Президентнинг 19.06.2020 йилдаги ПҚ-4755-сон қарори билан туризмни санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ 1.01.2021 йилдан 31.12.2023 йилгача жойлаштириш воситасининг тоифаси учун ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим суммасининг 50%и қайтарилади. Кўрсатилган сумма меҳмонхонага белгиланган тартибда берилган тоифа сақланган тақдирда тегишли йил якунига кўра қайтарилиши лозим.
2020 йил 1 августдан бошлаб:
- рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни, шунингдек хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги «ҳаво эркинлиги»ни тақдим этишни назарда тутувчи «Очиқ осмон» режими «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади;
- хорижий авиакомпаниялар уларнинг тегишли ҳужжатларини текшириш натижаларига кўра Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) учиш хавфсизлиги бўйича стандартларига мувофиқ бўлиши шарти билан ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира олади;
- мамлакатнинг «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларига қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга тариф ва йиғимлар 3 йил давомида Ўзбекистон резиденти бўлган авиакомпаниялар учун белгиланган миқдорда қўлланилади;
- инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонаси ҳудудида ташкил этилаётганлардан ташқари) қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми уларни 31.12.2023 йилга қадар фойдаланишга топшириш шарти билан ҳар бир 500 метр йўл учун Давлат бюджетидан Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 млрд сўм миқдорида қопланади. Дастлабки 50 та лойиҳага йўналтирилган харажатларнинг бир қисми қопланади;
- Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қурилиш вазирлигининг намунавий лойиҳалари бўйича қишлоқ жойларда жойлаштириш воситаларини тез қуриладиган конструкциялар (ўтовлар, контейнерлар, сэндвич панеллар) билан қуриш учун тадбиркорлик субъектлари харажатларининг бир қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир ой учун 5 млн сўмгача миқдорда қопланади. Бундай субсидиялар берилиши шундай типдаги жойлаштириш воситаларининг жойлари сони 50 мингтага етгунига қадар ёки 31.12.2023 йилгача давом этади;
- 31.12.2020 йилга қадар «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган») тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган, туризм ва ёндош инфратузилма объектларининг бино ва иншоотларида санитария-эпидемиология хизмати ташкилотлари томонидан эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган хўжалик субъектларининг харажатлари Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади;
- шаҳарлар ва туманлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида улар туризм инфратузилмасини ривожлантириш қисмида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилади;
- гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларнинг хизматлари Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига (ПҚ-4742-сон қарор билан тасдиқланган) киритилади.
1.07.2020 йилдан 1.07.2023 йилга қадар хусусий музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари белгиланган миқдорга нисбатан 50%га камайтирилади.
Туристлар учун «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» тизими (кейинги ўринларда - тизим) жорий этилади, унинг доирасида Хавфсиз туризм жамғармаси ташкил этилади. Ўзбекистон резиденти бўлган туроператор томонидан республика ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида COVID-19 юқтириб олган хорижий туристларга 3 000 АҚШ доллари миқдорида компенсация тўлаб берилади. Туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат Тизимнинг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил этилади.
Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга ушбу ҳудудларга хизмат кўрсатиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божининг 50%ини тўлашга рухсат этилди. Улар божнинг қолган қисмини олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида тўлайдилар. Ушбу транспорт воситаларига давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгиларининг алоҳида сериялари берилади. Улардан фақат ушбу вилоятлар ҳудудида фойдаланишга рухсат этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 20.06.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.