Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 11.08.2017 йилда 2911-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади:
- ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
- муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
- ижтимоий аҳамиятга молик қасалликларга чалинган шахслар;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
- 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
- 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.
Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги асос бўлади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияда кўрсатилган ихтисосликлар доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади.
Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг бепул тиббий хизмат олиш бўйича мурожаатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтидаги махсус электрон базага мурожаат қилинган кунда мурожаат этувчининг навбатини кўрсатган ҳолда онлайн режимида киритиб борилади. Шунингдек хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мурожаатлар махсус журналда (қоғоз ёки электрон шаклда) рўйхатга олинади.
Жорий йилда кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва сарфланадиган маблағлар миқдори олдинги йил якунлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25%идан кам бўлмаган қисмини ташкил этиши лозим.
Бепул тиббий хизматлар рўйхати муассасага киришда ёки бошқа кўринарли жойга, шунингдек маълумотлар тахтасига жойлаштирилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтидаги махсус электрон базага киритилади.
Маълумот учун. Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон) мувофиқ аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йил 1 январга қадар барча солиқ турларидан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади. Бунда бўшайдиган маблағлар хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга мақсадли йўналтирилади.