Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 06 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

1 апрелдан яна 10 та давлат хизмати онлайн-форматга ўтказилади

 

Бу Президентнинг 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сон Фармонида назарда тутилган.

1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида қуйидаги давлат хизматларини фақат ЯИДХП ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий сайтлари орқали олиш мумкин:

♦ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ўсимликлар ва уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;

♦ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, трофейлар, тулумларни олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;

♦ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомникни, шунингдек, зоологик коллекцияларни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги гувоҳнома;

♦ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектининг ўзи тўғрисида кўчирма;

♦ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан кўчирма, махфий ахборот бундан мустасно;

♦ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан сўралаётган ахборот ва (ёки) ҳужжат мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш;

♦ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектлари рўйхатини электрон шаклда бериш, олиш имконияти қонун ҳужжатлари билан чекланган маълумотлар бундан мустасно;

♦ манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;

♦ солиқ тўловчи жисмоний шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, СТИР бериш;

♦ якка тартибдаги тадбиркорнинг рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тўхтатиб туриш.

Бунда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими уни юритиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган ҳолда Давлат хизматлари агентлигига ўтказилди.

Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда Давлат хизматлари марказлари филиаллари босқичма-босқич очилади. Шу тарзда маҳаллий аҳолига кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш, ЯИДХПдан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар бериш таъминланади. Филиаллар маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари биноларида, бироқ зарур ҳолларда эса – алоҳида, шу жумладан ДХШ шартлари асосида қурилган биноларда жойлаштирилади.

Агентлик тузилмасида янги давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилади. Унинг ходимлари давлат хизматлари кўрсатишда қўлланиладиган электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун маълумотларни рақамлаштириш билан шуғулланади. Ушбу йўналишда яқин уч йил учун мўлжалланган ишлар режаси тасдиқланди.

Суғурта компанияларига Давлат хизматлари марказлари эгаллаб турган биноларда ва ҳудудларда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини тузиш ҳамда мажбурий суғурта қилиш бўйича хизматлар рекламасини жойлаштиришга рухсат берилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.02.2020 йилдан кучга кирди.

 

 

Давлат чорвачиликни қўллаб-қувватлашни кенгайтиради

 

Президент чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирларини назарда тутувчи қарорни имзолади (29.01.2020 йилдаги ПҚ-4576-сон).

 

Улар қуйидагилардан иборат:

биринчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

♦ чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича, шу жумладан чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг МБнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50%и миқдорида кафиллик тақдим этилади;

♦ кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига эквиваленти 20 млрд сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун – банклар томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40%игача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.

Бунда Президентнинг аввал қабул қилинган ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Жамғарма томонидан кафилликлар ва компенсациялар тақдим этилиши шартлари ўз кучида қолади;

иккинчидан, 2020–2022 йилларда қуйидагиларга субсидиялар ажратилади:

а) чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга:

♦ республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 млн сўм миқдорида;

♦ хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 млн сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;

б) «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга:

♦ интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 млн сўм миқдорида;

♦ мамлакат ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 млн сўмгача бўлган харажатларининг 50%и миқдорида;

в) «Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 000 сўмини қоплаш учун.

Субсидиялар «Ўзбекчорванасл» агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади. Бундай тартиб 15 кун ичида ишлаб чиқилади. 2020 йилда субсидиялар умумий суммаси 56 млрд сўмни ташкил этади. 2021–2022 йилларга зарур сумма жорий йилнинг 1 июлига келиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, чорвачилик соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва чора-тадбирларга Осиё тараққиёт банкининг чорвачиликни ривожлантириш учун 150,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари йўналтирилиши назарда тутилган.

 

Сунъий сув ҳавзаларининг ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, ушбу майдонларга ер солиғининг табақалаштирилган ставкаларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади. 1 майга қадар тегишли таклифлар ишлаб чиқилиши ва Молия вазирлигига киритилиши лозим. Ушбу омил 2021 йил бюджети лойиҳасини тайёрлашда инобатга олинади.

2022 йил 1 январга қадар «Паррандасаноат» уюшмаси таркибидаги паррандачилик корхоналарига ўзи ишлаб чиқарган тухум ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилишда, наслдор инкубацион тухум ва наслдор бир кунлик жўжаларни, вакцина ва ветеринария дори воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ҳаво транспортида ташиш тарифларига нисбатан 20%лик чегирма берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Минерал ўғитларнинг янги ишлаб чиқарилишини барпо этишга имтиёзлар ёрдам беради

 

Президентнинг тегишли қарори (6.02.2020 йилдаги ПҚ-4587-сон) кимё тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори қўшилган қийматли мураккаб ва фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида қабул қилинган.

 

Давлатимиз раҳбари Ҳукумат таклифига розилик берди ва Солиқ кодексининг 75-моддасига асосан унга тегишли ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда «Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этди.

Имтиёзлар 2023 йил 1 февралгача бўлган муддатга жорий этилади ва қуйидагилардан иборат:

♦ жалб қилинадиган Ўзбекистон норезидентлари-юридик шахслари учун фойда солиғи (шу жумладан, тўлов манбаида ушлаб қолинадиган фойда солиғи) ставкасини ҳамда Ўзбекистон норезиденти-жисмоний шахслар учун ЖШДС ставкасини 50%га камайтириш;

♦ алоҳида рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, махсус техникалар, машина ва механизмлар, комплект буюмлар ва узеллар, бутловчи қисмлар, хом ашё ва материаллар, технологик ускуналар, приборлар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини божхона божидан озод қилиш ҳамда ушбу товарлар учун акциз солиғи ставкасини 50%га камайтириш.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш 2019–2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 февралдаги 61-сон қарорида назарда тутилган. Натижада «Самарқандкимё» АЖ негизида аммиак, карбамид, аммоний сульфати ва меламин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Кипрнинг «Ferkensco Management Limited» компанияси хорижий инвестор бўлади, тўғридан-тўғри инвестициялар суммаси – камида $200 млн. Лойиҳанинг  ишлаб чиқариш қуввати – йилига 600 минг тонна минерал ўғитлар. Янги иш ўринлари сони – камида 500 та.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.02.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Нотариал палатанинг мақоми, тузилмаси ва молиялаштириш манбалари белгиланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2020 йилдаги «Ўзбекистон нотариал палатаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 54-сон қарори қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 9.09.2019 йилдаги ПФ-5816-сон Фармонида Нотариал палата ташкил этилиши ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланиши назарда тутилган. Шунингдек 14.01.2020 йилдаги ЎРҚ-602-сон Қонун (3-модда) билан «Нотариат тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Нотариал палата мақомига кўра хусусий амалиёт билан шуғулланувчи барча нотариусларнинг аъзолигига асосланган нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бунда давлат нотариал идораси нотариуси ихтиёрийлик асосида ушбу палата аъзоси бўлиши мумкин.

Нотариал палата нотариусларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида иш юритади. Палата Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда нотариатнинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Нотариал палата Конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Нотариал палатанинг ташкилий тузилмасига мувофиқ Конференция ушбу палатанинг юқори органи, Бошқарув – ижро этувчи органи, Тафтиш комиссияси – молиявий назорат органи ҳисобланади. Нотариал палатанинг раиси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Нотариал палатанинг Конференцияси томонидан сайланган бошқарув аъзолари орасидан 5 йил муддатга сайланади.

 

Маълумот учун: 2019 йил 28 декабрда ўтказилган муассислар йиғилишида Нотариал палатани ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган, Устави тасдиқланган, Бошқарув ва Тафтиш комиссияси аъзолари сайланган. Самарқанддаги 8-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Дилшод Рустамович Ашуров палата раиси этиб сайланган.  

 

Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда Нотариал палатани давлат рўйхатидан ўтказади. Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари тегишли адлия органларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Моддий-техник базани шакллантириш, шу жумладан компьютер ва нусха кўчириш техникаси, алоқа воситалари, мебель ҳамда автотранспорт воситалари сотиб олиш учун маблағлар ҳудудий адлия органлари шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланадиган қуйидагилар ҳисобидан ажратилади:

♦ Вазирлар Маҳкамасининг 2.06.2010 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2010 йил 5 майдаги ПФ-4216-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 104-сон қарорининг ­2-бандига мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божининг суммалари;

♦ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида низомнинг 10-банди 10- кичик бандига мувофиқ ундириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўлов.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Анвар Иркаходжаев.

 

Прочитано: 1008 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика