Жиноят ишлари бўйича суднинг 2005 йилдаги ҳукмига кўра ташкилот фойдасига бир гуруҳ шахслардан зарар суммасини солидар тартибда ундириш керак эди. Ҳукмга биноан фуқаро А. судланган ва жазони ўтаган, ташкилот ҳисобига қисман тўловлар амалга оширилган. 2008 йилда унга нисбатан суд ижрочиларининг қарори билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 40-моддасининг 4-бандига биноан ижро иши юритиш тўхтатилган. Ҳозирги вақтда А. яна ишга тушиб кетган.
12 йил ўтгандан кейин фуқаро А. га нисбатан ижро иши юритишни қайта тиклаш мумкинми?
– Баён этилган вазиятдан келиб чиқилганда қарздорда ундирувни қаратиш мумкин бўлган мол-мулк ёки даромадлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли ижро варақаси қайтариб берилган. Суд ижрочиси томонидан мол-мулкни ёки даромадларни қидириб топишга доир қабул қилинган чоралар натижасиз қолган (2008 йилги таҳрирдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси 1-қисми 4-банди).
Ижро ҳужжатининг ундирувчига қайтарилиши мазкур ҳужжатни ҳисоблаб чиқариладиган муддат доирасида янгидан ижрога топшириш учун тўсиқ бўлмайди, фақат у топшириш муддатидан ўтиб кетмаслиги керак. Жиноий судларнинг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб 3 йил мобайнида ижрога топширилиши мумкин (Қонуннинг 27-моддаси 1-қисми 1-банди, 40-моддасининг 4-қисми).
Лекин муддатни ўтказиб юборган ундирувчи судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Бошқа ижро ҳужжатлари бўйича ўтказиб юборилган муддатлар тикланмайди (Қонуннинг 29-моддаси 2-қисми).
Павел Сильнов,
«Norma» МЧЖ эксперти.