МЧЖ шаклидаги «А» компаниясининг икки нафар таъсисчиси бор – ЎзР резиденти («Б» компанияси) ва хорижий компания. Хорижий компания «А» компаниясининг ўз эҳтиёжлари учун товарларни (мебель, қурилиш материаллари ва ҳ.к.) импорт қилган ҳолда устав фондида ўз улушини шакллантирмоқчи. Мазкур операция қуйидаги тарзда амалга оширилади: уч томонлама шартнома тузилади, унда «А» компанияси товар олувчи, таъсисчи тўловчи бўлади, «Б» компанияси эса товар етказиб беради.
Мазкур битимни тўғри расмийлаштириш учун ЎзР божхона органларига қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?
– Мурожаатингизга қараганда, МЧЖ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва ЎзР қонун ҳужжатларида ўрнатилган мезонларга жавоб берувчи хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонага ўхшайди. Агар шундай бўлса, унга нисбатан ўз эҳтиёжлари учун мол-мулкни олиб келишда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона божларини тўлаш бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. Бунинг учун эркин муомала учун чиқариш божхона режимига расмийлаштирилган пайтда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификат зарур бўлади.
Сертификатни олиш тартиб-таомили Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг16.05.2011 йилдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган.
Маълумот учун. Ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификатнинг йўқлиги ариза берувчи томонидан ЎзР қонун ҳужжатларида назарда тутилган умумий тартибда амалга ошириладиган олиб келишни чеклашга асос ҳисобланмайди.
Ҳужжат тили билан
Ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификат – маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишнинг технологик жараёнида фойдаланиш учун олиб келинаётган мол-мулкнинг ишлатилишини тасдиқлайдиган ҳужжат, шу жумладан электрон шаклда.
Сертификатдан ташқари, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак бўлади (Рўйхат, ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган):
● божхона юк декларацияси;
● транспорт ҳужжатлари, ўров варағи бундан мустасно;
● товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).
Давлат божхона хизматининг ҳудудий органлари ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона тўловлари тўламасдан мол-мулк олиб келган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар реестрини ҳамда берилган имтиёзларнинг ҳисобини юритади.
Бундай мол-мулк эркин муомалага чиқарилгандан кейин ҳудудий органлар ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунигача ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига (ариза берувчининг тегишлилиги бўйича) ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган мол-мулк тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Солиқ бошқармалари, ўз навбатида, маълумот олинган санадан бошлаб 3 кун муддатда маълумотларни ариза берувчининг тегишлилиги бўйича туман давлат солиқ инспекцияларига юборади.
Маълумот учун. Имтиёзлар қўлланган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинган мол-мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органи аниқланган ҳолатлар тўғрисида ҳужжатлар тузади ва 3 иш куни мобайнида уларни давлат божхона хизматининг тегишли ҳудудий органларига юборади. Ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинган ва бошқа мақсадларда фойдаланилган (қайта сотиш, бартер бўйича айирбошлаш ва ҳоказо) мол-мулкка божхона тўловлари бўйича имтиёзлар суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда давлат бюджетига ундирилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.