Корхона Tashkent city ҳудудида ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олди. Бунда «Tashkent city» ХИМ Дирекцияси ДУКга муайян суммани тўлади ва мазкур ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига кадастр ҳужжатларини олди. Ер участкаси учун тўланган суммани 0110-«Ер» счётига киритди. Ушбу ер участкасида буюртмачи ҳисобланган корхона томонидан ҚМИни амалга оширадиган пудратчилар орқали бино бунёд этилади. Қурилиш харажатлари 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида ҳисобга олинади. Қурилиш якунлангач бинонинг бир қисмини ўз мулкида қолдириш ва бир қисмини реализация қилиш режалаштирилмоқда.
Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўланган сумма бухгалтерия ҳисобида қандай ҳисобга олинади?
– Ер участкалари корхона мулкига олинган бўлса, улар асосий воситалар таркибига кирим қилинади (Йўриқноманинг 11-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова). Қурилиш корхонасига фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган, кейинчалик реализация қилиш учун бино қуриш мўлжалланган ер участкаси корхонанинг асосий воситаси ҳисобланмайди.
Кўчмас мулк объектини қуриш учун ажратиладиган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўланган суммалар қуйидагича ҳисобга олинади:
- корхона кейинчалик реализация қилиш учун қурилишни амалга оширадиган бўлса, ушбу объектнинг таннархига (2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счёти) киритилади;
- корхона ўзи фойдаланиши учун кўчмас мулкни қурадиган бўлса, тугалланмаган қурилиш қийматига (0810-«Тугалланмаган қурилиш» счёти) киритилади.
Эслатиб ўтамиз! «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши лойиҳасининг қатнашчилари 2021 йил 1 январга қадар муддатда ер солиғини тўлашдан озод қилинади (2.08.2018 йилдаги ПҚ-3895-сон қарорнинг 9, 10-б.).