Norma.uz

Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий сиёсатининг экологик ўлчови: умумий муаммолар – умумий ҳаракатлар

 

12–13 февраль кунлари Брюсселда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё (кейинги ўринларда ЕИ-МО деб юритилади) Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳининг 9-мажлиси бўлиб ўтади. Мажлис мавзуси Марказий Осиё ва ЕИ-МО мамлакатлари ўртасида атроф муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида минтақавий ва икки томонлама даражаларда ҳамкорлик сиёсатини ривожлантириш, шунингдек ЕИнинг иқлим ва атроф муҳит соҳаси сиёсатидаги сўнгги ислоҳотлар, Европа Яшил Ҳаракати ҳамда ЕИ томонидан ишлаб чиқилаётган ёпиқ циклдаги иқтисодиётга доир янги Ҳаракатлар режасига алоҳида эътибор қаратишга бағишланади. Бу 2019 йилнинг январь кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи–Марказий Осиё атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги 6-конференциядан кейинги илк учрашувдир.

 

Ўтган йилнинг май ойида Европа комиссияси ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Стратегиясига доир «ЕИ ва Марказий Осиё: ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги имкониятлар» Қўшма коммюникесини қабул қилди. ЕИ Кенгаши томонидан 2019 йил 17 июнда қабул қилинган янги Стратегия барқарорлик, тараққиёт ва минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро боғлиқ бўлган 3 та устуворликни белгилайди ва «атроф муҳит, иқлим ва сув ресурслари барқарорлигини ошириш» бўйича аниқ мақсадларни ўз ичига олади. Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳи ўз фаолиятида ЕИ-МОнинг сиёсий мулоқотини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун шаклланган имкониятларидан кенг фойдаланади.

ЕИ-МО Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳининг 9-мажлиси арафасида мухбиримиз Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов билан суҳбатлашди.

 

Саидрасул Саидакбарович, бир йил олдин Экологик партия тузилди ва декабрь ойида илк бор Олий Мажлиснинг қуйи палатасига сайловларда иштирок этди. Партия мамлакатимиз экологик сиёсатини шакллантириш бўйича сайловолди дастурини замонавий талабларга мувофиқ тарзда қай йўсинда амалга оширишни мўлжалламоқда, шулар хусусидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

 

– Партиямизнинг мақсади 2 та:

барқарор ривожланиш, аҳолининг юқори даражали ҳаёти ва саломатлиги, экологик хавфсизлик, соғлом атроф муҳитни яратиш, табиий ресурсларни бугунги ва келгуси авлодлар учун сақлаб қолишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга ошириш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш ҳам давлат, ҳам жамоатчилик, ҳам мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг иши бўлишига кўмаклашиш.

Ўтган йилнинг декабрида партиямиз илк бор Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси ва барча даражадаги маҳаллий кенгашларга сайловларда қатнашди. Сайловлар якуни бўйича Парламентнинг қуйи палатасига партиядошларимиздан 15 нафар, Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашига – 84 нафар, маҳаллий қонун чиқарувчи органларга – 525 нафар Экологик партия вакиллари сайланди.

Кўпчилиги Президентимизнинг яқинда Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам ўз аксини топган сайловолди дастуримизда белгиланган 26 та аниқ вазифалар партиямизнинг жорий ва келгуси йиллар учун фаолияти режаларига киритилган, уларни амалга ошириш учун масъуллар ва муддатлари белгиланган. Шулар орасида Экология кодексини ишлаб чиқиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар қайта ишланишини 40%гача, саноат чиқиндиларини – 20%гачага етказиш, атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқаришни 1,5 бараваргача пасайтириш, ўрмонзорлар майдонини мамлакат ҳудудининг 7%идан 15%игача кўпайтириш ва атроф муҳитни соғломлаштиришга доир бошқа муҳим қадамлар бор.

 

Берлинда ўтадиган «Яшил Марказий Осиё» конференцияси арафасида Брюссель пресс-клуби раҳбари Лоран Брихай билан учрашдингиз. Мавзу нималар хусусида борди? Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари муаммоларини ҳал этиш бўйича Стратегияси Европада ёритилишига доир ўзаро ҳамкорлик формати келишиб олинганми?

– Жаноб Л.Брихай билан Экологик партиямиз ҳамда «Ўзбекистон-Бельгия» Дўстлик жамиятининг фаолиятига боғлиқ кенг масалаларни муҳокама қилдик. Хусусан, Орол фожиасининг атроф муҳит ва Оролбўйи аҳолиси учун оқибатларини камайтириш, бошқа маҳаллий экологик муаммолар, аҳоли ва жамоатчиликни атроф муҳит ҳолати ва уни яхшилаш тўғрисида хабардорлигини ошириш борасида сўз борди. Бу борада ОАВ катта роль ўйнамоқда. Биз 2020 йилнинг 4-5 июнь кунларида ўтказилиши мўлжалланаётган 24 соатлик Брюссель пресс-клуби мажлисида ўзбекистонликларнинг иштирок этиши тўғрисида келишиб олдик. Партиямиз Ўзбекистон Халқаро пресс-клуби ва манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ахборот тақдим этишни режалаштирмоқда.

 

– Минтақамизда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун Марказий Осиё барча давлатларининг саъй-ҳаракатлари зарур. Экологик партия ҳаракатлар умумий платформасини яратишда қўшни мамлакатларнинг партия ва ҳаракатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилмоқдами?

– Марказий Осиё минтақасидаги глобал иқлим ўзгаришлари сайёрамизнинг бошқа нуқталарида юз бераётган ўзгаришларга қараганда анчайин кескин кечаётгани ҳақида биз жамоатчиликни хабардор қилганмиз. Экстремал даражадаги юқори ҳароратли узоқ даврлар, қорсиз ўтаётган қишлар, Оролбўйида тез-тез учраётган «туз ёмғирлари» бунга далилдир.

Партиямиз минтақавий экологик муаммолар, шу жумладан иқлим ўзгариши билан юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда ҳукуматлар, сиёсий, жамоат, давлатлараро ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Бу масалалар бўйича биз Қозоғистон Парламенти аъзолари, Қирғизистон яшиллар партияси, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ИИЧБ ҳамда уларнинг табиатни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликларни йўлга қўйганмиз.

 

Яқинда Европа Иттифоқи «Европанинг яшил ҳаракати» ташаббусини тасдиқлаб, 2050 йилга бориб углерод нейтраллигига эришиш мажбуриятини олди. Мазкур ташаббус хусусида сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим.

– «Европанинг яшил ҳаракати» – Еврокомиссиянинг ажойиб ташаббуси. Мазкур ташаббус Европа сўнгги ўттиз йилликда табиат борасида қайғурадиган, иқтисодиётни ривожлантирадиган, одамлар саломатлигини яхшилаб, турмуш даражасини оширадиган биринчи иқлимий нейтрал қитъага айланишга ҳаракат қилмоқда. Ушбу ҳаракатлар йўл харитаси ресурслардан фойдаланиш самарасини ошириш, ёпиқ циклдаги иқтисодиётга ўтишга қаратилган бўлиб, бу билан иқлим ўзгаришини, биохилмахиллик пасайишини тўхтатиш ва атроф муҳит ифлосланишини қисқартириш мумкин бўлади. Ташаббусда зарур бўлган инвестицияларнинг ҳажми ва молиявий дастаклари белгиланган, «яшил ҳаракат»га қандай ўтилиши тушунтириб берилган. У иқтисодиётнинг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган: транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, уй-жой соҳаси, шунингдек саноатнинг муҳим тармоқлари: пўлат қуйиш индустрияси, цемент ишлаб чиқариш, ахборот-коммуникация технологиялари, тўқимачилик ва кимё саноати.

«Европанинг яшил ҳаракати» бугун инсоният қаршисида турган энг муҳим экологик муаммоларни ҳал этиш йўлларини қидиришда дунёнинг бошқа минтақалари учун яхши намуна хизматини ўтай олади. Ишонаманки, бугунги воқелигимиз ва имкониятларимизни ҳисобга олувчи шунга ўхшаш йўл харитаси Ўзбекистон учун ҳам асқотади.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

 

Атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик платформаси 2009 йили Рим шаҳрида (Италия) Европа Иттифоқи–Марказий Осиёнинг юқори даражадаги конференциясида ташкил этилган эди. Платформа Марказий Осиё мамлакатлари билан келишилган, МО учун ЕИ Стратегиясини амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик чегараларини ўз ичига оладиган ҳужжатдир. Римда белгиланган унинг устувор вазифалари кейинчалик Бишкекдаги (2013 й.), Миландаги (2015 й.) ва Тошкентдаги (2019 й.) юқори даражали конференцияларида тасдиқланган.

Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳи ЕИ-МОнинг атроф муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида минтақавий ҳамкорлик устуворликларини белгилашга ёрдам беради ҳамда минтақавий даражада, шунингдек ЕИ ва МО давлатлари ўртасида сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш орқали платформани қўллаб-қувватлайди. 2010 йилдан буён Ишчи гуруҳнинг 8 та мажлиси бўлиб ўтди, у ташкил этилгандан бошлаб 2009 йилдан буён Ишчи гуруҳга Италия Атроф муҳит, ер ва денгиз ресурслари вазирлиги бошчилик қилиб келади.

ЕИ 2019 йил октябрда «Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: сув ресурслари, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши» (WECOOP) лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу 3 йилга мўлжалланган 3 босқичли лойиҳадир.

Лойиҳа ЕИ стандартларига яқинлашиш орқали МОда атроф муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари соҳасида сиёсатни яхшилаш, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларига инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган. Бундан кўзланган мақсад эса инсон фаолияти, шу жумладан CO2 чиқиндилари юзага келтираётган ифлосланишларни сезиларли даражада камайтириш, тараққиётга эришиш, иқтисодиёт самарадорлигини ва юқори даражадаги ҳамда ҳамкорликдаги экспертларнинг ишчи гуруҳларида доимий учрашувларни ўтказиш орқали хабардорликни ошириш, бошқа тадбирларни ўтказишдан иборат. Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи платформа ва Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришига доир ишчи гуруҳининг техник котибияти вазифаларини бажаради ҳамда тадбирларни амалий ташкил этиш ва ўтказишга жавоб беради.

 

Прочитано: 977 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-09-03 23:25:22, Гость_Рахманов Шамиль:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика