Рўйхатнинг 5-бандига биноан 2012 йилда Тошкентда прописка қилинганман. 2019 йил 23 сентябрда прописка қилиниш асосимни (1-бандга) ўзгартиришди.
Пойтахтдаги хусусий турар жойимга 1941 ва 1945 йилда туғилган, ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида прописка қилинган ва у ерда доимий яшайдиган пенсионер кекса ота-онамни прописка қилсам бўладими?
Бунинг иложи бўлса, давлат органларига мурожаат қилиш тартиб-таомилларини тушунтириб беришингизни сўрайман.
– Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида доимий прописка қилинади (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 4-банди).
Бунинг учун Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МваФРБ) қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
♦ белгиланган шаклдаги ариза;
♦ паспорт;
♦ контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
♦ уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
♦ уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
♦ никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.