Дўстим – Ўзбекистон фуқароси 22 ёшида ота-онасиз қолди. У Тошкентда секта қўлига тушиб қолди, унга квартирасини сотиб, сектанинг жамоаси билан бирга яшашни таклиф қилишди. Квартира сотилгандан кейин таклиф қилганлар пулни олиб ғойиб бўлишди. Йигит Москвага ишлашга келди, лекин текширув чоғида ёнида ҳужжати бўлмаган. Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида қайд этилди. Москвада 2,5 йилдирки, расмий равишда ишлай олмайди, Тошкентга қайтаман деса турар жойи йўқ. У Тошкентда туғилган, ота-онаси ҳам шу ерда дафн этилган.
Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаросини қўллаб-қувватлаб, ватанига қайтишига ҳамда уй-жой ва ишли бўлишида ёрдам кўрсата оладими?
– Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари унинг номидан бўлиш мамлакати қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларда, халқаро ҳуқуқнинг умумбелгиланган нормалари, халқаро анъаналарга кўра бўлиш мамлакати томонидан тақдим этилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон фуқаролари тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари учун барча чораларни кўриши шарт. ЎзР консуллик муассасалари ва дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик бўлимлари томонидан Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар бузилганда тиклаш чоралари кўрилади («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).
Шу тариқа, дўстингиз Москва шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасига мурожаат қилиши лозим, у ерда Қонуннинг ушбу моддасида кўрсатилган чоралар кўрилиши шарт.
Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, консуллик муассасаси текширув ўтказиб, дўстингизнинг шахсини аниқлаганидан кейин ватанига қайтиш учун сертификат беради. Бундан кейин у Тошкентга қайтиши, турар жой мулкдорининг рухсати билан исталган манзили бўйича ҳисобга туриши ва сертификатга асосан ватанига қайтгандан сўнг паспорт олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олгач, ҳеч қандай муаммоларсиз дўстингиз ишга жойлашиши мумкин.