Умумбелгиланган солиқларни тўлайдиган корхона Сардобадаги сув тошқинидан жабр кўрганларга беғараз пул маблағларини ўтказди. «Салом, Сардоба, биз биргамиз» хайрия акцияси бўйича «Юксалиш» жамоатчилик ҳаракати орқали пул маблағлари ўтказилган.
Мазкур ҳолатда хайрия ёрдами кўрсатиш қандай солиқ оқибатларини келтириб чиқариши мумкин?
– Сардобада сув тошқинидан жабр кўрганларга хайрия ёрдами кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахслар учун солиқлар бўйича алоҳида имтиёзлар назарда тутилмаган.
Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон) билан белгиланишича, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағларига фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади (1-банд).
«Салом, Сардоба, биз биргамиз» хайрия акцияси бўйича «Юксалиш» жамоатчилик ҳаракати орқали Сардобадаги сув тошқинидан жабр кўрганларга хайрия ёрдами сифатида беғараз ўтказилган пул маблағлари фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (СК 317-м. 7-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.