Корхона бошқа корхона билан топшириқ шартномасини тузди. Ҳар икки томон умумбелгиланган солиқларни тўлайди.
1. Томонлар ишончли вакилга ҳақ тўлашни топшириқ шартномасида назарда тутишлари шартми?
2. Топшириқ шартномасида ҳақ тўлаш назарда тутилмаганда солиқ оқибатлари қандай бўлади?
1 |
Топшириқ шартномасида ишончли вакилга ҳақ тўлаш назарда тутилиши ёки тутилмаслиги ҳам мумкин.
Агар қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, топшириқ берувчи ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт.
Ҳақ тўлаш назарда тутилган топшириқ шартномасида тўланадиган ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш ҳақидаги шартлар бўлмаса, ҳақ шунга ўхшаш хизматлар учун одатда қабул қилинган нархлар бўйича белгиланади ва топшириқ бажарилганидан кейин тўланади (ФКнинг 818-моддаси).
Шунингдек шартномада хизмат бепул асосда кўрсатилаётганини назарда тутиш ҳам мумкин.
2 |
Ишончли вакил томонидан хизматлар бепул кўрсатилганда солиқ солиш мақсадларида:
● ишончли вакилда:
фойда солиғини ҳисоблашда хизматлар кўрсатишдан олинган тушум уларнинг таннархидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 130-моддаси 11-қисми);
ҚҚС бўйича солиқ солиш базаси хизматларнинг таннархидан келиб чиқиб белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 2-қисми);
● топшириқ берувчида фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритиладиган бошқа даромадлар юзага келади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-қисми 4-банди, 135-моддаси).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.