Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Фармацевтика маҳсулотларини «сирли харидор» мониторинг қилади
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (30.12.2019 йилдаги ПҚ-4554-сон) янги тартиб белгиланган.
Ушбу тартибга мувофиқ 2020 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади ва унда қуйидагилар кўзда тутилади:
♦ аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи камида 10 та референт мамлакатларни танлаш;
♦ дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда айни бир ишлаб чиқарувчининг ҳудди шундай фаол моддага эга дори воситасининг ишлаб чиқарувчи мамлакатда, референт мамлакатларда ва Ўзбекистон Республикасида сотиш нархларини рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси эгаси ёки унинг ишончли вакили томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилиши;
♦ дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун белгиланган энг юқори нархини қайд этиш ва бошқалар.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
♦ 2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси;
♦ 2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари дастури.
2020 йил 1 июлдан бошлаб «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институти жорий этилади. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
♦ тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш ва дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;
♦ маълумот тўплаш ва мониторинг қилиш;
♦ маълумот тўплаш ва мониторинг қилишга тегишли ваколатли органлар ходимларини ҳам, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахсларни ҳам жалб этиш ва бошқалар.
Агентлик 2020 йил 1 мартга қадар референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартибини ва референт мамлакатлар рўйхатини тасдиқлайди. 1 июлга қадар Асосий дори воситалари рўйхатига киритилган дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун чекланган нархлар қайд этилишини таъминлайди.
2020 йил 1 июлга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қуйидагилар тасдиқланади:
♦ мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ушбу талабни бузган тиббиёт ташкилотлари ходимларига нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари назарда тутилган ҳолда, Дори воситаларининг халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом;
♦ «Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институтини жорий этиш доирасидаги тадбирларни ташкил этиш тартиби;
♦ 2020 йил 1 июлга қадар белгиланган тартибда Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган дори воситаларининг ўзаро алмашинуви тўғрисидаги низом.
Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 1 майга қадар Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қуйидагиларни назарда тутувчи Қонун лойиҳасини киритиш топширилган:
♦ дори воситаларига рецептлар ёзиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузганлик учун тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этиш;
♦ тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатлар олишига тақиқ қўйиш юзасидан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 1.01.2020 йилдан кучга кирди.
Константин Мосин.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар танлов асосида берилади
Бу Президентнинг 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4575-сон қарорида назарда тутилган (қарор матни «Норма маслаҳатчи»нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:
♦ 1 октябрдан – аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилади. 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмлари босқичма-босқич камайтирилади, шу жумладан бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмлари жорий этилади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш бўйича механизм белгиланади;
♦ 1 октябргача пахта хом ашёси нархларини шакллантириш, харид қилиш ва сотишнинг бозор тамойилларига ўтишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Бозор конъюнктураси таҳлили ва агротехника тадбирларини ўтказиш харажатларнинг прогноз ҳисоб-китоби асосида пахта-тўқимачилик кластерлари учун фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг шартларини аниқлашда минимал нархлар белгиланади. 2021 йил ҳосилидан бошлаб янги тартиб амал қилади;
♦ 1 мартдан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этилади;
♦ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг кредитлаш ва суғурталаш механизми қайта кўриб чиқилади. Хусусан, кредит тақдим қилишда «омборхона гувоҳномалари», бошқа молиявий воситалар ва ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқидан гаров таъминоти сифатида фойдаланилади, шунингдек қишлоқ хўжалигида хатарларни суғурталашнинг янги турлари жорий этилади;
♦ 1 апрелдан Тошкент вилояти Қибрай ва Тошкент туманлари, Фарғона вилояти Фарғона ва Олтиариқ туманлари ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб ва Нишон туманларида тажриба ўтказилади. Жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади. Жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.
Қарорда стратегиянинг бошқа йўналишлари бўйича 2020 йилда режалаштирилган тадбирлар ҳам акс эттирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.01.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.