Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 25 / Қонунчиликдаги янгиликлар

«Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Табиий газ ва электр энергиясини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларга сотиш механизмини янада такомиллаштириш, уларнинг истеъмоли учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда – Бюро) қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) 2020 йил 1 июлдан қуйидагиларни назарда тутувчи механизмни жорий этиш:

«Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш функциясини «Ўзтрансгаз» АЖга юклаш;

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан кейинчалик газ тақсимлаш тармоқларига уланган республика ички истеъмолчиларига,
шу жумладан аҳолига сотиш мақсадида табиий газни ушбу табиий газ магистрал газ узатиш тизими орқали етказиб берилган тақдирда – «Ўзтрансгаз» АЖдан, шунингдек, тўғридан-тўғри газ тақсимлаш тармоқларига етказиб берилган тақдирда – табиий газ ишлаб чиқарувчилардан олди-сотди шартномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган тарифлар бўйича сотиб олиниши;

б) 2021 йил 31 декабрга қадар «Ўзтрансгаз» АЖ магистрал газ узатиш тизимига уланган табиий газ истеъмолчиларини (йирик стратегик корхоналар бундан мустасно) «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг газ тақсимлаш тармоқларига, табиий газни етказиб бериш шартномаларини қайта тузган ҳолда босқичма-босқич ўтказиш;

в) 2020 йил 1 августдан Бюронинг:

электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш
ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатларини – Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига;

электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида
ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш бўйича вазифа
ва ваколатларини – тегишлича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига;

электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга доир вазифа ва ваколатларини – тегишлича «Ҳудудий
электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига
ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига ҳамда ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга;

электр энергияси ва табиий газни эҳтиёт қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва масъулиятини ошириш чораларини кўришга доир вазифа ва ваколатларини – тегишлича Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга
ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖга;

энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга доир вазифа
ва ваколатларини – Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига ўтказиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларини кейинчалик улар негизида филиаллар ташкил этган ҳолда белгиланган тартибда «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қўшилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда:

ички бозорга  етказилган табиий газ учун 2020 йил 1 июль ҳолатига мавжуд бўлган дебиторлик ва кредиторлик қарздорликларини (магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчилар бундан мустасно) «Ўзтрансгаз» АЖдан «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қайта расмийлаштирилишини;

табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими 2021 йил охирига қадар барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этилишини;

«Ўзтрансгаз» АЖ магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларни (йирик стратегик корхоналар бундан мустасно) бир ой муддатда «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг газ тақсимлаш тармоқларига ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини, мазкур жараённи табиий газни етказиб бериш шартномаларини қайта тузишни ҳисобга олиб, 2021 йил 31 декабрга қадар якунлашни назарда тутган ҳолда тасдиқланишини;

«Ўзтрансгаз» АЖнинг магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларнинг «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг газ тақсимлаш тармоқларига ўтказилишига қараб, ушбу истеъмолчилар билан табиий газ етказиб бериш шартномаларини «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан босқичма-босқич қайта тузилишини таъминласин.

Белгилансинки, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ «Ўзтрансгаз» АЖ
ва илгари «Ўзтрансгаз» АЖ таркибига кирган унинг ҳудудий газ таъминоти филиаллари билан истеъмолчилар (магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчилар бундан мустасно) ўртасида тузилган табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома
ва мажбуриятлар юзасидан ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

4. Бош прокуратура Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:

электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва расмийлаштириш механизми;

ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловларни ундириш механизми;

энергия таъминоти, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш
ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини таъминлаш бўйича Бюро органларининг вазифалари тугатилиши муносабати билан унинг фаолиятини такомиллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш.

Белгилансинки, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича вазифалар ўтказилиши муносабати билан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг тузилмалари фаолиятига қўшимча жалб қилинадиган ходимлар, биринчи навбатда, мазкур банднинг тўртинчи хатбошисига мувофиқ қисқартирилаётган
Бюро ходимлари ҳисобидан тўлдирилади.

5. Белгилансинки:

2020 йил 1 июлдан бошлаб янги табиий газ истеъмолчилари (йирик стратегик корхоналар бундан мустасно) фақат газ тақсимлаш тармоқларига уланади;

нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш (шу жумладан охирги истеъмолчигача сотиш) бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс – лицензиатлар томонидан умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга лицензиат томонидан рухсатсиз аралашиш лицензия битими талаблари ва шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш ҳисобланади ҳамда лицензияловчи органнинг қарорига мувофиқ лицензия амал қилишининг тугатилишига олиб келади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 1-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари
2-иловага** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Бюро
ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 18 июнь

ПФ-6010-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 261 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика