Norma.uz

Ҳисоблагичларни текширувдан ўтказишнинг янги тартиби

 

Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан жорий этилган коммунал маҳсулотлар истеъмолини ҳисобга олиш ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш бўйича ўрнатилган янги тартиб кўпчиликка бош оғриғи бўлди. Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2019 йилдаги 698-сон қарорида назарда тутилган бўлиб, у қиёслашдан ўтказиш тартиб-таомилини осонлаштиришга қаратилган. Тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ электр энергияси, газ, совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш, уларни ечиш ва ўрнатиш хизматлари эндиликда фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилади.

 

Янги тизимнинг механизми етарлича пухта тартибга солинмаган кўринади, шунинг учун у тўлиқ ишлаб кета олмади. Ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш, ечиш-ўрнатишнинг белгиланган муддатларига риоя этилмаётгани хусусида истеъмолчиларнинг шикоятлари учраб туради. Давлат хизматлари марказидан чиққан аризалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналаригача (кейинги ўринлардаҲЭТК, етказиб берувчи, электр таъминоти корхонаси) бўлган йўлларда аллақандай тўсиқларга учраётгандек туюлади. Бир қатор фуқаролар бунга кўп вақт кетаётганини (бир ой ва ундан ортиқ) айтиб шикоят қилишади, ваҳоланки, Регламентда талабгор томонидан сўровномани Мажбурий ижро бюроси, ҲЭТК ва метрология хизматига электрон шаклда юбориш учун 20 дақиқа белгиланган. Баъзида электр таъминоти корхонаси аризани топа олмай қолади. Шунда истеъмолчилар у томон билан ҳам, бу томон билан ҳам масалани ойдинлаштиришга киришиб кетишади. Яна тартибсизлик, асаббузарлик, вақтни ҳавога совуриш денг.

Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш маиший истеъмолчилар учун доимо даҳмаза иш бўлиб келган. Бу ўринда томонлар ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўладиган кўплаб тўсиқлар юзага келган. Давлат хизматлари марказининг фаолияти истеъмолчи ва етказиб берувчи ўртасида воситачи вазифасини бажариш, мазкур жараённи осонлаштириш, иш ҳажмини камайтириш, иш хусусиятини янада қулай ва шаффоф қилишга қаратилган. Лекин аксарият ҳолларда муаммо инсон омилига бориб тақалади, шунда тизимга етарлича малакага ва масъулиятга эга бўлмаган ходимлар «кириб қолгани» маълум бўлади.

«Ўзстандарт» агентлиги ходимлари янги тартибни электр ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш мисолларида тушунтириб берувчи видеоролик тайёрладилар. Бу анчайин фойдали ахборот бўлди. Лекин муаллифлар «қиёслашдан ўтказиш»ни «Текшириш» деб номлаб, бу тушунчалар орасидаги фарққа эътибор қаратмай, ўта жиддий хатоликка йўл қўйганлар. Аслида булар тамоман бошқа-бошқа тартиб-таомиллар, жавобгарликни назарда тутувчи иккита ўзгача тушунчалардир. Қиёслашдан ўтказиш механизми ҳақиқатан ҳам оддийлашгани йўқ. Лекин фуқаролар буни амалда ҳис этишлари учун Регламент узилишларсиз ишлаши керак-да. Истеъмолчиларга уни қисқача эслатиб ўтамиз.

 

Электр ҳисоблагич қиёслашдан қандай ўтказилади

Электр ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун аризани икки усулда бериш мумкин. Ё исталган Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади – улар сони республикада 201 та ёхуд буни электрон шаклда ЯИДХП орқали амалга ошириш мумкин (my.gov.uz).

Ҳисоблагичларни «Ўзстандарт» агентлиги қиёслашдан ўтказади. Аввалги схема ўта мураккаб бўлган, шунинг учун кўпинча бюрократик тўсиқлар юзага келар эди. Дастлаб истеъмолчи ҳисоблагични ечиш учун электр таъминоти ташкилотига ариза бериши лозим бўлган. Шундан кейин ҳисоблагични унинг ўзи қиёслашдан ўтказиш учун «Ўзстандарт»га олиб бориб бериши лозим бўлган. Қиёслашдан ўтказганлик учун ҳақ олинган. Боз устига, бу борада шаффофлик ва очиқлик қаёқда дейсиз? Қиёслашдан ўтказилгандан кейин истеъмочининг ўзи ҳисоблагични «Ўстандарт»дан қайтариб олган ва уни ўрнатиб бериш учун ҲЭТКга ариза берган. Мана шу сансалорликдан қочган кўпчилик фуқаролар муайян ҳақ эвазига ходимлар билан келишиб олиб, қиёслашдан ўтказишнинг барча даҳмазаларини уларга ишониб топширишган. Таассуфки, дард устига чипқон чиққандек, аксарият вақтларда бу юмушларни улар виждонан бажармаганидан истеъмолчилар яна азият чекишган.

Қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатганлик учун юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади, бу 334 500 сўмни ташкил этади. Жисмоний шахслар – якка тартибдаги тадбиркорларга БҲМнинг 20 фоизи миқдорида йиғим белгиланган. Жисмоний шахслар (маиший истеъмолчилар) учун хизматлар бепул кўрсатилади.

Шундан сўнг ҲЭТК ходимлари ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечилган ҳисобга олиш ускуналарини «Ўзстандарт» агентлигининг давлат метрология хизмати органларида қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларини бажаради. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари барча жараёнларда ҲЭТК билан ҳамкорлик қилади, ҳисобга олиш ускуналарига тамға (пломба) қўйишни амалга оширади.

Янги Регламентда ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишга жавобгар бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари устидан назорат ўрнатиш белгиланган. Бу давлат хизматлари кўрсатишни чўзиб юбориш, талабгордан асосланмаган пул маблағларини талаб қилиш ва бошқаларга йўл қўймаслик мақсадида қилинган.

Электр ҳисоблагичларни оралиқ қиёслашдан ўтказиш муддатлари ҳам ўзгартирилди. Жисмоний шахслар учун у 8 йилда 1 марта, юридик шахсларда 4 йилда 1 марта ўтказилади.

Электр таъминоти ташкилоти оралиқ муддат тугашига қадар 30 кун давомида истеъмолчини қиёслашдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради. Талабгорнинг ҲЭТК томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди. Маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи жисмоний шахслардаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш, қиёслашдан ўтказиш, тамғалаш, рўйхатдан ўтказиш, таъмирлаш ва янгисига алмаштириш электр таъминоти ташкилотининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўрнатилган Регламентга мувофиқ электр ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш 3 босқичда амалга оширилади:

1) ҳисоблагич ариза келиб тушгандан сўнг 5 иш куни давомида ечилади;

2) метрологик хизмат 3 иш куни давомида қиёслашдан ўтказади;

3) ҳисоблагич 3 иш куни давомида ўрнатилади.

 

 

Тажриба натижалари

 

Рақобатми ёки монополия муҳити

 

Вазирлар Маҳкамасининг 4.01.2019 йилдаги 5-сон қарорига мувофиқ 2019 йилнинг январидан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш бўйича пойтахтимизнинг Юнусобод туманида старт олган тажриба асосланмаган ҳолда Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам давом эта бошлади. Ундан кўзланган мақсад кўп квартирали уй-жойларни профессионал бошқарув компанияларига бериш эди. ХУМШ аъзоларининг йиғилишларида баъзан уйларни бошқариш шаклини ўзгартиришга мажбурлаш бўйича босимлар ўтказилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган бошқарувчи компанияларни танлов асосида танлаш ва унда мулкдорлар вакилларининг иштирок этишини назарда тутувчи тартиб-таомил бузилмоқда. Бу эса уйда яшовчилар устига охир-оқибатда тажрибани ўтказишдан манфаатдор бўлганлар илгари сурган компания бошқарувчи бўлиб қолиши эҳтимолини оширади.

 

Бундан таажжубланишга ҳожат йўқ. Моҳиятан кўп квартирали уйларни профессионал бошқаришга қаратилган мазкур лойиҳа аввалбошдан ҳуқуқий жиҳатдан пухта ишлаб чиқилмаган эди. Аслида профессионал бошқарув – керакли нарса. Лекин тажрибани ўтказишга масъул бўлган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий саводсизлиги ва масъулиятсизлиги – турар жой мулкдорларининг бу борадаги ҳуқуқларининг бузилиши ва норозиликларига сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади. Юнусободлик «ноу-хау»чилар дастлаб ширкатлар ёпилиши, кейин туманнинг барча кўп қаватли уйлари бирваракайига бошқарувчи компанияга ўтиши тўғрисидаги миш-мишни тарқатишди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Адлия вазирлиги «жадидчилар»ни (яъни янгилик муаллифларини) ҳовуридан тушириб қўйишди ва ҳуқуқий чегарага қайтаришди. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқарув усулини танлаш турар жой мулкдорларининг ҳуқуқи эканлигини эслатиб қўйишди. Худди шу меъёр «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги янги Қонунда ҳам назарда тутилган бўлиб, унга кўра 2020 йил 1 майга қадар бўлган муддатда унинг нормалари пойтахтимизнинг Яккасарой туманида, Марғилон ва Жиззах шаҳарларида апробациядан ўтказилади.

Бир йил ўтди, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда бу тажрибани шаҳарнинг бошқа туманларига татбиқ этишдан олдин, ғалвирни сувдан кўтариш, тажрибага расмий баҳони бериш тўғрироқ бўлмасмиди?! Унинг самарадорлигини тасдиқловчи натижалар эса ҳозирча қўлга киритилмаган. Ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши мўлжалланган уй-жой фондининг ҳолати таҳлил этилмаган, бошқарувчи компанияни танлашга доир танловлар ўтказиш статистикаси, танловларда турар жой мулкдорларининг вакиллари иштироки мавжуд эмас. Дарвоқе, Адлия вазирлиги бошқарув компанияларини танлаш тартиб-таомилларидаги қоидабузарликларни аниқлади, шулардан бирида туман ҳокимиятининг қарорида тендерда ғолиб бўлганлар орасида танловда умуман иштирок этмаган компаниялар мавжуд бўлганлиги ҳам бор.

Савол туғилади: ҳокимиятлар айнан қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда Юнусобод тўлқинини пойтахтнинг бошқа туманларига сингдира олмоқдалар? Бу худди ҳассасига зўрға таяниб турган оқсоқ одамни соппа-соғ одамга ўхшаб туришга мажбурлаб, ҳар томонга югуртираётганга ўхшайди.

Мазкур масалада асосий кишилар бўлиб турар жой мулкдорларининг ўзлари ҳисобланишади, зеро, ислоҳотлар ҳам айнан уларга қаратилган-ку. Шундай кишилардан бирининг фикрини келтирамиз, у Валерий Стаховский:

– Гап муайян ҳолат ёки шаклда ҳам эмас, балки масаланинг моҳиятида. Турар жойлар хусусийлаштирилгандан кейин кўп квартирали уйларни бошқариш дастлаб мулкдорларга нисбатан бегона бўлган шахслар – жэклар ва ИК (ижара корхоналари) қўлига ўтди. Бундай ташқи бошқарув нафақат самарасиз, балки ҳалокатли тарзда из қолдирди: уй-жой фонди жар ёқасига келиб қолди. Шунинг учун уй-жой мулкдорлари ширкатлари (УМШ, кейинчалик ХУМШ) шаклидаги ўзини ўзи бошқаришга ўтишга қарор қилинди.

Албатта, барча ширкатларда ҳам ишлар силлиқ кетди ёки кетаяпти, деб бўлмайди, лекин нима бўлса-да, улар асосан бу ишнинг уддасидан чиқишга эришдилар ҳамда кўп квартирали уйларнинг катта қисмини эпақага келтириб қўйишди. Энг муҳими, ўзини ўзи бошқариш тамойили умуман олганда ўзини оқлади. Шу билан бирга УКХ соҳасида профессионал бошқарув даражасини ошириш талаби ихтисослашган бошқарувчи компанияларнинг ролини оширишни тақозо эта бошлади.

Асосийси (бу «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда ҳам ўз аксини топган) бошқарувнинг бу ҳар иккала усули бирга амал қилавериши ҳамда рақобатлашиши лозим, зеро, рақобатнинг бўлиши эркин бозор шароитида ҳам табиий, ҳам заруратдир.

Гапнинг индаллосини айтганда, УКХ соҳасидаги ислоҳотларда уйларни бошқарувчи компаниялар томонидан яккаҳокимлик асосида бошқариш эмас, балки уларга рақобат муҳитини яратиб бериш асосий моҳият ва мақсад бўлиб қолиши даркор.

Ширкат ва мулкдорларга босим ўтказиш, чет компаниялар бошқарувига мажбурлаб киритиш – ким ва қай йўсинда амалга оширмасин, бу турар жой соҳасидаги давлат сиёсатига қарши чиқиш ҳисобланади.

Турар жой мулкдорлари учун нима фойдали эканлигини фақат вақт ва тажриба кўрсатади, чунки умумий мол-мулкка ким ва қандай хизмат кўрсатиши кераклигини айнан улар танлай оладилар. Агар бу алоҳида шахслар ёки гуруҳлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқаларнинг эмас, айнан турар жой мулкдорларининг манфаатларига мос тушса, балки биз ушбу рақобат орқасидан ХУМШ ва бошқарувчи компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига ўтармиз. Уйларни бошқариш масаласида асосий ҳуқуқ – хусусий мулк ҳуқуқи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Бу ҳуқуқни бузишга эса ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган.

 

 

 

Қўшничилик низолари

 

«Буларнинг дастидан тинчлик борми ўзи?!»

 

Қандай қилиб жой мулкдорини шахтага олиб борувчи михлаб ташланган эшикни очиб қўйишга мажбурлаш мумкин? Ваннахонанинг шифти намланиб қолганда нима қилиш керак ва унинг сабаби қандай аниқланади-ю, бу ҳолат қандай қилиб тезда бартараф этилади? Таъмирлаш ишлари вақтида юқори қаватда яшовчи қўшнимиз шахтага ўтиладиган эшикни ғишт ёки кафель билан ёпиб ташласа, бунинг оқибатида муҳандислик коммуникацияларига йўл тўсилса... Энг қизиғи эса йўлни очиш нияти йўқ - менда ҳаммаси жойида, дейишдан у ёғига ўтмаётир. Боз устига, ХУМШ ходимлари, сантехник, унинг сув тошқинидан зарар кўрган қўшнисига эшик очмайди, пинак бузмайди. Шахтадаги қувур ёрилиб кетиб, бир нечта квартиралар сув остида қолса-чи – бу ҳолатни тиклаш учун ким жавоб беради?

 

Шахтадаги уй ичи коммуникациялари (тик қувурлар), шу жумладан шахтанинг ўзи ҳам – кўп квартирали уйдаги барча мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланади. мазкур мол-мулкдан фойдаланишда улар тенг ҳуқуқларга эгадирлар. Айни вазиятда умумий фойдаланишда бўлган шахтага ўтиладиган йўлни тўсиб қўйган мулкдор ҳам бошқа квартира эгаларининг мулк ҳуқуқини бузаётган бўлади.

Шуни эътибордан соқит қилмаслик керакки, ХУМШнинг шахтадаги жавобгарлик зонаси бўлиб фақат тик қувурлар ҳисобланади. Тик қувурлардан квартираларга шохлаб ўтадиган тагсинчлар учун турар жой мулкдорлари жавоб беришади. Шахтадаги коммуникацияларга ўтиш йўлларини тўсиб қўйиш, худди авария ёки тошқинлар чоғида ХУМШ ходимларини уйга қўймаслик сингари қонунчиликка зид хатти-ҳаракат ҳисобланади. Шунга қарамай, бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Бунга бир томондан уй аҳлининг ҳуқуқий саводсизлиги, иккинчи томондан қонун ҳужжатларини писанд қилмаслик сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолатларни четлаб ўтишга ширкат томонидан ўтказиладиган профилактик чора-тадбирлар, шу жумладан умумий мол-мулкнинг квартира ичидаги объектларини кўздан кечириш ёрдам берган бўлур эди. Шунда ХУМШ уйни иситишга таъсир кўрсатувчи коммуникациялар тизимига барча ноқонуний қайта режалаштиришлар, қайта қуришлар ва узишлардан олдиндан хабардор бўлиб борарди. Квартира ичидаги қувурли тармоқлар тўғрисидаги бандни ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида олдиндан муҳокама қилган ва тасдиқлаган ҳолда ХУМШ уставига ёки уйдаги умумий мол-мулкни сақлашга доир ички қоидаларга киритиш мумкин.

Хўш, шундай қилиб, шахтадаги коммуникацияларга ўтиш йўлларини очиб қўйишни жой мулкдорларига қай тарзда мажбурласа бўлади?

 

Қўшни шахтага ўтиш йўларини тўсиб қўйганда амалга ошириладиган 14 та қоида

1. Сув тошқини ёки шахтадаги авариядан зарар кўрган турар жой мулкдори ХУМШга ариза билан мурожаат қилиши керак.

2. Ариза 2 нусхада берилади. ХУМШ раҳбари аризанинг мулкдорда қоладиган нусхасига имзо қўйиши ва уни қабул қилиш санасини кўрсатиши керак.

3. Ариза келиб тушган пайтдан бошлаб ширкат ертўлага иссиқ ва совуқ сув етказиб берилишини зудлик билан тўхтатиши ҳамда вазиятни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кўриши зарур. Акс ҳолда оқибатлар учун жавобгарлик ХУМШ раҳбарининг зиммасига юклатилади.

4. Ширкат, уйдаги умумий мол-мулкни сақлаб туриш учун жавобгар бўлган юридик шахс сифатида шахтани ёпиб ташлаган мулкдордан муҳандислик коммуникацияларига йўл очишни талаб қилиши шарт.

5. ХУМШнинг мансабдор шахслари мулкдорга, шахтадаги умумий мол-мулкка ўтиш йўлларини тиклашдан бош тортган тақдирда, оқибатлар учун мулкий жавобгар бўлишини тушунтиришлари керак.

6. ХУМШ уй қўмитаси раиси, уйдаги бир қанча яшовчилар ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида квартирадаги ноқонуний қайта жиҳозлаш тўғрисида далолатнома тузиши керак.

7. Агар мулкдор шахтага ўтиладиган йўлни очишдан бош тортса, ширкат ходимларини квартирага қўймаса, у ҳолда ХУМШ авария ҳолатини бартараф этиш бўйича юридик шахснинг ҳаракатларига тўсқинлик қилганлик тўғрисидаги ариза билан прокуратурага (судга) мурожаат қилиши мумкин.

8. Агар ширкат масалани ҳал этишдан ноқонуний тарзда ўзини олиб қочса, бу мансабга совуққонлик билан қараш сифатида баҳоланади, бунинг учун жиноий жавобгарлик назарда тутилади. Бу ҳолда зарар кўрган жой мулкдори вақтни йўқотмаган ҳолда масалани ҳал қилишга ўзи киришади.

9. Аввалига шахтага ўтиш йўлини очиш тўғрисида қўшни билан муроса қилишга ҳаракат қилиб кўриш керак.

10. Ўзаро келишувга келинмаган тақдирда, мулкдор УКХ вазирлигининг уй-жой инспекциясига мурожаат қилиши, судга даъво аризаси ёки прокуратурага шикоят бериш учун ҳужжатлар тайёрлаши мумкин.

11. Зарар кўрган яшовчи чакка ўтиши/сув босиши далилини тасдиқлаш учун фотосуратга олиши керак.

12. Уй қўмитаси раиси ва уйдаги бир қанча яшовчилар иштирокида мулкдор томонидан шахта жойлари ва умумий мол-мулкка ўтиш йўллари ноқонуний тўсиб қўйилганлиги тўғрисида далолатнома тузиш керак.

13. Қонунбузар қўшнини зарар кўрган мулкдор суд ёки прокуратурага беришни мўлжаллаётган ҳужжатлар билан таништириш.

14. Масала ҳал этилмаган тақдирда, суд ёки прокуратурага мурожаат қилиш керак.

 

 

 

Қонун ҳужжатларида нима дейилган

 

Ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилишингиз учун қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таяниш лозимлиги хусусида тасаввурга эга бўлиш лозим.

 

Уй-жой кодекси

Кўп квартирали уйдаги квартира мулкдори ўзига қарашли жойга кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ёки авария-таъмирлаш хизматлари вакиллари умумий мол-мулкнинг ҳолатини назорат қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш мақсадида мулкдорни олдиндан хабардор қилгач, унинг борлигида киришларини таъминлаши шарт.

Кўп квартирали уйдаги квартира мулкдори авария ҳолати юзага келган тақдирда, аварияни бартараф этиш учун тегишли авария-таъмирлаш хизматлари вакиллари ўзига қарашли жойга киришларини дарҳол таъминлаши шарт. Квартира мулкдори йўқлигида аварияни бартараф этиш учун бу жойга кириш ички ишлар органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида тегишли авария-таъмирлаш хизмати томонидан амалга оширилади.

Кўп квартирали уйдаги квартира мулкдори маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли рухсатнома олмасдан ўзига қарашли жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади ҳамда бу жойни ўз ҳисобидан аввалги ҳолатига келтириши шарт (24-модда).

 

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун

(7.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон, 1.08.2020 йилдан кучга киради)

Айни вақтда ҳуқуқий тажриба сифатида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Марғилон ва Жиззах шаҳарларида апробациядан ўтмоқда.

Турар жой мулкдори:

жойда, санитария-техника ускуналарида ва бошқа ускуналарда носозликлар аниқланган тақдирда, шикастланишларни бартараф этиш юзасидан дарҳол мумкин бўлган чораларни кўриши ҳамда зарур бўлган ҳолларда тегишли хизматга хабар қилиши;

авария вазиятлари юзага келган тақдирда ўзи эгаллаб турган жойга авария-тиклаш хизматлари вакилларининг киришини таъминлаши шарт.

Агар мулкдор ёки у билан бирга яшовчи шахслар бошқа мулкдорларнинг мол-мулкига ёхуд умумий мол-мулкка зарар етказган бўлса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Агар умумий мол-мулкнинг фақат мазкур жойдан кирилиши мумкин бўлган конструктив қисмларини текшириш, таъмирлаш ёки алмаштириш зарур бўлса, башарти мулкдор бу ҳақда олдиндан хабардор қилинса, мулкдор кўп квартирали уйни бошқариш органи вакилларининг бу жойга киришига рухсат бериши шарт. Авариянинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тезкор бартараф этиш зарур бўлган шошилинч ҳолларда олдиндан хабардор қилиш талаб этилмайди (19-модда).

 

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун

(12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, 1.08.2020 йилдан кучини йўқотади)

Ширкат мулкдорнинг жойи ичидаги умумий мол-мулкнинг ҳолатини назорат қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш мақсадида мулкдорни олдиндан хабардор қилгач, мулкдорнинг жойига унинг борлигида кириш ёки авария юз берган тақдирда белгиланган тартибда дарҳол кириш ҳуқуқига эга (15-модда).

Ширкат умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт (16-модда).

 

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави

(ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига ­1-илова)

Ширкат аъзосининг мажбуриятлари:

белгиланган тартибда тегишли рухсат олгач, ширкат билан ўзига тегишли турар жойни реконструкция қилиш, тархини қайта тузиш, қайта жиҳозлаш бўйича келишувга эришиш. Ўзбошимчалик билан турар жойни реконструкция қилиш ва/ёки тархини қайта тузиш ва/ёки қайта жиҳозлашга йўл қўйган ширкат аъзоси ўз ҳисобидан хонани аввалги ҳолига келтиришга мажбур;

олдиндан огоҳлантирилган ҳолда ва ўзининг ёки вакилининг иштирокида ўзига тегишли бўлган турар жойга умумий мулкнинг мулкдори турар жойи чегарасида бўлган қисмини кўрикдан ўтказиш, жорий ва капитал таъмирлаш учун, шунингдек авария ҳолатларини бартараф этиш учун Ширкат ва ихтисослаштирилган ташкилотлар вакилларини дарҳол киритиш. Хонага киришга йўл қўймаган мулкдор шу туфайли ишлар бажарилмай қолганлиги натижасида етказилган зарарни ўз ҳисобидан қоплайди;

ўзига тегишли турар жой чегарасида бўлган умумий мулкнинг бутлигини таъминлаш (6.2-банд).

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари

(ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига ­1-илова)

Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:

квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг носозликлари (авариялар) аниқланганда уларни бартараф этиш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриш;

иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларидаги авариялар, шунингдек иссиқлик энергиясидан фойдаланишда юзага келадиган бошқа бузилишлар тўғрисида тегишли равишда ижро этувчига ёки етказиб берувчига дарҳол хабар бериш (86-банд).

 

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари

(ВМнинг 194-сон қарорига 2-илова)

Истеъмолчилар турли предмет ва материалларнинг уюм бўлиб сақланишига, шунингдек истеъмолчининг ҳудудида ёки тасарруфида бўлган ичимлик сув, канализация тармоқлари ва қурилмалари устида ҳамда ичимлик сув ва канализация ташқи жойлашувда бўлган (кўчада ва квартал ичида) ерларда бирор-бир иншоотларни қуришга йўл қўймаслик. Амалдаги тармоқларда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларда авария содир бўлган тақдирда етказилган зарар учун жавобгарлик қоидани бузганнинг зиммасига юкланади (123-банд).

 

Кўп квартирали уйларда етказиб берувчи ва истеъмолчи (жой мулкдори) ўртасида иссиқлик таъминоти шартномаси

Истеъмолчи иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларидаги авариялар, шунингдек иссиқлик энергиясидан фойдаланишда юзага келадиган бошқа бузилишлар тўғрисида тегишли равишда ижро этувчига ёки етказиб берувчига дарҳол хабар бериши шарт ­(4.3.3-банд).

 

I гуруҳ истеъмолчиларига (жисмоний шахсларга) сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматларини кўрсатиш шартномаси

Истеъмолчи етказиб берувчининг вакилларига уларнинг хизмат гувоҳномаси бўлган тақдирда, соат 9.00 дан 18.00 гача бўлган даврда ўз ҳудуди ёки тасарруфидаги сувни ҳисобга олиш узеллари, ичимлик сув ва оқава сув тармоқлари, қурилма ва иншоотлари олдига тўсиқсиз боришини таъминлаши шарт (4.4-банд).

 

 

 

Истеъмолчилар эътиборига

 

Квартира ичидаги электр хизматига шартнома: фақат ихтиёрий асосда

 

Сўнгги пайтларда пойтахтда хусусий электромонтаж ташкилотлари вакиллари фуқароларга квартира ичидаги электр хизматларини пуллик асосда кўрсатишга шартномалар тузишни фаол тарзда таклиф этишаётган вазият юзага келди. Бу ҳаракат уйма-уй юрган ҳолда амалга оширилди. Фуқаролар таклиф этилган сервисни анчайин эҳтиёткорлик билан кутиб олишди, сабаби аксарият ҳолларда хусусий таклиф билан чиққанлар айнан қайси тузилмадан эканликларини аниқроқ тушунтириб бера олмадилар. Баъзида улар ўзларини Энергетика вазирлигининг ходимлари сифатида таништирдилар. Яшовчилар шартномаларни пуллик асосда тузиш қанчалик асосланганлигини сўраб саволлар беришди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўзининг minenergy.uz сайтида вазиятга изоҳ берувчи тушунтиришни жойлаштирди.

 

Тушунтиришда айтилишича, тошкентликлар хусусий электромонтаж ташкилотларидан уларга келаётган таклифларни муҳокама қилишмоқда. Мазкур хизматларнинг вакиллари гувоҳномаларини кўрсатган ҳолда кўп қаватли уйларнинг квартираларини айланиб юриб, абонентлик тўлови билан шартномалар тузишни таклиф этишаётир. Уларнинг сўзларига қараганда, бу билан уйда яшовчилар электр симлари, розетка ва уй ичидаги бошқа электр таъминоти унсурлари билан, шунингдек электр шчитда учрайдиган муаммолар юзага келган тақдирда қўшимча тўловларсиз компания мутахассисларини чақиртириш имкониятини берар экан.

Тушунтиришда айтилишича, мазкур элетромонтаж хизматларининг Энергетика вазирлиги ва унинг таркибий тузилмаларига алоқаси йўқ. Улар мустақил тижорат ташкилотлари бўлиб, хизматлар кўрсатишга шартномалар тузиш ва абонентлик тўловларини ундириш ҳуқуқига эгалар. Бундай ташкилот билан хизмат кўрсатишга шартнома тузиш-тузмасликни истеъмолчи мустақил равишда, ихтиёрийлик асосида ҳал қилади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (12.01.2018 йилдаги 22-сон) доирасида маиший истеъмолчиларга электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш ва пломбалаш «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Истеъмолчилар электр энергияси таъминоти ва электр энергияси хизмати билан боғлиқ барча саволларга тезкор ва ишончли жавобларни 11-54 телефон рақами, газ таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича жавобларни 11-04 телефон рақами, шунингдек Facebook ва Telegram каналларидан олишлари мумкин.

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Иситиш учун ҳақ қандай тўланади?

 

Эшитишимча, иссиқлик таъминоти хизматлари учун 2020 йилдан фақат иситиш мавсумида ҳақ тўланар эмиш. Йилимиз бошланган. Ҳисоб-китоблар қайси тарифлар бўйича амалга оширилади?

 

– Президентнинг «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (2.12.2019 йилдаги ПҚ-4542-сон) мувофиқ 2020–2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.

Ҳозирча 2019–2020 йиллар иситиш мавсуми тугагани йўқ. Шунинг учун келгуси иситиш мавсуми бошлангунга қадар истеъмолчилар марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловни эски тартибда амалга оширадилар: ҳар ойда белгиланган тарифлар бўйича.

ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўлашнинг янги тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳаси жойлаштирилган. Кўп квартирали уйларда иссиқлик энергияси истеъмоли ҳақини белгиланган тарифлар бўйича фақат иситиш мавсумида тўлаш ҳамда календарь йил давомидаги ҳар ойлик тўлов ўрнига иситиш даври давомида ҳар кунлик тўловга ўтиш таклиф этилмоқда.

 

 

 

Ислоҳот одимлари

 

Асоссиз қарздорликлар бартараф этилмоқда

 

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгандан буён нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланиши билан боғлиқ масалалар долзарблигича қолмоқда.

 

– Асоссиз қарздорликлар муқаддам таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмагани, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши ва етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида ҳисобланиши сабабли юзага келганини кўрсатмоқда, – дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Ҳ.Кабиржонов. – Ўтган вақт давомида истеъмолчиларни тўлиқ кўрикдан ўтказиш бўйича республика миқёсида ишчи гуруҳлар тузилди. Улар томонидан аниқланган асоссиз қарздорликлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, истеъмолчи зиммасидан олиб ташлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳукумат топшириғи асосида 2018 йилда истеъмолчиларга асоссиз (нореал) ҳисобланган қарздорликни хатловдан ўтказиш бўйича Идора­лараро қўшма фармойиш тасдиқланган. Унга кўра истеъмолчилар хатловдан ўтказилган. Натижада республикамиздаги 429 минг нафардан ортиқ истеъмолчига фойдаланилмаган электр энергияси учун 545 млрд сўм, табиий газ бўйича 212 минг нафар истеъмолчиларга 430,8 млрд сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланди. Ушбу асоссиз қарздорлик электрон дастурдаги истеъмолчиларнинг ҳисобварағидан чиқарилиб, бузилган ҳуқуқларини тикланиши таъминланди.

Фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари бўйича бюро органлари томонидан 1 трлн 342 млрд сўм нореал қарздорлик бўйича жами 146 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан жойларда истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига уланиш жараёнлари бошланди. Айни пайтда таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда 2,7 млн дан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларига электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шундан, 1 млн 363 мингтаси автоматлаштирилган тизимга уланган.

 

 

 

Пойтахтда автомашинадан чиқинди улоқтирган шахслар жаримага тортилди

 

2020 йил 31 январь куни Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекцияси томонидан Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор рейдлар ўтказилди.

 

Унда шаҳарнинг А.Навоий кўчасида давлат рақами 01X000XX (ўзгартирилган) «Нексия» автотранспорти йўловчиси Х.Г. томонидан тамаки қолдиғини ташқарига улоқтирган ҳолат қайд этилди.

Шунингдек, Шота Руставели кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автотранспорт ҳайдовчиси Б.М. бўш баклажка идишини йўл четига улоқтирганида тўхтатиб қолинди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан икки ҳуқуқбузарга нисбатан ЙҲХБ давлат инспектори томонидан МЖтКнинг 123-моддаси билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартибда жарима қўлланилди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1373 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2020-02-19 15:02:31, Гость_:
мен 2019 йил декабр ойида совук сув хисоблагичини курикдан утказиш учун Давлат хизматлари марказига заявка ташлаган эдим мана 2ой утди холи на Сувокова ходимларидан хабар бор на Давлат хизматлари марказидан кимга мурожат килишни хам билмайман эртага сроги утиб кетибди деб отни калласидай жарима куйиб кетишни боплайди уз ишларини вактида килмайди
2020-02-21 14:22:45, Гость_:
Мажбурий бюро отни калласидай жаримани ундиради ва уни узлари мукофат килиб олади.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика