Май ойида «Norma» ўқув маркази 2020 йил учун обунани имтиёзли шартларда расмийлаштирган обуначилар учун фойда солиғи бўйича курс ўтказди. Курсни ўтказиш жараёнида тингловчиларда юзага келган саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Наталья МЕМЕТОВА жавоб берди. Ушбу материалдан ўқувчиларимиз ҳам ўз саволларига жавоб топишлари ҳамда ундаги маълумотлардан фаолият юритишда фойдаланишлари мумкин. Зеро, I ярим йиллик учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини топшириш муддати ҳам яқинлашиб қолди.
Наталья Красильникова:
Корхонада олдинги йиллар учун зарар мавжуд бўлса, ҳисоботни қандай тўғри тўлдириш мумкин? Иловада қайси сатрлар тўлдирилади?
- Олдинги йиллардаги зарарларни Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 7-илова – “Жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган ўтган йиллар зарари суммасининг ҳисоб-китоби»да акс эттиринг. У йил якунлари бўйича тўлдирилади.
2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарни келгусига, ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда кўчириш мумкин. Ўтказилаётган зарарнинг жами суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 50%идан ошиши мумкин эмас (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси).
Яъни 2020 йил учун Ҳисоб-китобни тўлдириш чоғида 2015-2019 йиллар учун зарарларни 7-иловада акс эттиришингиз ва 2020 йил фойдасини 50%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтиришингиз мумкин.
2015–2019 йиллар зарарларини 7-илованинг (3-устунида) 0101–0105-сатрларида кетма-кет кўрсатинг.
Солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган зарар суммаси 7-илованинг 050-сатрида автоматик тарзда аниқланади ва Ҳисоб-китобга 3-«Имтиёзлар» иловасининг 060-сатрида акс эттирилади. 3-иловадаги (030-сатр) имтиёзларнинг умумий суммаси Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида автоматик тарзда акс эттирилади.
2020 йил фойдаси ҳисобидан қоплангандан кейин қолган олдинги йиллар зарарларини 7-илованинг (3-устуни) 0601–0605-сатрларида кетма-кет акс эттиринг.
СКнинг 366-моддасида санаб ўтилган айрим операциялар бўйича зарарлар мавжуд бўлса (масалан, хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан кўрилган зарарлар), йил якунлари бўйича Фойда солиғи ҳисоб-китобига 8-«Айрим турдаги операциялар бўйича зарарларни кўчиришнинг ўзига хос хусусиятлари» иловасини тўлдиринг.
Татьяна Мавлянова:
ННТ фақат ихтиёрий хайриялардан даромадга эга. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни тўлдириш зарурми?
- Ҳа, молиявий ҳисобот топширилади, сабаби тегишли шакллар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун жорий этилган (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Бу 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган) нормалари билан ҳам тасдиқланади.
ННТ валюта ҳисобварағимизга чет эл фуқароларидан долларда ва еврода хайриялар келиб тушди. Ушбу маблағлар келиб тушган пайтда битта курс бўлган, уларни конвертация қилиш ва сўм ҳисобварағига жўнатишга қарор қилинганда, курс ўзгарган. Курсдаги фарқ қандай тартибда ва қайси счётларда акс эттирилади? Ёки ННТда курс фарқи қўлланилмайдими?
- Чет эл валютасидаги хайриялар қуйидаги проводкалар орқали акс эттирилади: 5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари» счёти дебети – 8890-«Бошқа мақсадли тушумлар» счёти кредити.
Курсдаги ижобий фарқ қуйидагича акс эттирилади: Дт 5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари» счёти дебети – Кт 8890-«Бошқа мақсадли тушумлар» счёти кредити.
Пул маблағларининг конвертацияга ўтказилиши: 5530-«Бошқа махсус счётлар» счёти дебети – 5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари» счёти кредити.
Пул маблағларининг сўм ҳисобварағига келиб тушиши: 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» дебети – Кт 5530-«Бошқа махсус счётлар» счёти кредити.
Нотижорат ташкилотларда курснинг ижобий фарқига солиқ солинмайди (СК 318-м. 1-қ. 2-б.).
Татьяна:
Корхона ўз фаолиятида фойдаланиш учун раҳбардан уяли аппаратни вақтинча текин фойдаланишга олмоқда. Шартномада уяли аппаратнинг қиймати ҳамда ишлатиш муддати – 5 йил кўрсатилган. СКга асосан хизматлар қиймати бозор нархларидан келиб чиқиб баҳоланиши лозим. Оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда бундай уяли аппаратнинг ижара қиймати бўйича маълумотлар мавжуд эмас, бошқа моделлар бўйича ҳам шундай.
Мол-мулкдан, айнан уяли аппаратдан вақтинча текин фойдаланишда фойда солиғи қандай тўғри ҳисобланади?
Солиқ солиш мақсадлари учун мазкур уяли аппарат учун СК нормалари бўйича амортизация ажратмаларидан келиб чиққан ҳолда даромадни аниқласа бўладими?
Уяли аппаратдан вақтинча текин фойдаланиш шартномасини тузиш чоғида ОАВдан уяли аппарат қиймати тўғрисидаги маълумотларни илова қилиш зарурми ёки шартноманинг ўзида келишилган қийматни кўрсатиш етарлими?
- Ходимнинг уяли телефонидан текин фойдаланиши текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси билан расмийлаштирилади (ФК 617-м.).
Ходимдан уяли телефонни текин фойдаланиш учун олган ҳолда, корхона шартномада белгиланган муддатга текин мулкий ҳуқуқни олади.
Бозор қиймати топшириш ҳужжатлари билан тасдиқланиши мумкин, шу боис мулкий ҳуқуқ қийматини шартномада ва телефонни қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатган маъқул (СК 299-м. 3-қ.). Мазкур ҳолатда бошқа нархга доир маълумотларни илова қилиш шарт бўлмайди.
Мулкий ҳуқуқ қийматини аниқлаш учун асос учун телефоннинг бозор қийматини ва фойдали ишлатиш муддатини олиш ва бир ой учун фойдаланиш ҳуқуқи қийматини аниқлаш мумкин.
Телефонни олиш чоғида уни балансдан ташқари 011-«Ссуда шартномаси бўйича олинган мулк» счётида акс эттиринг.
Уяли телефондан текин фойдаланишдан олинган даромад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди. У солиқ солиш мақсадларида жами даромадга киритилади (СК 299-м.).
Альбина Салтикова:
Ҳисобот даврида ишлаб чиқариш ҳам, илгари ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотни реализация қилиш ҳам бўлмаган бўлса, ишлаб чиқариш цехи ижараси ва электр энергияси бўйича харажатларни қаерга киритиш лозим?
- Ишлаб чиқариш цехи ишламаса, имкон қадар ижара харажатларини минималлаштириш лозим. Электр энергияси бўйича харажатлар ишлаб чиқариш жараёни мавжуд бўлмаганда автоматик тарзда минимал бўлади.
Улар мавжуд бўлса, уларни бошқа операция харажатларига киритинг.
Солиқ базасидан чегириш учун бундай харажатларни иқтисодий жиҳатдан асослаш керак.
Корхона 115 млн сўмлик товар туркумини реализация қилишга шартнома тузди. Харидор 2017 йил 10 августда товарни етказиб бериш қийматининг 50%и миқдорида бўнак ўтказди. Шартнома шартларига кўра товар 2017 йил 5 сентябрда юклаб жўнатилиши лозим эди, бироқ хом ашё бўлмаганлиги сабабли товар жўнатилмади. Шартнома бўйича кейинги ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган.
Корхона томонидан кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш бўйича даромад қайси даврда эътироф этилиши лозим?
– Даромадлар 2020 йил 5 сентябрдан эътироф этилади. Даъво муддатининг тугаши шартнома шартлари бузилган пайтдан, яъни 2017 йил 5 сентябрдан бошланади (ФК 150, 154-м.).