Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 8 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш тартиби белгиланди

 

17.02.2020 йилдаги «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги ЎРҚ-604-сон Қонун эълон қилинди.

Амалдаги «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонундан фарқли ўлароқ, қабул қилинган ҳужжат:

биринчидан, анча ҳажмли ва ўзининг тузилмаси билан фарқ қилади – 11 боб ва 48 моддадан иборат (амалдагиси – 3 боб, 28 моддадан иборат), тушунча аппарати билан таъминланган, ушбу соҳада давлат бошқаруви органлари ваколатини белгилайди;

иккинчидан, махсус иқтисодий зоналарнинг қуйидаги таснифини назарда тутади:

  • эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) – янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш, шунингдек ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд;
  • махсус илмий-технологик зона – инновация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларида илмий ташкилотлар ва илмий фаолият соҳасидаги бошқа ташкилотлар (технологик парклар, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлари, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар) тўпланган ҳудуд;
  • туристик-рекреацион зона – унда замонавий туристик инфратузилма объектларини (меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туристик аҳамиятдаги объектларни), махсус фаолият кўрсатувчи ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида зарур шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда барпо этишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ҳудуд;
  • эркин савдо зоналари – консигнация омборлари, махсус божхона ва солиқ режимлари бўлган ҳудудлар, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончалар, чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғланмаларида ёки бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади;
  • махсус саноат зонаси – бошқарув, хўжалик ва молиявий фаолиятнинг алоҳида режими жорий этиладиган ҳудуд, зарур маъмурий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш учун ер участкаларини ажратиш орқали шакллантириладиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш зоналарини ўз ичига олади;

учинчидан, махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш тартиби, шунингдек бошқариш масалалари (маъмурий кенгашнинг фаолият кўрсатиши) батафсил баён этилган;

тўртинчидан, ушбу зоналар ҳудудида амалга ошириш таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига талабларни ўз ичига олган. Улар умумий ва алоҳида талабларга бўлинади – ҳар бир зона тури учун алоҳида. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш тақиқланади. Масалан, қурол ва ўқ-дорилар, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ҳоказо. Шунингдек, Қонунда инвестиция буюртманомасини бериш ва кўриб чиқиш, инвестиция битимини тузиш, муддатини узайтириш ва тугатиш жараёни белгиланган.

бешинчидан, Қонуннинг алоҳида боби махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига бағишланган – уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар томонидан мақомни олиш, йўқотиш ва маҳрум қилиш айтиб ўтилган.

олтинчидан, ҳуқуқий режим, хусусан, зоналар иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари хусусиятлари ёзилган. Солиқлар бўйича имтиёзлар ва уларни қўллаш тартиби Солиқ кодексида назарда тутилган. Шунингдек, улар қуйидагилар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилади:

  •  мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);
  •  тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши бизда ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);
  •  ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар олиб кирилганда (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

Бундан ташқари, МИЗ иштирокчилари товарларни импорт қилганда ҚҚСни 120 кунгача муддатга кечиктириб тўлашга ҳақли. Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ўрни уларга 7 кун давомида соддалаштирилган тартибда қоплаб берилади. Тўланган ҚҚС суммаси МИЗ иштирокчиларига республика бюджетидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қоплаб берилади.

Бунда қонун кучга киргунга қадар ЭИЗлар дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ЭИЗлар иштирокчилари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 17.02.2020 йилда расман эълон қилинган ва 19.05.2020 йилдан кучга киради.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Фуқаролар йиғинининг янги комплекси – ҳар бир маҳаллада

 

Улар намунавий лойиҳаларга мувофиқ ДХШ шартларида танлов савдоларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилинган инвесторлар иштирокида қурилади, уларга зарур ер участкалари ажратилади (18.02.2020 йилдаги ПҚ-4602-сон қарор).

 

Тартиб 2020 йилнинг 1 июлига қадар «Маҳалла маркази» мажмуалари қурилиши (реконструкция қилиниши, таъмирланиши) тугалланиши ва уларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек «Маҳалла» хайрия жамоат фонди жойлаштирилиши лозим бўлган Қорақалпоғистон, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ер участкаларини танлаб олиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Ҳар бир комплекс ДХШ тўғрисидаги келишувда қатъий белгиланган муддатларда туташ ҳудуд обод қилинган ҳолда қурилиши керак. Бунда, қуриш муддати ва таклиф этилаётган капитал қўйилмалар ва инвестициялар суммаси – инвесторларни танлаб олишнинг асосий мезонлари.

Қурилиши тугалланган комплекслардан кейинчалик фойдаланиш тартиби ДХШ тўғрисидаги келишув билан белгиланади. Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фойдаланилмаётган хоналарни мустақил равишда ижарага бериш ва келиб тушаётган маблағларни ўзларининг ҳисобварақларига ўтказиш ҳамда улардан фақат комплексларни сақлаш ва ободонлаштириш харажатларини қоплаш учун сарфлашга ҳақлидир.

Инвесторнинг ташаббуси бўйича келишув бекор қилинганда, унинг қурилишга сарфлаган харажатлари қопланмайди, қурилиши тугалланмаган объект давлат мулкига ўтказилади ва бошқа инвесторлар қидирилади.

Қўшимча рағбатлантириш ­сифатида инвесторларга тижорий мақсадлар учун қурилишга ажратилган комплекслардан кичик бўлмаган майдонга эга бўлган комплексларга туташ объектлар ажратилади. Шарти – уларнинг фаолият кўрсатиши фуқаролар йиғинларининг иши учун ноқулайликлар яратмаслиги керак. Инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу объектларда амалга оширилиши мумкин бўлган бизнеснинг фаолият турлари ва йўналишлари, шунингдек, ДХШнинг бошқа шартлари инвестор ва ҳокимлик ўртасида тузиладиган келишувларда акс эттирилади.

Бундай объектни қуриб битказгандан кейин, инвестор у фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил мобайнида қуйидаги солиқларни 50%га камайтирилган ставкада тўлайди:

  •  ер солиғи ва мол-мулк солиғи – тақдим этилган ер участкаси ва унда қурилган кўчмас мулк қисмида;
  •  фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ – мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки жами даромад қисмида.

Фуқаролар йиғинларига ижтимоий дастурлар доирасида кредитлар бериш бошланади, масалан, «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Yoshlar – kelajagimiz» ва «Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури». Шу туфайли улар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш ва аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш учун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Металл прокати сертификатлаштирилган бўлиши керак

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги 89-сон қарори билан қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришни тартибга солиш ва сифатли металл прокатини қўллаш чора-тадбирлари белгиланди.

 

2019 йилнинг декабрь ойида Ҳукумат қурилиш учун мўлжалланган металл прокатининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида ҳужжат қабул қилган. У бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олган, улар орасида – идоралараро ишчи гуруҳлар томонидан металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятини ўрганиш ҳам бор.

117 та шундай корхонада ўтказилган ишлаб чиқариш жараёнининг таҳлили тайёр маҳсулот ва бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди, унга кўра 2020 йил 1 июндан бошлаб:

а) сотилаётган ва ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган металл прокатининг ҳар бир тўпига ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) томонидан синовларнинг ижобий натижалари асосида расмийлаштириладиган сифат тўғрисидаги ҳужжат илова қилиниши керак. Ишлаб чиқарувчида ишлаб чиқариш лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда, у бошқа синов лабораторияларига, шу жумладан, тузилган шартномалар асосида мурожаат қилиши мумкин;

б) мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар турлари (ҳам импорт қилинган, ҳам маҳаллий ишлаб чиқарилган) рўйхатига қуйидагилар киритилади:

  •  прокатка, штамповка, кесиш усули билан легирланмаган пўлатдан тайёрланган, икки томонлама руҳли қопламали томбоп металл черепица (гофрланган) ва листли руҳланган пўлат прокатдан тайёрланган томбоп элементлар (фурнитура, аксессуарлар, ясси прокатдан тайёрланган том учун бутловчилар) (ТИФ ТН коди: 7308 90 590 0);
  •  изоляцияловчи тўлдирувчили гофрланган (қовурғасимон) листдан тайёрланган икки деворли панеллар ва деворбоп ва томбоп сэндвич-панеллар) (ТИФ ТН коди: 7308 90 510 0);

 

1 апрелгача бўлган муддатда сифати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган металл прокати ва қурилиш учун мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар реестри шакллантирилади ва эълон қилинади. Реестр ҳар йили янгиланади.

 

в) Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар ҳузуридаги марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизматлари қурилиш учун мўлжалланган металл маҳсулотлари харид қилиниши ва қўлланилиши учун жавоб берадилар;

г) индукцион печлардан фойдаланган ҳолда тайёрланган қурилиш учун мўлжалланган металл прокатини ишлаб чиқариш ва қўллаш тақиқланади (бошқа мақсадларда – мумкин).

Металл прокати нормативларга мувофиқ эмаслиги ҳамда объектларда бинолар ва иншоотларнинг зилзилага бардошлигига таъсир кўрсатувчи ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилиши аниқланган ҳолларда металл прокати ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва қўлланилиши тўхтатилади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларини, шу жумладан, қора ва рангли металлар эритмалари ва ушбу эритмалар асосида қотишмалар олинадиган объектларни идентификациялаш фақат аккредитация қилинган эксперт ташкилоти томонидан амалга оширилади. Бунда идентификациялаш улар фойдаланишга топширилгунга қадар ўтказилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.02.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Қурилишда намунавий тендер ҳужжатлари қўлланилади

 

Ҳукумат томонидан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича танлов (тендер)ни жадал ўтказиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди (ВМнинг 18.02.2020 йилдаги 91-сон қарори).

 

Эслатиб ўтамиз, Президент йилнинг бошида 2020-2022 йилларда республиканинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини тасдиқлади (10.01.2020 йилдаги ПҚ-4565-сон қарор – Дастур). У мактаблар, ОТМ, МТМ, тиббиёт муассасалари, автомобиль йўллари, кўприклар ва ҳоказоларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни ўз ичига олади.

 

2020 йилда ишлар фақат қуйидаги ҳолларда бюджет тизими бюджетлари ҳисобига бажарилади:

  •  агар пудрат (лойиҳа) ташкилотлари танлов (тендер) ўтказиш йўли билан танлаб олинса, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  •  агар лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлса ёки уни тайёрлаш қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда, яъни параллел лойиҳалаш билан амалга оширилса.

Қабул қилинган ҳужжат билан улар асосида 2020 йилда Дастурга киритилган ишлар бўйича танлов (тендер) эксперимент тартибида ташкил қилинадиган ва ўтказиладиган намунавий ҳужжатлар шакллари тасдиқланди. Улар орасида: ҳар бир танлов иштирокчиси, уларнинг молиявий кўрсаткичлари, ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, қурилиш ишларини бажариш графиклари, уларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар шакллари ва бошқа ҳужжатлар.

Шу тариқа, истисно тариқасида, 2020 йил учун тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари асосида танлов (тендер) ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказмасдан, намунавий ҳужжатлар талаблари доирасида тайёрлашга ва тасдиқлашга рухсат берилди.

Лойиҳа ташаббускорлари давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида танлов (тендер) ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва танлов (тендер) ҳужжатлари тўлиқ жойлаштирилиши учун масъулдир. Тендер иштирокчилари эса тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун жавоб беради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.02.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 458 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика