Корхона аудит ўтказиб, «Ҳалол» сертификатини олишни режалаштирмоқда. Аудит чет эл компанияси томонидан ўтказилади. Сертификат асосида корхона ўз маҳсулотини «Ҳалол» мувофиқлик белгиси билан маркировка қилади.
Чет эл компанияси томонидан берилган сертификат ва «Ҳалол» мувофиқлик белгиси эътироф этилиши талаб қилинадими?
– Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган мувофиқлик сертификатлари ва белгилари ҳақиқий эмас.
«Ўзстандарт» сертификатлаштириш бўйича миллий орган ҳисобланади. Маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар миллий мувофиқлик сертификатларини расмийлаштирадилар, берадилар ёки чет эл мувофиқлик сертификатларини эътироф этадилар («Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси). Кўрилаётган вазиятда импорт қилинадиган маҳсулот учун олинган чет эл мувофиқлик сертификатларини эътироф этиш хусусида бормоқда. Сертификатлаштириш органи эътироф этиш тўғрисида битим тузилган МДҲ мамлакатларидан ва узоқ хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотга сертификатларни эътироф эта олади. Экспорт қилувчи мамлакатнинг Миллий сертификатлаштириш тизимига берилган мувофиқлик сертификатини эътироф этиш уни импорт қилувчи мамлакатнинг мувофиқлик сертификатига қайта расмийлаштириш ва Ягона давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади (Низомнинг 30, 32-бандлари, ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон қарорига 1-илова).
Мувофиқлик сертификатлари ва белгилари, сертификатлаштириш органларининг аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномалари Давлат реестридан ўтказилиши шарт. Рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, улар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (Қонуннинг 7-моддаси).
Шу тариқа, республикамизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотга мувофиқлик сертификати ва белгисини «Ўзстандарт» агентлиги ёки маҳсулотни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган орган беради. Ўзбекистонда аккредитация қилинмаган хорижий аудиторлик компанияси томонидан берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.