Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (АВ томонидан 15.06.2020 йилда 2667-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди (ҳужжат матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).
Ўзгартиришлар Президентнинг 19.03.2020 йилдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5969-сон Фармонига мувофиқ киритилди.
Ўзгартиришларга асосан Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунларга қуйидаги ҳолларда ҳам берилади:
- мактабгача таълим ташкилотида ёки 6 ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин ҳолатида. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органлари томонидан берилади. Тузатишлар билан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддати 14 кун билан чекланиши бекор қилинди;
- бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилганда ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касалликлар билан оғриган беморларга, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларигa берилади (илгари – давлат санитария назоратининг мансабдор шахси томонидан белгиланган муддатга берилар эди). Кўрсатилган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси электрон шаклда берилиши мумкин;
- юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига, шу жумладан электрон шаклда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) органлари эпидемиологи ёки санитар врачи томонидан берилади;
- уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.