Ишлаб чиқариш корхонаси апрель ойида импорт хом ашё – матоларни олди. Июнь ойида матоларнинг бир қисми ИМ-40 режимига ўтказилди ва корхонамиз омборига кирим қилинди. Қолган қисми божхона омборида қолдирилди. Етказиб бериш шартларига мувофиқ ЎзР чегарасини кесиб ўтган ва ИМ-70 режимига жойлаштирилган кундан эътиборан улар йўлдаги материаллар сифатида корхона балансига кирим қилиниши лозим.
ИМ-70 режимида жойлаштириладиган материаллар учун счётни қандай тўғри танлаш мумкин? ИМ-70 режимидан ИМ-40 режимига ўтказиш қандай проводкалар билан ва валютанинг қайси курси бўйича расмийлаштирилади?
– Чет эл валютасида харид қилинган ТМЗ қиймати уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга асосан уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги МБ курси бўйича қайта ҳисоблаб, шу жумладан харид қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади (АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган 22-сон БҲМСнинг 13-банди).
Материаллар импорт шартномалари бўйича харид қилинганда, 1510-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш» счётидан фойдаланишни тавсия этамиз. Ушбу счётнинг дебетида олинган материаллар таннархи шакллантирилади. Мулкчилик ҳуқуқи ўтган пайтдан бошлаб шартнома шартларига мувофиқ улар қайта баҳоланмайди. Фақат қарз сўндирилгунига қадар етказиб берувчи олдидаги кредиторлик қарзи қайта баҳоланади (22-сон БҲМСнинг 15, 16-бандлари).
1510-«Материалларни тайёрлаш ва харид қилиш» счётида «Эркин муомалага чиқариш» (ИМ-40) режимида расмийлаштириш чоғида божхона божларини тўлашга доир харажатлар ҳам акс эттирилади.
Материаллар ИМ-40 режимига қисмма-қисм расмийлаштириладиган бўлса, корхона материалларнинг тегишли қисми омборга келиб тушиши билан уларни харид қилиш билан боғлиқ тақсимланган умумий харажатларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган таннархи бўйича 1510-счётдан 1010-«Хом ашё ва материаллар» счётига ўтказилиши лозим (Йўриқноманинг 114-банди 9-кичик банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.