Чет эллик мураббий 2019 йилнинг 5 январидан ЎзР ҳудудида фаолиятини бошлади. 1 ноябргача 20% миқдорида ЖШДС ушланган. 1 ноябрдан кейин у мамлакат ҳудудида 183 кундан ортиқ турганлиги муносабати билан ЖШДСни 12%лик ставка бўйича ҳисоблаш зарур.
1 ноябрдан бошлаб у қандай ҳисобланади – ортиб борувчи якун биланми ёки ҳар ойдами?
– ЎзР ҳудудида чет эллик жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинган ҳолда, Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солинади.
Чет элликнинг даромадларига солиқ солиш Ўзбекистон ва чет эллик резиденти бўлган давлат ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим мавжудлигига боғлиқдир.
Ўзбекистон резиденти мақомини олган пайтдан бошлаб чет эллик жисмоний шахснинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларига умумбелгиланган тартибда солиқ солинади (Солиқ кодексининг 194-моддаси).
ЖШДС бўйича солиқ даври бўлиб календарь йил ҳисобланади. Солиқ даври у тугаганидан кейин солиқ солинадиган база аниқланадиган ҳамда солиқ суммаси ҳисоблаб чиқариладиган даврдир (Солиқ кодексининг 29, 183-моддалари).
Сиз тўлов манбаи сифатида ЖШДСни резидентлар учун белгиланган ставка бўйича жорий йилнинг бошидан ортиб борувчи якун билан қайта ҳисоблашингиз зарур.
Лекин бу борада экспертларнинг бошқача фикри ҳам мавжуд: ЖШДСни 2019 йилнинг 5 январидан бошлаб 12%лик ставка бўйича қайта ҳисоблашга ҳожат йўқ. Фақат Ўзбекистон резиденти мақоми олинган кундан бошлаб олинган даромадларга 12%лик ставкада ЖШДС солиниши керак. Йил якунлари бўйича чет эллик шахс солиқ декларациясини топшириши керак ва айнан солиқ органлари унга ортиқча ушланган ЖШДСни қайтарадилар.
Наргиза АЛИМОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.