Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 06 / Паспорт масалалари

Рухсат талаб этилмайди

 

Эр-хотин никоҳдан расман ажралишган, 8 ёшли фарзандлари бор. Собиқ эр айни пайтда Қозоғистон фуқароси бўлиб, боладан хабар олмаяпти, унинг тарбиясида иштирок этмаяпти ва молиявий кўмак кўрсатмаяпти.

Собиқ эр бола учун хорижий паспорт олишга ўз розилигини бермаяпти, бундай ҳолатда қандай йўл тутиш лозим?

 

Вояга етмаган фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида қуйидаги ҳолатларда ота-оналардан бирининг розилиги талаб қилинмайди (Низомнинг 21-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова):

♦ ота-онанинг бири вафот этганлигида (вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

♦ ФҲДЁ органи томонидан берилган ёлғиз онанинг маълумотномаси мавжуд бўлганида;

боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганда;

♦ ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

♦ ота-онадан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

♦ ота-онадан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

ота-онанинг бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўчирилганда ва хорижда доимий яшаётганда.

Шу тариқа, собиқ эр Қозоғистон Республикасига доимий яшаш учун чиқиб кетган бўлса ва ҳозирда ушбу республика фуқароси ҳисобланса, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида вояга етмаган бола учун хорижий паспортни расмийлаштиришда унинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб этилмайди.

 

Меҳмон бўлиб келинг

 

Самарқанддаги қариндошларимиз 1994 йилда АҚШга кетишган, улар Америка фуқаролигини олишган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонга меҳмонга келишмоқчи.

Бу борада қандай йўл тутишимиз ва кимга мурожаат қилишимиз лозим?

 

– Ватандошлар учун таклифномани расмийлаштиришингиз лозим. Бунинг учун доимий истиқомат қиладиган жойингиздаги МваФР бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак:

♦ белгиланган намунадаги 2 нусхада ариза-анкета;

♦ таклиф қилувчининг паспорти (нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);

♦ ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;

♦ таклиф қилувчининг ватандош билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);

♦ ватандош Ўзбекистон Республикасига оила аъзолари билан биргаликда келиш ниятида бўлса, уларнинг ҳар бирининг шахсини ва қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхалари;

♦ таклиф қилувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамли 2 дона фотосурати;

♦ давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 326-сон қарорига 1-илова).

Ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг таклифнома (Низомга 3-илова) тўлдирилиб, МваФРБ бўлинмаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади, гербли муҳр билан тасдиқланади ва бевосита таклиф қилувчига ёки унинг ишончли вакилига берилади.

Ватандошларни таклиф қилиш ҳақидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 15 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Таклифнома берилган кундан бошлаб 3 ой давомида амал қилади. Таклиф қилувчи ушбу муддат мобайнида таклифномани Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига кириш визаларини расмийлаштириш учун тақдим этади.

Ватандошларга кўп марталик кириш визаларини расмийлаштириш учун таклиф этувчи Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиб қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

♦ белгиланган шаклда виза талаби (Низомга ­4-илова);

e-visa.mfa.uz сайти орқали олинган электрон анкета;

♦ МваФР бўлинмаси томонидан берилган таклифнома;

♦ таклиф қилинувчи ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;

♦ таклиф қилувчининг паспорти нусхаси;

♦ кириш визалари И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олиниши мўлжалланган ҳолатларда – авиачипта ёки бронь нусхалари;

♦ давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (Низомнинг 9-банди).

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 5 иш кунидан ошмаслиги керак. Ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг амал қилиш муддати 2 йил бўлган кўп марталик VTD турдаги кириш визаси расмийлаштирилади. Бунда визанинг амал қилиш муддати таклиф қилинаётган ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.

VTD турдаги виза бўйича келган ватандошлар ўз хоҳишларига кўра меҳмонхона, даволаш муассасалари, санаторий ва дам олиш уйларида ҳисобдан ўтган ҳолда вақтинча бўлишлари ёки турган жойларида вақтинчалик пропискадан ўтиб ҳудудий ички ишлар органларида ҳисобда туриб хусусий уй-жойларда яшашлари мумкин (Низомнинг 13-банди).

 

Қарздорлар учун тақиқ

 

Тўловларни ўз вақтида тўлаб бораман, қарзим йўқ, ҳеч қандай суд муҳокамаларида иштирок этмаганман. Ҳеч қандай (коммунал хизматлар ва бошқалар бўйича) қарздорлик мавжуд эмас.

Кредит олганлигим (15 000 000 сўмлик кредит пластик карточкамга ўтказилган) учун 1 ойга хорижга чиқишимга (иш жойимдан хизмат сафарига боришимга) тўсиқ бўладими?

Чиқиш чоғида ёнимда бирор-бир маълумотнома бўлиши лозимми? Шундай бўлса, қандай маълумотнома олиш керак?

 

– Сизда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси орқали расмийлаштирилган қарздорлик мавжуд бўлмаса, хорижий паспорт бўйича хорижга чиқишингизда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан хорижга чиқиш чоғида Мажбурий ижро бюросидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида бирор-бир маълумотнома талаб этилмайди (Низомнинг 39-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова).

 

Кўчмас мулк харид қилинганда

 

Яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган чет эл фуқароси Тошкентда кўчмас мулкни қандай сотиб олиши мумкин?

 

– Бир қатор чет давлатлар фуқаролари (Рўйхат, 5.01.2019 йилдаги ПФ-5611-сон Фармонга 6-илова) Ўзбекистоннинг қуйидаги жойларидан кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда, яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди:

♦ Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида – 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

♦ Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида – 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

♦ Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида – 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда (АВ томонидан 4.01.2019 йилда 3113-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 41-банди).

111 та давлат фуқароларига шундай ҳуқуқ тақдим этилади.

Турар жой сотиб олинганидан кейин яшаш гувоҳномаси белгиланган тартибда тақдим этилади.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 924 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика