона олинган худди шу товарга ўхшаш товарни қайтаришга қарор қилдик.
Етказиб берувчига товарни шу тарзда қайтариб бериш мумкинми?
– Товар учун ҳисоб-китобни олди-сотди шартномасига биноан худди шунга ўхшаш товарни бериш йўли билан амалга ошириш бартер деб баҳоланиши мумкин. Ўзбекистон доирасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида мавоза (бартер) асосидаги шартномалар тузиш тақиқланган (Президентнинг 9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармони).
Мазкур вазиятда масалани ҳал этишнинг қуйидаги ечимини кўриб чиқишингизни тавсия қиламиз. Харидор сотувчи билан унда бор бўлган ўхшаш товарнинг олди-сотди шартномасини тузиши мумкин. Шу тариқа, ҳар икки томонда товар ҳақини тўлаш бўйича мажбурият вужудга келади. Ҳар иккала шартнома бўйича сумма бир хил бўлганлиги сабабли мажбуриятни муқобил ўхшаш талабларни ҳисобга ўтказиш билан бекор қилса бўлади. Муқобил ўхшаш талабларни ҳисобга ўтказиш – бу субъектларнинг мажбуриятлари бекор қилиниши тўғрисидаги ҳуқуқий муносабатлар бўлиб, бунда кредиторлик ва дебиторлик қарзларининг сўндирилиши ўзаро амалга оширилади (ФКнинг 343-345-моддалари).
Саодат Хилватова,
«Norma» МЧЖ эксперти.