Кўпчилик помидор, бодринг, қулупнай сингари маҳсулотларни фақат иссиқхона шароитида етиштириш самарали экспортнинг кафолати деб ҳисоблайди. Жомбой туманидаги кўпни кўрган, тажрибали бободеҳқонлар эса очиқ ер майдонида ҳам экспортбоп маҳсулот етиштириш имконияти мавжудлигини амалда исботлашган.
Туманнинг «Оқ олтин» механизациялашган машина-трактор парклари ҳудудида жойлашган «Агро Гумуш Жомбой» МЧЖ томонидан туркиялик ҳамкорлар билан 25 гектар ер майдонида помидорнинг «Ложейн» нави етиштирилмоқда. Бу нав серҳосил, экспортбоп бўлиб, асосан қуритилган ҳолда ва томат пастаси ишлаб чиқаришда жуда қўл келади.
Ҳозирда «Агро Гумуш Жомбой» МЧЖ қошида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли тарзда сақлаш ва экспортга йўналтириш мақсадида 500 тонна сиғимга эга бўлган замонавий музлатгич ишлаб турибди. Жорий йилда корхонада 2 500 тоннадан ортиқ сифатли помидор маҳсулотни йиғиштириб олиб, саноат асосида қайта ишланган ҳолда чет давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Маълумот тариқасида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоят миқёсида 1 000 тоннадан ортиқ бўлган қиймати 601 минг АҚШ доллари қийматидаги помидор маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди.
Бунда «Самарқанд» ТИФ божхона постида соддалаштирилган божхона расмийлаштируви орқали қисқа вақт мобайнида товарларни экспортга йўналтириш борасида экспортчи корхоналарга божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам берилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.