Ўзбекистон фуқароси 90-йиллар охирида Россияга кетиб, у ернинг фуқаролигини олган, бироқ 13 йилдирки Ўзбекистонда яшайди. У Ўзбекистон паспортига эгалиги ва Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаганлиги сабабли, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон фуқароси ҳисобланишини таъкидлайди.
Шундай бўлиши мумкинми?
– Ўзбекистон қонун ҳужжатларида иккита фуқароликка эга бўлиш назарда тутилмаган.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин:
1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;
2) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса;
4) агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;
5) агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса.
Эслатиб ўтамиз, чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида 30 кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар органларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.